Ўзбекистон партиялари 18 декабрь куни Тошкент метрополитени Юнусобод йўлининг янги қурилаётган қисмида ер ўпирилиши оқибатида қурбон бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирди. Улар, шунингдек, содир бўлган воқеани яхшилаб ўрганиш ва айбдорларни жавобгарликка тортишни талаб қилди. Ҳозирда ҳодиса оқибатида олти киши ҳалок бўлганлиги маълум.
«Ушбу фалокатда яқинларини йўқотган барча ватандошларнинг изтироб ва қайғуларига шерикмиз, чин юракдан ҳамдардлик билдирамиз», — дейилади ЎзЛиДеП хабарида.
«Ушбу ҳолат юзасидан ташкил этилган ҳукумат комиссияси фожиага олиб келган сабабларни батафсил ўрганиши ва холисона текширишига умид қиламиз», — дея таъкидланган хабарда.
ХДП ҳукуматдан, мутасадди вазирлик ва идоралар, қурилиш ва пудратчи ташкилотлар раҳбарларидан «ишчи ходимларнинг ҳаёти, қонуний ҳақ-ҳуқуқларини муҳофаза қилиш билан боғлиқ ўта долзарб масалаларга катта масъулият ва чуқур жавобгарлик ҳисси билан ёндашиш»ни талаб қилди.«Бугун мамлакатимизнинг барча ҳудудларида минглаб қурилиш лойиҳалари амалга оширилмоқда. Аччиқ ҳақиқатни тан олишимиз керакки, уларнинг аксариятида юз минглаб юртдошларимиз, айниқса, ёшлар норасмий ёлланма ишчи сифатида ҳақсиз, ҳуқуқсиз меҳнат қилмоқдалар», — дейилган ХДП муносабатида.
Партия, шунингдек, воқеа «айбдорлари қонун олдида жавоб бериши шарт»лигини таъкидлаган.
Мавзуга доир: Бош прокуратура Юнусобод метроси қурилишидаги фожиа юзасидан жиноят иши очди. Айбдорлар кўпи билан 5 йилгача қамалиши мумкин
Бугун, 19 декабрь куни «Янги Ўзбекистон — янги сайловлар» мунозаралар клубининг иштирокчилари ҳалок бўлган метро қурувчиларининг хотирасини бир дақиқалик сукут сақлади. «Gazeta.uz»нинг ёзишича, бундай ташаббус билан «Human.uz» сайти журналисти Мавжуда Мирзаева чиққан.
Мавзуга доир: Юнусободдаги фожиада ҳалок бўлган олти ишчининг оилаларига 100 млн сўмдан компенсация берилди
Аввалроқ Мусулмонлар идораси Юнусободдаги фожиа оқибатида ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирган эди.
Изоҳ (0)