Қашқадарёда инсон ўлими билан якунланган йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда ИИВ Тергов департаменти хабар берди.
15 декабрь куни тахминан соат 22:30 ларда 25 ёшли Ғ.А. бошқарувидаги Matiz русумли автомашинасини А-380 «Ғузор—Қарши» автомобиль йўли бўйлаб Қарши шаҳри томонга қараб бошқариб келаётган вақтида йўлнинг Ғузор тумани «Машъал» қишлоғи ҳудудидан ўтувчи 17-километрида бошқарувни йўқотиши оқибатида йўлдан чиқиб кетган. Оқибатда йўлнинг ўнг томон четидаги темир йўлни ҳимоя қилувчи панжарага бориб урилиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир қилган.
ЙТҲ оқибатида автомашина ҳайдовчиси Ғ.А. ҳамда йўловчилари 31 ёшли Ш.Б. ва 32 ёшли Р.Х.лар воқеа жойида ҳалок бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ғузор тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а»банди (Одамлар ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жинояти иши қўзғатилган. Ҳозирда ушбу жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)