Қозоқ давлат юридик университети Ўзбекистонда ўрта мактабни тамомлаган 10 нафар битирувчига грант ажратди. Бу ҳақда «Kazinform» хабар берди.
Қозоқ давлат юридик университети бошқарма раиси Талғат Нарикбаев университет ўзбекистонлик ўрта мактаб битирувчиларига 10 та грант ва ўқиш пайтидаги турар жой ажратишини маълум қилган. У бу ҳақда Scopus Award—2019 мукофотини тақдим этиш маросимида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ҳамда Ўзбекистон халқ таълими вазири Шерзод Шерматов билан учрашув пайтида айтиб ўтган.
Хабар берилишича, Талғат Нарикбаев Тошкентга ташрифи чоғида Тошкент давлат юридик университети ректори Раҳим Ҳакимов билан ҳамкорлик меморандумини имзолаган.
Таъкидланишича, Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев Тошкентда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувида Қозоғистоннинг энг яхши олий таълим муассасаларидан минтақадаги ҳар бир мамлакатга 10 тадан грант ажратишни таклиф қилган.
Изоҳ (0)