Самарқанд вилояти Пайариқ туманида ўз хонадонида пул эвазига ўзгаларнинг жинсий алоқа қилиши учун шароит яратиб берган 26 ёшли Алишер Нодиров исмли фуқарога (исм-фамилия ўзгартирилган) нисбатан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Пайариқ тумани суди судьясига таяниб, Zarnews хабар берди.
Алишер ўзи танимаган, тадбирга жалб қилинган Тўра Болиев исмли шахсга таниши билан жинсий алоқа қилиши учун 50 минг сўмга хонадонини бериб турган. Пулларни олаётган вақтда Пайариқ тумани ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан қўшмачи йигит қўлга олинган.
Аниқланишича, Алишер Нодиров шу уйда 2000 йилдан буён истиқомат қилиб келади, ота-онаси вафот этган. У суд мажлисида қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, пул зарур бўлганлиги сабабли пулга муҳтож бўлиб, нотаниш қиз ва йигитга номақбул ишлари учун яшаш уйида шароит яратиб берганлигини, келгусида бу каби жиноятга асло қўл урмаслигини ҳақида кўрсатма берган.
Суд фуқаровий даъво мавжуд эмаслигини эътиборга олиб, унга 250 соат мажбурий жамоат ишлари жазосини тайинлади.
Тайинланган мажбурий жамоат ишлари жазоси Пайариқ туман ИИО пробация гуруҳи томонидан белгилаб берадиган жойларда ўташ белгиланди.
Изоҳ (0)