Африкадаги энг ёши улуғ диктаторлардан бири Роберт Мугабе ҳокимиятдан кетганига қарийб бир йил бўлди. Шу давр оралиғида Зимбабведа қандай ўзгаришлар содир бўлди? Роберт Мугабе зимбабвеликлар учун ким эди? Бу саволларга «Дарё» колумнисти Жаҳонгир Эргашев жавоб беради.
Зимбабве иқтисодиёти турғунликни бошидан кечираётганди. Диктатор Мугабенинг вафотини кутаётган мухолифат бу сафар «Қора доҳий» ҳокимиятдан кетади ва мангулик салатанатига йўл олади дея умид қилаётганди. Аммо ёши бир жойга бориб қолган доҳий, мухолифлари бахтига қарши, давлат тизгини ҳамон унинг қўлида эканини исботлаш мақсадида Зимбабвенинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ҳаётига дахл қилувчи пишангларни юритаётганини кўрсатиб қўйди.
Роберт Габриэль Мугабе: ҳокимият сари йўл
Роберт Габриэль Мугабе 1924 йил 21 февраль санасида Солсбери – айни пайтдаги Хараре шаҳрида яқинидаги Кутане қишлоғида деҳқон оиласида дунёга келди. Ўша кезларда Зимбабве Жанубий Родезия деб юритиларди. У Буюк Британия ҳукмронлиги остида эди.
Ўрта мактабни тамомлагач, бошланғич синфларга муаллимлик қила бошлади. Жанубий Африкадаги Форт Хер университетида таҳсил олди. Кейинчалик Лондон университетига ўқишга кирди ва иқтисодиёт йўналишида бакалавр димпломини қўлга киритди.
Фаолиятини ўқитувчиликдан бошлаган Мугабе секин-асталик билан, аммо изчил равишда ҳокимият вакиллари ўртасида назарга тушиб борди.
1963 йилда Зимбабве Африка халқлари иттифоқи ташкилотининг бош котиби лавозимига сайланади. Жанубий Родезиядаги урушлар давомида иттифоқ раиси Ндабанинги Ситолени раҳбарлик лавозимидан четлаштирди ва ташкилот раҳнамосига айланади.
1980 йилда Мугабе мамлакат раҳбарлигига ўтказилган сайловда ғолиб бўлди ва 1980 йил 18 апрель санасида мустақил Зимбабве давлатининг бош вазири этиб сайланди.
1987 йилда Мугабе бош вазирлик лавозимига барҳам берди ва ўзинини Зимбабве президенти деб эълон қилди.
Ташқи ва ички сиёсат
Мугабе коммунистик мафкура асосига қурилган давлатлар билан ҳамкорлик қилди. Шимолий Корея, Хитой билан яқин алоқалар боғлашга уринди.
Хавфсизлик тизимини кучайтириш мақсадида Шимолий Корея раҳбари Ким Сен Ир билан келишув имзолади. Шимолий Корея хавфсизлик хизмати ходимларини дўстона Зимбабве махсус хизматлари ходимлари малакасини оширишга юборди.
Ички сиёсатда Мугабе қора танлилар устунлиги сиёсатини қўллаб-қувватлади. Шу сиёсати учун Африка қитъаси раҳбарлари орасида ҳурмат-эътиборга сазовор бўлди.
Ҳокимият тепасида қолар экан, аввал мухолифат қаршилигини бостирди. 1990 йиллардан бошлаб Willing seller, willing buyer дастурини юрита бошлади. Бу сиёсатнинг асосий мақсади Зимбабведаги оқ танли мулкдорлар ерини белгиланган қийматда ўз истагига кўра қора танли мулкдорларга сотишига кўндириш эди. Бу сиёсат остида қора ирқ вакиллари Зимбабведа юқори мавқега эга эканини кўрсатиб қўймоқчи бўлди. Бу сиёсат натижасида Буюк Британия ва Мугабе ҳукумати орасига совуқлик тушди. Минглаб оқ танли ер эгалари Зимбабведан қочиб кета бошлади.
Мамлакат иқтисодиётида тушкунлик ҳолати бошланди. Гиперинфляция оқибатида дори-дармон савдоси тўхтаб қолди, шифохонлар ишламай қолди, ишсизлик кескин ўса бошлади. Марказий банк маҳаллий доллар қийматини пастлатди. Бу эса қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарилишини 70 фоизга пастлатди. Ернинг учдан икки қисми эгасиз қолгани мулкдорларнинг янги вакиллари ерга қандай ишлов бериш кераклигини билмаслигини кўрсатиб қўйди. Мамлакат иқтисодиёти банкротлик ёқасига келиб қолди. Мугабе бу қийинчиликларга гўёки неоимпералистлар бошида турган Буюк Британияни айблашдан бошқа жавоб топиб бера олмади.
Амалдаги ҳокимиятдан-да мудҳишроқ мухолифат
Зимбабведа Мугабе ҳокимиятига қарши тура оладиган ягона мухолиф партия сифатида «Демократик ислоҳотлар ҳаракати» эътироф этилган, Ғарб эса уни ўзгариш ясай оладиган ягона партия дея атаётган эди. Аммо Морган Свангираининг «Демократик ислоҳотлар ҳаракати» зимбабвеликларнинг умид-истакларини амалга ошира олмаслиги ошкор бўлиб қолди.
2008 йилги сайловнинг биринчи турида Свангираи Мугабени овозлар бўйича ортда қолдирди. Лекин тез орада Свангираи тарафдорлари таъқибга олиниши оқибатида Свангираи сайловнинг иккинчи турида қатнашишдан бош тортди. Мугабе 85,5 фоиз овоз эвазига яна ҳокимиятда қоладиган бўлди.
Жанубий Африка Республикасининг мамлакатда юзага келган сиёсий инқирознинг олдини олиш борасидаги ёрдами билан Мугабе ва Свангираи келишувга эришди. «Демократик ислоҳотлар тарафдори» етакчиси Зимбабве бош вазирлиги мақомини қўлга киритди.
Свангираи бош вазирликда қолар экан, иккиюзламачи сиёсатни дастак қилди. Мугабени қаноатлантириш мақсадида унинг яккаҳокимлигини кучайтиришга хизмат қилиш билан бир вақтда мухолиф партия етакчиси сифатида ваколати берган ҳуқуқларини Ғарбга сота бошлади. Бу иккиюзламачиликнинг энг олий даражадаги ифодаси эди. Свангираи юксак ғоялар билан ваъзхонлик қилса-да, ваколатидан фойдаланиб давлат мансабларига номзодлардан товламачилик йўли билан пул оларди. Бу ҳаракати билан у Мугабедан қолишмаслигини исботлаб қўйди. Халқ эса норози эди.
2017 йили зимбабвеликлар «мухолифат» кирдикорларидан хабардор бўлгач, Свангираи сайловда қатнашмаслиги билан Мугабе ғалаба қозонишига ҳисса қўшди.
Лакост гуруҳи G-40 ҳаракатига қарши
Мугабе 93 ёшни қаршилади. У простата саратонидан азият чекар, бироқ фикрлаш аниқлигини унутмаган эди. У тез-тез Сингапурга бориб, муолажа олиб қайтарди. Оғир дардга чалингани аниқ бўлган вазиятда ҳокимият кимга ўтиши Зимбабве сиёсий доиралари учун энг оғриқли ва долзарб мавзу бўлиб қолди.
Шу вазиятда Грейс Мугабе раҳнамолиги остидаги G-40 ҳаракати сиёсий маслакларини илгари сура бошлади. G-40 – Зимбабведа 40 ёшга тўлган авлод вакиллари уюшмаси. Грейс Мугабенинг бу мақсадини 40 ёш атрофидаги давлат ишчилари қўллаб-қувватлай бошлади.
Бошқа тарафдан Лакост номини олган Эмерсон Мнангагва раҳбарлиги остидаги гуруҳ биринчи хонимга рақобатчи бўлди. Мнангагва Жанубий Родезиядаги партизанлик уруши фахрийси сифатида етарли нуфузга эга эди.
Икки томон ҳаракатларини кузатаётган, энг қудратли куч бўлмиш армия эса бетарафлик сақлаб турарди. Лекин бетарафлик узоқ давом этмади.
Бош штаб раҳбари Константин Чивенга миллий озодлик ҳаракатида иштирок этмаган номзодни қўллаб-қувватламаслиги ҳақида баёнот берди. Бу мамлакатда янада иккиланиш ва хавотир ҳиссини кучайтирди. Мугабе эса қийин вазиятда «бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил» сиёсатини амалга ошира бошлади.
Константин Мнангагва зимбабвеликларнинг орзуларини амалга ошира оладими?
2017 йилнинг 19 ноябрида қуролли кучлар қўмондонлиги Мугабе истеъфо беришини талаб қилди. Бошланиб кетган норозилик намойишларини қўмондонлик қўллаб-қувватлади. Аммо Мугабе ҳокимиятдан воз кечишни истамаётган эди.
Норозилик намойишлари авжига чиқаётганига гувоҳ бўлган президент ахийри парламентга истеъфо бергани ҳақида мактуб йўллайди. Парламент 24 ноябрь куни Эмерсон Манангагвани қасамёдга келтирди.
Мнангагва Зимбабве халқи учун янги давр бошланганини эълон қилди. Ислоҳотлар амалга оширилиши борасида ваъдалар берди. Аммо бу ваъдалар ёлғон эди. 2018 йилги сайловда демократик тамойилларга риоя этилмади. Янги раҳбар эски ҳокимият удумларидан фойдалана бошлади.
Ёқилғи бўҳрони оқибатида минглаб одамлар Хараре кўчаларига намойишга чиқди. Қуролли кучлар намойишни куч ишлатиб бостирди. Намойишнинг кўплаб қатнашчиларини қамоққа олди, ўлдирди.
Зимбабвеликлар демократик жамият қуриш учун Мугабени ҳокимиятдан четлатгани самара бермади. Иқтисодиёт издан чиқди. Халқаро валюта жамғарма ҳисоб-китобларига қараганда, инфляция даражаси 300 фоизни ташкил этмоқда.
Қурғоқчилик натижасида очлик ҳукм сурмоқда. БМТнинг Озиқ-овқат дастури бўлими экспертлари тахминларига кўра, 2020 йилга бориб зимбабвеликларнинг 6 миллионга яқини – мамлакат аҳолисининг учдан бир қисми очликдан азият чекади.
Соғлиқни сақлаш ва халқ таълими тизимлари ҳам издан чиқди. Шифокорлар гиперинфляция оқибатида зўрға кун кечирмоқда. Кўплари ишдан кетишга мажбур бўлмоқда. Ўқитувчилар эса касаба уюшмалари иттифоқи талаби билан ҳафтасига икки кун ишлаш тизимига ўтиб кетди.
Идаи циклони Зимбабве ва қўшни давлатларга қурғоқчилик олиб келди. Мамлакат аҳолиси ичимлик суви ва озиқ-овқат етишмаслиги туфайли очликни бошидан кечирмоқда.
Мамлакатда клептократик тартиб ўрнатаётган янги раҳбар эса халқига «сабрли, бирдамли» бўлишдан бошқа чора таклиф эта олмаяпти.
Яқин истиқболда Зимбабве ҳозиргидан-да ёмонроқ сиёсий талотўп исканжасига тушиб қолиши ҳеч гапмас. Бошқа соҳалар қатори қуролли кучлар ходимларига ҳам кун кўриш учун маош керак, лекин мамлакатда маош масаласи жуда қийин. Инқироз қуролли кучларни яна тараф алмаштиришга мажбур қилиши мумкин.
Жаҳонгир Эргашев
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.
Изоҳ (0)