Бугун, 4 декабрь куни ижтимоий тармоқларда Термиз шаҳрида яшовчи фуқаро Хурсанд Кўчаева томонидан ҳокимлик унинг номзодини депутатликка номзодлар рўйхатидан ўчирганлиги тўғрисида хабар жойлаштирилди. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ушбу хабар юзасидан муносабат билдирди.
Вилоят матбуот хизматининг билдиришича, янги қабул қилинган Ўзбекистон Сайлов кодексига кўра, эндиликда фақат сиёсий партияларгина Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзод кўрсатиш ҳуқуқига эга.
Маҳаллий ҳокимликлар сайловга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш жараёнида фақат ташкилий жиҳатдан кўмаклашади холос.
«Шу нуқтаи назардан Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов Халқ депутатлари Термиз шаҳар Кенгаши депутатлигига номзодлар тўғрисида маълумот сўрамаган, номзод кўрсатиш жараёнига умуман аралашмаган», — дейилади хабарда.
Шунингдек, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Тўра Боболовнинг Хурсанд Кўчаева номзодини депутатликка номзодлар рўйхатидан ўчирганлиги тўғрисидаги хабарни рад этиб, сайловга тайёргарлик кўриш жараёнида Сайлов кодексида назарда тутилган тамойилларга оғишмай амал қилиш чора-тадбирлари белгиланганини маълум қилган.
Изоҳ (0)