1 декабрь куни Тошкент вилояти Қибрай туманида бир оиланинг 16 нафар аъзоси ис газидан заҳарланиб шифохонага ётқизилгани, жабрланганларнинг 11 нафари болалар эканлиги ҳақида хабар берилган эди. Бош прокуратура мазкур ҳолат юзасидан баёнот берди.
Қибрай тумани тез тиббий ёрдам хизматидан «Алишеробод» МФЙ Эрта тонг кўчаси 16-уйда яшовчи фуқаро Ғ.Бердиевнинг оиласи ис газидан заҳарлангани ҳақида хабар келиб тушган.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази маълумотномасига кўра, Ғ.Бердиевнинг 7 нафар оила аъзоларида «ис газидан ўткир заҳарланишнинг енгил даражаси» ташхиси ва қонларидан 9-14 фоиз даражада ис гази миқдори аниқланиб, уларга токсикология бўлими томонидан тиббий ёрдам кўрсатилган.
Шунингдек, фуқаро Ғ.Бердиевнинг қолган 9 нафар оила аъзоларининг қонидан 6—8 фоиз даражада ис гази миқдори аниқланган бўлса-да, ўткир заҳарланиш ташхиси қўйилмаган.
Барча беморларга тегишли тез-тиббий ёрдам кўрсатилган ва яшаш манзилига амбулатор даволаниш учун қайтарилган.
Мазкур ҳолат бўйича Қибрай туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.
Аввалроқ «Ҳудудгазтаъминот» АЖ ушбу оммавий заҳарланиш ҳолати юзасидан маълумотлар тақдим этган эди. Хабарда айтилишича, 7 фуқаро, жумладан, икки аёл ва 5 нафар бола озиқ-овқатдан заҳарланиш ҳолати билан касалхонага ётқизилган.
Изоҳ (0)