Тошкент метрополитени Юнусобод йўналишининг иккинчи босқичини қуриш ишлари доирасида ер ости ўтиш йўли барпо этилмоқда. Бу ҳақда «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ маълум қилди.
Шу муносабат билан қурилиш давом этаётган ҳудуддаги Аҳмад Дониш кўчасининг Янги шаҳар кўчаси кесишмаси орасидаги (Юнусобод бозори ёнида) 3 томонлама ҳаракатланиш йўли ҳамда Аҳмад Дониш кўчасининг («Уч бақалоқ» кафесидан) Юнус ота кўчалари кесишмаси орасидаги йўллар 2019 йил 12 декабрга қадар вақтинча ёпилади.
Мазкур ҳудудлардан ўтувчи 5, 52, 60, 72, 82, 91, 96, 97, 140, 149, 152, 190-сонли йўналишлардаги автобусларнинг ҳаракат йўли вақтинча йўловчиларга қулай ва хавфсиз бўлган ёндош кўчалар орқали ўтказилади.
«Йўналишларнинг ўзгартирилиши муносабати билан ҳаракат хавфсизлиги ва йўловчилар ташиш қоидаларига қатъий риоя этиш юзасидан ҳайдовчи ва чиптачилар ўртасида навбатдан ташқари йўриқномалар ўтказилди», — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)