2016 йилнинг 28 ноябри LaMia Flight 2933 номли рейс Боливиядан Колумбия томон учмоқда. Самолёт бортида Копа Судамерикано финалига кетаётган «Шапекоэнсе» футболчилари ва мураббийлар штаби бор эди. Бу клуб учун сўнгги 44 йил ичидаги илк финал эди. Самолёт Колумбия аэропортига яқинлашиб қолганида ҳалокатга учради. 77 йўловчидан фақат олти киши тирик қолди, улар орасида уч нафар футболчи ҳам бор эди.
Элио Нето
Шундай воқеа содир бўлиши тушимга кирганди. Копа Судамерикано финалида иштирок этиш учун Колумбияга учиб кетишимиздан бир неча кун аввал даҳшатли туш кўрдим. Уйқудан уйғонганимда турмуш ўртоғимга авиаҳалокат тушимга кирганини айтдим. Кучли ёмғир пайти учаётгандик. Самолётнинг двигатели ўчиб қолди. Биз йиқилдик, бироқ мен негадир тирик қолдим ва самолёт парчалари ичидан чиқишга муваффақ бўлдим. Мен тепаликда эканимизни тушуниб етдим, бироқ атроф жуда қоронғи эди. Эсимда қолгани фақат шу.
Парвоз куни ўша қўрқинчли туш ҳақидаги ўйларни хаёлимдан чиқара олмадим. Туш шу даражада ҳақиқатга яқин эдики, самолётга ўтиришимиз билан турмуш ўртоғимга хабар жўнатдим. Ундан Худога илтижо қилишини сўрадим. Мен бу туш ҳақиқатга айланишига ишонгим келмасди. Бироқ мен учун дуода бўлишларини сўрадим.
Шундан кейин тушимда рўй берган воқеаларнинг гувоҳига айландим.
Двигатель ўчди.
Чироқ ўчди.
Биз қуладик.
Ва бу ортиқ туш эмас эди...
Жаксон Фолманн
Парвозга шайланаётган пайтимизда барча шод эди: суҳбатлашардик, қарта ўйнардик ва мусиқа тинглардик.
Алан Рушел
Парвоздан олдин қарта орқали турли трюклар кўрсатар эдим, мен ҳар доим бу ишни яхши кўрганман. Биз кулишардик ва қўшиқ тинглардик. «Шапекоэнсе» футболчилари Кубокда қандай натижа кўрсатишидан қатъи назар тарих яратиб бўлганди. Биз кичик бир шаҳарчадан бўлган клуб эдик ва Копа Судамерикано финалига қадар етиб боргандик. Биз ҳақиқатан бахтли эдик.
Жаксон Фолманн
Ўша воқеага қадар бортда чироқ ўчди, парвоз секин кетаётганди. Бирданига ҳаммаёқ жимжит бўлиб қолди, барча ўтирарди. Биз нима бўлаётганини билишни истардик, бироқ стюардессалар ҳеч нарса айтмасди. Кейин борт кузатувчиси келиб, камарларни тақишимизни ва самолёт қўнишини айтди.
Жуда сокин эди. Учувчилар бизга ҳеч нарсани хабар қилмади. Кейин эса қулашни бошладик.
Ҳамма ҳам бундай онларни бошдан кечирмаган. Бир сония аввал дўстларингиз билан орзуларни амалга ошириш учун кетаётган эдингиз, ҳозир эса самолёт двигатели ишлашдан тўхтади ва сиз қулаяпсиз.
Менда ибодат қилиш ва Худодан ўзи асрашини сўрашга вақт бўлди. Самолёт ичида сиз ҳеч нарса қила олмайсиз. Қоча олмайсиз, йиғлай олмайсиз, ёрдам сўрай олмайсиз, нега бундай бўлаётганига жавоб ололмайсиз. Қила оладиган ягон ишингиз — бу илтижо қилиш ва тақдирингизни яратганнинг қўлига топшириш.
Алан Рушел
Баъзида ўша онларни эслашга ҳаракат қиламан, бироқ буни уддалай олмайман. Ўйлашимча, миям бу хотираларни қулфлаб қўймоқда.
Элио Нето
Мен самолётдаги сўнгги сўзларимни эслайман. Мен фақат ва фақат Худога илтижо қилардим, бор овозим билан илтижо қилардим. Ерга қулашимизга бир неча сония қолганида шундай дедим: «Исо, мен Инжилда жуда кўплаб мўъжизалар қилганингни ўқиганман. Илтимос, бизга раҳм қил. Биз ҳақимизда қайғур. Бизга ёрдам бер. Энди сен бизнинг учувчимизсан. Бизнинг самолётга ёрдам бер. Бизга шафқат қил. Илтимос, Исо, бизга ёрдам бер».
Ҳатто Буюк Яратганга илтижо қилар эканман, мен ҳалокатга маҳкум эканимизни англаб турардим. Менинг сўнгги ва ягона чорам илтижо қилиш эди.
Жаксон Фоллманн
Кўпчилик овоз чиқарган ҳолда дуо қиларди. Ҳалокатдан бир неча дақиқа олдин олдинги қатордагилар нима бўлаётганини билишга интиларди. Улар бор овозда бақирарди: «Кимдир, нима бўлаётганини тушунтирсин! Бизга қандайдир маълумот беринг!».
Мен шу бақириқларни эслайман. Шундан кейинги воқеалар ёдимда йўқ.
Элио Нето
Ўшанда атроф қоронғилашиб кетди.
Жаксон Фоллманн
Ҳушимга келганимда ўрмонда эдим. Кўзимни очдим, бироқ ҳеч нарса кўринмасди. Ёмғир ёғар ва жуда совуқ эди. Мен ҳеч нарсани кўрмасдим, аммо товушлар эшитиларди. Одамлар ёрдам сўраб қичқирарди. Мен ҳам бақиришни бошладим, лекин қаерда эканимни англай олмасдим. Самолётимиз қулаганини билмасдим. Шунчаки, ўлишни истамаганимни эслай оламан.
Энг қийини дўстларимни ёрдамга чақиришларини эшита туриб, уларга кўмак бера олмаслик эди. Мен тура олмасдим. Жуда қоронғи эди, ҳеч нарсани кўрмасдим. Ҳозирда ўша вақтда жамоам қандай йўқ бўлаётганини кўрсатмагани учун Худодан миннатдорман.
Мен ухлаб қолдим ёки шунчаки ҳушимни йўқотдим. Қанча вақт ҳушсиз ётганимни билмайман. Бир вақт ўрмонда фонар ёруғини кўриб қолдим.
Мени ёнимга одамлар югуриб келарди. Улар «Полиция, полиция» деб бақирарди.
Полиция етиб келган вақтда аввалроқ ёрдам сўраб бақираётганларнинг кўпчилиги жим бўлиб қолганди. Дўстларимнинг овози борган сари кучсиз бўлиб борарди. Бу даҳшатли он...
Қутқарувчилар етиб келди, менинг ёнимга сержант Нелсон келди. Мен унга қўлимни чўздим. У мени «Тинчлан. Сени қутқарамиз» дея тинчлантирди. Кейин у мендан исмим ва ёшимни сўради. Мен дарвозабон эканимни айтдим.
Кейинчалик сержант бу воқеа унинг ҳаётидаги энг қўрқинчли он бўлганини айтди. У мени кўтаришга интилар, аммо бунинг уддасидан чиқа олмас эди — менда жуда қаттиқ оғриқ бор эди. Даҳшатли оғриқ. Ўнг оёғимни йўқотганимни билиб турардим. Чап оёғимни эса фақат пайлар ушлаб турарди.
Мени ердан кўтариб, тепалик сари олиб боришди. Бу жуда қийин ва хавфли жараён эди — самолёт бўлаклари ҳар томонда сочилиб ётарди, улар жуда ўткир эди. Бизни қутқарганлар — ҳақиқий қаҳрамон.
Сув сўраганимни эслайман. Менга озгина сув беришди, кейинчалик яна ухлаб қолдим.
Мавзуга доир: «Шапекоэнсе» футболчилари хотираси учун чизилган ва мухлисларни йиғлашга мажбур қилган расмлар
Шифохонада кўзимни очганимда ҳеч нарсани эслай олмасдим. Аёлимнинг айтишича, комадан чиққанимдан кейин айтган сўзим: «Ўша вақтда Худо мен билан бўлди». Мен буни икки марта қайтарибман.
Бироқ ҳеч нарсани эслай олмадим. Шифокорлар ҳалокат ҳақида ҳеч нарса айта олмас эди. Улар дастлаб ўзимга келиб олишимни истаганди
Қаерда эканимни билишга интилардим. Касалхонада эканимни билардим, бироқ бу ерга қандай тушиб қолганим эсимда йўқ. Шифохона ишчилари испан тилида гаплашарди. Жуда ғазаблангандим.
«Шапекоэнсе» шифокорини кўрганимдан кейингина Копа Судамерикано финалида ўйнашимиз керак экани ёдимга тушди.
Мен сўрадим: «Доктор, ўйин нима бўлди? Мен оғирлашиб қолдимми?»
У жавоб берди: «Ҳа, Нето, сен жароҳат олдинг».
Мен тинчлана олмадим: «Биз қандай ўйнадик?».
Доктор ўзини йўқотмай жавоб қилди: «Билмайман. Аҳволинг ёмонлашгач, сен билан шифохонага кетдим».
Мен унга ишондим. Ўйин ҳали ҳам давом этаётган бўлса керак деб ўйладим ва жуда асабийлашдим. Худога юзландим: «Қандай қилиб бу имкониятни мендан тортиб олдинг? Мен қадрдонларим билан бирга бўлишим керак».
Алан Рушел
Отамнинг айтишича, шифохонада кўзимни очиб биринчи айтган гапим: «Бу ростми?».
Шифокорнинг маслаҳати билан отам менга самолёт фавқулодда қўнишни амалга оширишга мажбур бўлганини айтди. Мен касалхонада ётардим, танам қаттиқ оғрирди. Нима бўлганини англаб етмасдим, аммо мени кўпроқ бизнинг ўйин хавотирга соларди.
Кейинги куни кўплаб шифокорлар келди, улар мен билан гаплашиб олиш ниятида эди. Улар бир маълумот борлигини, бироқ хотиржамликни сақлаш кераклигини айтишарди. Шундай қилиб, самолёт ҳалокатга учраганини билдим. Бу фавқулодда қўниш эмас эди. Фақат олтита одам тирик қолган. Мен, Жаксон, Нето, журналист ва иккита стюардесса.
Менинг дунём тамом бўлганди. Аёлимнинг айтишича, кун бўйи шунчаки осмонга термулиб ётганман. Биринчи бўлиб ўйлаганим: «Бу шунчаки қўрқинчли туш. Бу ёлғон. Ҳозир мен уйғонаман».
Элио Нето
Мен интенсив терапия бўлимида кўзимни очдим ва ҳеч нарсани тушунмасдим. Танамга қарар эканман, ҳаммаёғим моматалоқ бўлиб кетганди. Ўйлаб қолдим: «Ўйинда бундай жароҳат олиш мумкин эмас. Бу ерда нимадир бор».
Нималар бўлганини эслашга ҳаракат қилардим. Шифокордан сўрадим: «Менга жароҳат етказган йигит қандай катталикда эди? Менимча у жуда катта бўлган».
Миямдан кўплаб ўйлар ўтди. Мухлислар майдонга тушиб келиб, бизга ташландимикан деб ўйлаган пайтларим ҳам бўлди. Балки, ўйин олдидан машина уриб юборгандир? Бироқ бир сония ҳам самолёт ҳақида ўйламасдим. Буни қандай хаёлга келтириш мумкин?
Бир куни уйғонган пайтим отам йиғлаб ўтирганини кўрдим. Мени алдаётганларини сездим.
Бир неча кундан кейин хонамга шифокорлар кирди. Ёнимда онам, отам, синглим, психолог ва руҳоний бор эди. Менга муҳим бир нарсани айтиш вақти келганини маълум қилишди.
Отам сўради: «Тушингни эслайсанми?»
Жавоб бердим: «Албатта, уни эслайман. Буни аёлимга айтиб бергандим. Мен тунда самолётда эдим. Кучли ёмғир ёғарди. Двигатель ўчиб қолди. Мен самолёт қолдиқлари ичидан чиқишга муваффақ бўлдим. Жуда қоронғи эди».
Тушим ҳақида гапираётганимда ғалати ҳолат юз берди.
Психолог ва онам йиғлаб юборди.
Ниҳоят, доктор тилга кирди: «Бу туш эмас, Нето. Бу ҳақиқат. «Шапекоэнсе» самолёти ҳалокатга учради».
Бу ҳаётимдаги энг қийин онлардан бири эди. Ишонгим келмасди. Шифокорни ақлдан озган деб ўйладим. Бундай бўлмаган. Сен нималар деяпсан?
Кейин ўйлаб қолдим, агар бу ҳақиқатда содир бўлган бўлса, мен эса тирикман, демак, қолганлар ҳам тирик.
Мен савол бердим: «Қолганлар қани?».
Шифокорнинг жавобига ишонгим келмасди: «Фақат сен, Алан ва Жаксон тирик қолдинглар».
Ишонмадим. «Агар мен ҳаёт бўлсам, нега барча дўстларим ҳалок бўлди? Ҳалокатдан кейин қандай тирик қолдим? Бу бемаънилик. Агар самолётда ҳалокатга учраган бўлсам, ўламан. Тирик қолиш ҳақиқатга тўғри келмайди».
Шифокор жавоб қилди: «Сизлар тирик қолишингиз мумкин эмасди. Сен Яратганнинг шарофати билан бу ердасан».
Жаксон Фоллманн
Бир неча кун комада ётдим, бироқ уйғонганимда нималар бўлаётганини англаб турардим. Одамлар испанча гаплашар эди. Мен ўзим таниган кимнингдир овозини эшитишни истардим. Жонлантириш бўлимида кўзимни очганимда отам, онам ва қайлиғимни кўрдим. Менга айнан мана шу етишмаётганди.
Миям ҳалокатнинг барча онларини эслашимга йўл қўймасди. Мен телевизорни ёқмасдим. Оилам ҳеч нарса гапирмасди, ҳа, ўзим ҳам ҳеч нарсани билишни истамагандим. Бу қандай содир бўлгани ҳақида тасаввурим бор эди, бироқ кўпроқ одам тирик қолган деб ўйлаган эдим. Худди бу кичик авария бўлгандек. Балки, фавқулодда қўнишдир ва менинг шерикларим барчаси яхши ҳолатда бўлса керак.
Ёнимга психолог келганини эслайман. «Сен ўтирган самолёт ҳалокатга учради. Барча ҳалок бўлди. Сен тирик қолдинг, бироқ бундан кейин футбол ўйнай олмайсан».
Бу гапларни эшита туриб, балчиқда ётганларимиз ва оғриқдан бақираётганлар аста-секин ёдимга тушди. Бу даҳшатли эди.
Оилам ҳалокат вақтида ўнг оёғимдан айрилганимни айтди. Буни эшитиб, ўйлаб қолдим: «Жонимдан кўра оёғимни олгани яхшироқ. Бу ерда турганим учун Яратганга раҳмат».
Кейинчалик Алан ва Нето ҳам тирик қолганини эшитдим. Бу курашиш учун жуда катта туртки бўлди.
Элио Нето
Мен топилганлар орасида сўнггиси эдим. Самолёт бўлаклари ичида саккиз соат ётган эдим. Кейинчалик қутқарувчилар бўлган воқеани айтиб берди. Эрта тонгда кўплаб қутқарувчилар ҳалокат жойини тарк этганди. Полиция эса бизнинг буюмларимизни йиғиштириш учун ўша ерда эди. Кутилмаганда офицерлардан бири овоз эшитганини айтади.
У бу овоз қаердан келаётганини билиш учун яқин келди. Бошқа полициячи бунга ишонмади: «Қўйсангчи, бунинг иложи йўқ. Орадан саккиз соат ўтди».
Бир неча сониядан сўнг яна овоз янграйди ва улар шу заҳоти бўлакларни улоқтиришга тушади. Ниҳоят, полициячилардан бири мен кўриб қолди. Мен жуда оғир аҳволда эдим. Жоним узилаётганди.
Улар мени бўлаклар ичидан олиб чиқди ва юк машинасига жойлади. Мени топиб олган жойларидан энг яқин аҳоли яшаш жойига қадар бир соатлик йўл бор экан. Кўзларим юмилиб кетаётганди. Ўзаро суҳбатда мени ўлдига ҳам чиқаришди. Бироқ мен негадир нафас олишда давом этардим.
Яшаб кетишимга ҳеч ким ишонмаганди. Комадан чиққан пайтимда мен билан тез ёрдам машинасида кетган ҳамшира кўришга келди. У эшик ёнида ҳайрат билан менга тикилиб турарди. Мени қучган пайти танаси титрарди. У менга тикилганча: «Мен бунга ишонмайман, бўлиши мумкин эмас», дея такрорларди.
Ўшанда бу нақадар қийин бўлганини тушуниб етдим. Бу мўъжиза эди. Мени деярли ўлик ҳолатда топишганди, мен эса ҳали ҳануз тирикман.
Алан Рушел
Шол бўлиб қолишимга бир неча миллиметрлар қолганди. Суяклар бўлаги умуртқа поғонамга жуда яқин келиб қолган, бироқ унга зарар етказмаган эди. Агар қутқарувчилар мени чиқариб олаётганда озгина хатога йўл қўйганда ҳаммаси тамом бўларди. Бироқ кўплаб жиҳатлар мени қутқарди. Ҳаёт эканим учун кўпчиликдан миннатдорман.
Ҳалокатдан сўнг мени даволаган шифокор Жанубий Америкадаги энг яхши жарроҳлардан бир экан. У мана шу вақтда Колумбияда бўлиб қолгани менинг омадим.
Ва албатта, Жаксон билан жой алмашганим ҳам...
Жаксон Фоллманн
Алан билан самолётда бирга ўтиришга келишиб олгандик. Биз ўн йилдан буён дўстмиз. Бир вақтлар ҳатто бирга яшаганмиз. Қаерга бормайлик, доим бирга эдик. Бироқ парвоз пайтида Алан самолётнинг орт қисмида учта жойни банд қилган ҳолда хотиржам ухлашни ёқтирарди.
Самолётга ўтирган вақтимиз, Алан ўзининг одатий жойини эгаллади. Мен бир ўзим ўтиргандим ва уни ёнимга чақирдим. «Сичқонча, бу ерга кел». У сичқон каби озғин, кичкина!
«Сичқонча! Ёнимга кел. Кел бирга қўшиқ тинглаймиз. Бўлақол, оғайни!».
Алан жавоб қайтарди: «Йўқ, хоҳламайман. Ухлагим келяпти».
«Сичқон! Бўлсангчи!» — мен уни қўймадим. Ва у ёнимга келди.
Шундан 30 дақиқа ўтиб, самолёт қулади.
Алан Рушел
Нима учун тирик қолганимни тушунтириб бера олмайман. Бу мўъжиза. Колумбиядан Шапекога қайтганимда мени оилам кутиб олди. Бу жуда эҳтиросли ҳолат эди.
Элио Нето
Болаларимни кўрган пайтим ҳиссиётларимни жиловлай олмадим. Менинг эгизак фарзандларим бор — ўғил ва қиз. Ҳалокатдан сўнг аёлим уларни синглисиникида қолдирганди. Колумбияда бўлган вақтим уларни кўрмаган эдим. Мени Бразилияга кўчиришгач, болалар мени кўргани шифохонага келишди, улар эсанкираб қолганди. Танам яра ва чандиққа тўла эди.
Улар менга арвоҳни кўриб қолгандек тикилиб турарди.
Мен гап бошладим: «Болалар, мени қучишни истамайсизми?».
Улар мени бирорта сўз айтмай қучоқлаб олди, бунақаси биринчи марта содир бўлаётганди. Улар узоқ йиғлади. Беш ёки ўн дақиқа. Улар ҳеч нарса дея олмасди. Улар шунчаки мени қучоқлар ва бақириб йиғларди. Бу қичқириқ енгил тортганликларини англатарди.
Отамиз ёмон аҳволда. Бироқ у тирик. У биз билан.
Мен вафот этган дўстларим ва фарзандларим ҳақида ўйлардим. Бу менинг ҳаётимдаги энг ёрқин эмоционал ҳолат эди.
Алан Рушел
Мен бўлган воқеаларни англай бошлаганимда энг қийин давр бошланди. Ўзимга кела бошлагач, энг яқин инсонларим ортиқ бу дунёда йўқлигини тушуниб етдим. Мен дарвозабон Данило, унинг аёли Летиция ва ўғли Лоренцо билан жуда яқин эдим. Данило ҳақиқатда вафот этганини англаб етгач, қай аҳволга тушганимни тасвирлаб бера олмайман. У менинг ҳаётимда ўзига хос ўрин тутар эди, уни ҳар куни ўйлайман.
Жаксон Фоллманн
Биз қўрқадиган ягона жиҳат — дўстларимизни унутиб юборишлари. Вафот этган инсонлар, қаҳрамонлар эди. Нега айнан шундай бўлди? Бундан қочиб қолиш мумкин эди.
Элио Нето
Самолётга эгалик қиладиган компания кўпинча ёқилғи тежарди. Бу фактларга қараб, бундай ҳодиса эртами-кеч юз бериши кераклигига амин бўламиз. Улар бу ўйинни бошқа жамоалар парвозида ҳам кўп бора қилган эди.
Улар озгина пул тежашни истаганди, бироқ охир-оқибат кўплаб инсонларнинг умрига зомин бўлди. Жамоатчилик ҳар доим учувчи ва унинг хатолари ҳақида гапиради. У ҳақиқатда хатога йўл қўйди. Бу факт. Аммо ўйлашимча, бунга кўплаб одамлар сабабчи. Масалан, етарли ёқилғиси бўлмаган самолётга учиш учун ким рухсат берди? Улар қоидаларни айланиб ўтди.
Алан Рушел
Ҳалокат мени ҳар бир сония ҳақида ўйлашга ўргатди. Мен ўн дақиқадан кейин нима бўлишини билмайман, хонадан чиққанимдан сўнг нима бўлишини билмайман. Агар сиз ҳақиқатда бирор нима қилмоқчи бўлсангиз, бу ишни бажаринг. Ҳаётнинг ҳар бир онидан баҳра олинг. Эртага нима бўлишини билмайсиз.
Элио Нето
Парвоздан бир кун аввал финалдан сўнг Шапекога қайтганимизни туш кўргандим. Тасаввуримда кўчадаги барча «Биз — чемпионмиз!» деб ҳайқирарди. Барча шодон эди, атроф бахтга тўла эди.
Уйга қайтиш вақтида Колумбиядан Бразилияга парвоз қилишга тўғри келди. Мен қаттиқ қўрқувда қолгандим. Қўнганимиздан кейин йиғлаб юбордим.
Самолётдан чиқдик. Аэропортда бизни кўплаб одамлар кутиб олди. Шифохонага бордик, у ерда ҳам одамлар кутиб турарди. Ҳамма жойда муҳаббат бор эди.
Бундай онлар ҳаётни ўзгартиради. Умрбодга. Бироқ ростини айтсам, ақлим ўша-ўша. Мен ҳали-ҳануз дунёга яхши кўз билан қарайман. Бу ҳалокат менга ҳаётдаги кичик қувончларни ҳам қадрлашга ўргатди.
Шифохонада тагликдан фойдаланишга тўғри келганини эслайман. Бир ой ювина олмадим. Биринчи бор теримга теккан сувни сезганимда, йиғлаб юборай дедим. Душдаги сув Кариб денгизига ўхшарди. Авваллари бундай ҳисларни туймаган эдим.
Ҳалокатдан кейин биринчи бор тўп тепганимда, ўзимни ёш боладек сездим.
Мен ҳалок бўлишим керак эди. Мен сўнгги сўзларимни айтгандим. Бироқ Яратган менга иккинчи имкониятни тақдим этди.
Нодирхон Ҳамидхонов таржимаси
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)