«Орангизда онам бўлсайди», «Дадамга ичирманглар», «Ёшлик бизни ташлаб кетади», «Жайра-жайра», «Дадамнинг мухлислари», «Маликам», «Уйга қуруқ қайтмасин эркак»  каби юзлаб оммалашган қўшиқларнинг муаллифи, шоир Мирзо Карим уйсиз яшаётгани, оиласи ва фарзандлари билан ўн йиллардан буён ижара уйларда сарсон бўлиб юргани ҳақида «Дарё» га берган интервьюсида гапириб берган эди.

Журналист Феруз Муҳаммад шоир Мирзо Каримнинг ижара уйида иккинчи маротаба меҳмон бўлиб, шоирга қандай амалий ёрдам бўлгани билан қизиқди.

Айтишим мумкинки, шу кунларда Фарғонага борганимда вилоят ҳокими ҳамда Бувайда туман ҳокимига учрадим. Улар деярли, бу масалани ҳал қилиб беришди. Биринчи тўловни деярли тўлаб беришди. Шунинг учун барчаларидан миннатдорман. Ҳаммасидан Аллоҳ рози бўлсин. Ҳоким бувамиз ҳам ‘Фарғонадан уй бераман, келиб шу ерда яшанғ, дедилар. Кейин мен Тошкентга ўрнашиб қолганимни айтдим. Анча гаплашдик. Худди шу гапни Бувайда туман ҳокими ҳам қайтариб айтдилар. ‘Қишлоғингизни ёнидан янги уйлар қуриляпти, биринчи тўловларига ёрдам берамиз, келиб яшанғ, дейишди. Ҳаммасига миннатдорчилигимни айтдим. Ёрдам қилаётганларини айтмаслигимни хоҳлашганди. Лекин, айтмасам ноинсофликка ўхшаб қоляпти. Аммо, улар айтманг дейишганди.

Шу юртни фарзанди эканман юртдошларим қадрлашяпти, буни жуда юксак баҳолайман. Мухлислар орасида ҳам қайсидир санъаткордан ранжиб қолишлар учраяпти, ранжишга ўрин йўқ. Мен учун қайғуга ботган мухлисларга айтмоқчиманки, хотиржам бўлинглар. Худо хоҳласа ҳаммаси яхши, бизга ундан ортиғи керак ҳам эмас. Ҳозир битта режамиз турибди, ўша режамиз амалга ошиб қолса худо хоҳласа, бўлди, ундан кейин қолганига ўзимизнинг қурбумиз етади, бизнинг ҳам қўлимиз тош остида эмас.

Мирзо Карим, шоир