Барчамизга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус ичида аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш масаласига давлат сиёсати даражасида аҳамият қаратилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 7 июнь куни қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот–кутубхона хизмати кўрсатилишини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги ПҚ–4354-қарори қабул қилиниши мазкур ташаббусда келтирилган китобхонликнинг ҳамда ёшларнинг маънавий тарбиясини шакллантиришда мутолаанинг аҳамиятини янада мустаҳкамлаб бермоқда.

Шу муносабат билан, ишчи–ходимлар, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларнинг интеллектуал эҳтиёжларини қондириш, соҳага оид билим ҳамда кўникмаларини бойитиш, шунингдек, маданий, маънавий–ахлоқий қадриятларни сақлаб қолишга қаратилган ахборот манбайини барпо қилиш мақсадида, жорий йилнинг 7 ноябрь куни «Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» акциядорлик жамиятининг ахборот–кутубхонаси фойдаланишга топширилди.

Мазкур кутубхона фонди 3,500 мингдан зиёд бадиий, тарихий, сиёсий ҳамда соҳага оид техник адабиётларга, 1,500 мингдан зиёд электрон нашрларга эга бўлиб, унда фойдаланувчиларга барча имконият ҳамда шарт–шароитлар яратиб берилган.

Бундан ташқари, акциядорлик жамиятда, ёш авлод вакилларига вилоят электр тармоқларининг ривожланиш тарихи, соҳанинг юксалиш даврида фидокорона меҳнатлари синган инсонлар, ўтган ва ҳозирги давр акс этган маълумотлар ҳамда кўргазмали эспонатлар билан бойитилган музей иш фаолиятини бошлади.

Очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси, «Фарғона китоб олами» маърифий савдо мажмуаси раҳбарияти, акциядорлик жамиятида узоқ йиллар давомида меҳнат қилган фахрийлар, вилоят фаоллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, шунингдек, вилоят маданият бошқармаси ходимлари иштирок этишди.

«Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ матбуот хизмати

Реклама ҳуқуқи асосида.