Бухорода яшовчи 33 ёшли эркак 3 ноябрь куни Тўдакўлда балиқ овлашга бориб бедарак йўқолди. Бу ҳақда «Дарё»га Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Дарё»

Маълум бўлишича, Бухоро шаҳрида яшовчи фуқаро Р.Қ. туман прокуратурасига ариза билан мурожаат қилиб, 33 ёшли куёви Х.Б. 3 ноябрь куни Тўдакўл сув ҳавзасига балиқ овлаш мақсадида қайиқ ёрдамида бир ўзи тушиб, қайтиб қирғоққа чиқмаганлигини ва бугунги кунга қадар уни қидириб топишнинг имкони бўлмаганлигини билдириб, куёвини сув ҳавзасидан қидириб топишда амалий ёрдам сўраган.

Фото: «Дарё»

Мазкур ҳолат юзасидан ўтказилаётган терговга қадар текшириш ҳаракатлари давомида ходиса жойини кўздан кечириш давомида Х.Б. сувга балиқ овлаш мақсадида тушган (ҳаво билан тўлдирилган) қайиқ ва Х.Б.нинг бош кийими сув ўрталаридан топилган.

Шунингдек, текшириш давомида аниқланишича, Х.Б. Тўдакўл сув ҳавзасига вояга етмаган ўғли, қайнотаси ва қайнамакиси билан бирга борган ва қайиқда бир ўзи сув ҳавзаси ичкариси томон сузиб кетган. Вояга етмаган ўғли, қайнотаси ва қайнамакиси соҳилда қолган. Х.Б. эса қайтиб қирғоққа келмаган.

Ҳолат юзасидан қидирув ишлари амалга оширилаётган бўлсада, бугунги кунга қадар ижобий натижага эришилмаган. Қидирув ишлари давом этмоқда.