29 октябрь Туркияда Жумҳурият куни сифатида нишонланади. Бу сана Усмонли салтанатининг тугаши ва Туркия Республикасининг ташкил топиши билан боғлиқ. «Дарё» колумнисти Ғайрат Йўлдош ушбу сана муносабати билан тарихдаги энг буюк империялардан бири бўлмиш Усмонли салтанати ҳамда Туркия Республикасининг ташкил топиши ҳақида фикр юритади.
Усмонлилар салтанати тарих зарварақларида Евросиё ва Африканинг шимолий қисмида қарийб етти аср муваффақият билан ҳукм сурган ва ана шу ҳудудларнинг ривожланишига катта ҳисса қўшган буюк империя эди. Бу империянинг биз учун муҳим жиҳати шуки, уни ўзбекларга қардош бўлган турклар тузган. Қолаверса, бу салтанат ҳукмдорлари ҳам, асосий аҳолиси бўлган турклар ҳам бундан олти аср аввал султон Боязид ва Мовароуннаҳр ҳукмдори Темур ўртасида келиб чиққан урушни айтмаса, икки дарё оралиғидаги халқларга ижобий муносабатда бўлган. Бу ҳолат бугунгача давом этяпти: аксарият туркияликлар ўзбеклар деганда қардошини тушунади ва «Ўзбекистон ота юртим» дейди.
Тарихдан биламиз, кўп салтанатлар, империялар маълум вақт ривожланиш, кенгайиш босқичига чиқиб, сўнг қандайдир сабаблар билан парчаланиб, йўқ бўлиб кетган. Шу жумладан, Усмонлилар империясининг пайдо бўлиши, ҳудудининг мисли кўрилмаган даражада кенгайиши ва сўнгра заифлашиши босқичлари бор. Бу давлат ўз даврида Европа ҳукмдорлари юрагига ғулғула ва қўрқув сола олган эди. Энг кенгайган пайтида империя ҳудуди шарқда Каспий денгизидан ғарбда Атлантика океанигача, жанубда Ҳинд океанидан шимолда Германия, Польша, Украина ва Россия ҳудудлари билан чегарадош бўлган.
Турклар салтанати йиқитилган ва мамлакатда республика бошқаруви эълон қилинган бўлса ҳам, улар ўз давлатчилигини бошқача ном билан сақлаб қолди. Тўғри, давлат кўплаб ҳудудларидан ажралди. Унинг қўл остида бўлган ҳудудлар ўз мустақил давлатларини тузди. Аммо, энг муҳими, турклар матонат билан мустақиллигини сақлаб қолди. Ҳанузгача Туркия дунёда обрў-эътиборга эга давлатлардан бири бўлиб қолмоқда.
Тарихчилар Усмонли салтанати тарихини тўрт даврга бўлади:
- қурилиш даври (1299–1453);
- юксалиш даври (1453–1683);
- орқага кетиш даври (1683–1792);
- йиқилиш даври (1792–1920).
Туркий элатлар Кичик Осиё ҳудудига XI асрдан кўчиб кела бошлаган. Илк давлатни ўғуз-туркман қабилалари йўлбошчилари – ака-ука Тўғрулбек ва Чағрибек тузган. Улар салжуқийлар сулоласига асос солган. Бу қабилалар Сирдаё бўйларида яшаётган пайтларида ислом динини қабул қилган.
Салжуқийлар султони Алп Арслон 1071 йилда Малазгирт жангида Византия императори Роман Диоген армиясини мағлубиятга учратганидан сўнг салтанат янада кенгайди. Султон Маликшоҳ (1072–1092) даврида эса салтанат гуллаб-яшнади. Султон Маликшоҳнинг ўлимидан кейин салжуқийлар салтанати парчаланиб, бўлиниб кетди. Сурия, Ироқ, Хуросон, Кирмон ва Онадўлу каби кичик-кичик мустақил бекликлар пайдо бўлди. XIII аср бошларида мўғулларнинг оёғи Кичик Осиёга ҳам етди; улар тарқоқ салжуқ бекликларини енгиб, бу ерда ҳам ўз ҳукмронликларини ўрнатди. XIII аср охирларига келиб мўғуллар бирмунча заифлашди ва бир қанча мустақил турк бейликлари (бекликлари) ташкил топди. XIV аср бошларида Усмон бошчилигидаги бейлик бошқа тарқоқ бейликларни бирлаштириб, марказлашган кучли давлат — Усмонли салтанатини барпо этди. Шундан сўнг бу давлат Усмонли салтанати номи билан машҳур бўлди.
Ҳукмронлигини Усмонли бейлигидан бошлаб, унинг катта бир салтанатга айланишига сабаб бўлган Усмонбей ўғуз туркларидан, бўзўқ шохобчасидан, қайи уруғидан эди.
Усмонли салтанати ташкил топиб, кучаяр экан, Византия империяси чалажон ҳолида зўрға яшаётган эди, аммо турклар ҳали унинг пойтахти Константинополни қўлга кирита олмаганди. Шундай бўлса ҳам, турклар Осиёни Европадан ажратиб турувчи Мармар бўғозидан Европа қитъасига ўтди ва бирин-кетин Европа жанубида, Болқон ярим оролидаги катта ҳудудларни ўзларига бўйсундирди. Византия империяси амалда фақат Константинополда сақланиб қолди.
Анқара жангида Боязид Темурга ютқазиши туркларнинг Константинаполни забт этишини ва Европанинг ичкарироғига кириб боришини бироз ортга сурди. Орадан бироз ўтиб, 1453 йил 29 майида Усмонли турклар Султон Меҳмед II Фотиҳ бошчилигида Константинополни (ҳозирги Истанбулни) забт этди ва Византия империясини тарих қаърига улоқтириб юборди.
XVII аср ўрталаригача Усмонлилар салтанати фақат кенгайиб борди. Мамлакат ҳудуди шарқдан Каспий денгизидан, ғарбда Атлантика океанигача етиб борди. Африканинг шимолий қисми тўлиғича, Европанинг шарқий қисмидаги катта ҳудудлар турклар қўл остида эди. Қора денгиз Усмонлиларнинг ички денгизи бўлиб қолди. Ўрта ер денгизи, Европа давлатлари бўлмиш Италия, Франция ва Испания соҳилларини айтмаганда, тўлалигича турклар назоратига ўтди.
Бироқ XVII асрнинг охирги чорагидан бошлаб Усмонлиларнинг ҳарбий ва иқтисодий қудрати заифлаша бошлади.
1683 йилда Вена шаҳри яқинидаги жангда турклар қўшини Польша, Австрия ва Германия бирлашган қўшинларидан енгилди. 1684 йилда эса Австрия, Польша, Венеция (1686 йилдан Россия) Усмонлиларга қарши «Муқаддас иттифоқ» тузди ва ўртада уруш бошлаб, турклардан анча ҳудудларни тортиб олишга муваффақ бўлди.
Албатта, Усмонлилар ҳам қўл қовуштириб ўтирмади. Жумладан, турклар 1711 йилда Прут жангида Пётр I бошчилигидаги рус қўшинини тор-мор келтирди. Қуршовдаги Пётр I ваъдалар эвазига қутулишга муваффақ бўлди.
Аммо барибир турклар европаликлардан ҳар жабҳада ортда қолиб, жангларда бирин-кетин ютқаза бошлади. XVIII аср йўқотишларга янада бойроқ бўлди.
Мамлакатни 1789–1807 йилларда бошқарган султон Салим III салтанатда ислоҳотлар ўтказишга уринди. «Янги низом» («Низоми жадид») деб номланган бу ислоҳотлар натижасида давлат бошқаруви, молия масалалари, савдо соҳаси, қишлоқ хўжалиги, илм-фан ва бошқа соҳаларда янгиликлар жорий этишга уринилди. Аммо бу ислоҳот яничарлар – гвардия қаршилигига учради. Яничарлар исён кўтарди ва 1807 йил 15 майда Салим III ни тахтдан ағдариб ташлади.
Салим III дан кейин кўплаб ҳукмдорлар ўтди, лекин уларнинг бирортаси империянинг олдинги мавқеини тиклай олмади. Аксинча, ўз ҳудудларини йўқотиб бораверди. Салтанат XIX аср ўрталарига келиб ниҳоятда ҳолдан тойди.
Тинчлик даврида Усмонлилар салтанатида Европа маданиятига, иқтисодиётига қизиқиш кучайди. Салтанатда илк банклар очилди. Европадан саноат кириб кела бошлади. Китоб, газета ва журналлар чоп этила бошланди. Султон Абдулазиз даврида (1861–1876) ижтимоий-иқтисодий ҳолатни яхшилаш ва Европа давлатларидан андоза олиб конституциявий тузум ўрнатиш тарафдори бўлган Ёш турклар ҳаракати ривожлана бошлади.
1876–1908 йилларда мамлакатни бошқарган султон Абдулҳамид II тахтга чиққан йили, 1876 йил 23 декабрда конституцияга ўхшаб кетадиган Асосий қонунни эълон қилди. Бу қонун Туркиайнинг илк конституцияси ҳисобланади.
Аммо салтанатда муаммолар етарли эди, конституция қабул қилиниши ҳам муаммоларни ҳал қила олмади.
1877–1878 йилларда яна бир Россия – Туркия уруши бўлиб ўтди ва у Туркиянинг енгилиши билан якун топди. Шу мағлубиятдан сўнг Усмонлилар Болқон ярим оролидаги ҳудудларидан батамом айрилди. Бунинг устига, туркларнинг Шимолий Африкадаги ҳудудларини европаликлар босиб ола бошлади: 1881 йилда Франция Тунисни, 1882 йилда Буюк Британия Мисрни босиб олди. Марокаш ва Жазоир ҳам қўлдан кетди.
Биринчи жаҳон урушида Усмонлилар 1914 йил 30 октябрда Германия тарафида туриб урушга қўшилди. Урушда Германия енгилганидан сўнг, 1917–1918 йилларда Иттифоқчилар Усмонлилар империясининг Яқин Шарқдаги ҳудудларини бирин-кетин босиб олди. Сурия ва Ливанни Франция, Фаластин ва Иорданияни Буюк Британия эгаллади.
Батамом ҳолдан тойган Усмонлилар салтанати 1918 йил 30 октябрда Биринчи Жаҳон урушида ғолиб чиққан Антанта давлатларига таслим бўлди.
Буюк Британия ва Франциядан иборат Иттифоқчилар Туркияни ишғол қилди. Турк халқи миллий озодлик ҳаракатини бошлади. Туркияда Озодлик уруши (Куртулуş саваşı) деб номланган ҳаракатга Отатурк номини олган саркарда Мустафо Камол пошшо бошчилик қилди. Турклар мамлакат озодлиги учун оёққа қалқди. 1920–1921 йилларда бўлиб ўтган жангларда турклар Греция қўшинлари устидан ғалаба қозонди.
1918 йил 30 октябрда Мудрос келишуви имзоланди. Орадан икки йил ўтиб, 1920 йилда Греция билан Севр тинчлик битими тузилди. Бу битимга кўра, юнонлар томонидан 1919 йил 15 майда босиб олинган Измир шаҳри Грецияга ўтиши керак эди. Юқоридаги икки битимни Греция ратификация қилди, аммо миллий озодлик ҳаракати иштирокчилари босими билан Усмонлилар салтанати ратификация қилмади ва битимлар кучга кирмади.
Умуман олганда, 1918–1922 йиллар Туркия учун ниҳоятда оғир кечди. Қўл остидаги ҳудудларни бой бергани етмагандай, Усмонлилар энди Туркиянинг ўзини ҳам зўрға ҳимоя қилишди.
Ана шу ҳолатда ўртага Мустафо Камол Отатурк чиқди ва 1922 йил 9 сентябрда бўлиб ўтган оғир жангларда ғалаба қозониб, мамлакатдан юнонларни қувишга муваффақ бўлди. Буюк Миллат Мажлиси қабул қилган қонунга кўра, 1920 йил 16 мартидан бошлаб салтанат бекор қилинди ва ҳукмдорлик билан халифалик бир-биридан ажратилди. Шундан сўнг халифалик ҳокимиятга аралаша олмайдиган алоҳида мақом бўлиб қолди. Султон Абдулазиз ўғли Абдулмажид афанди Буюк Миллат Мажлиси томонидан халифаликка сайланди ва 1924 йил 3 мартгача шу мақомда қолди. 1924 йил 3 март куни Мустафо Камол Отатурк томонидан халифалик бекор қилинди.
1922 йил 1 ноябрда Мустафо Камол Отатурк бошчилигидаги Буюк Миллат Мажлиси Туркияда султонликни бекор қилиш ва халифаликни давлатдан ажратиш тўғрисида қонун қабул қилди. 1923 йил 24 июль куни имзоланган Лозанна сулҳ шартномасига кўра Туркиянинг чегаралари белгиланди, Буюк Британия ва Франция бошличилигидаги Европа давлатлари томонидан Туркиянинг сиёсий, иқтисодий мустақиллиги тан олинди. Ўша йили кузга бориб, 29 октябрь куни Буюк Миллат Мажлиси томонидан Туркия республика деб эълон қилинди. Пойтахт Истанбулдан Анқарага кўчирилди.
* * *
Усмонлилар салтанати 1299 йили Онадўлуда, Мармара воҳасида бир беклик бўлиб бошланиб, буюк империя ҳолида ХХ аср бошида, 1920 йилда йиқитилди.
Узоқ асрлар яшаган кўплаб империялар қатори Усмонлилар қарийб 700 йиллик фаолияти мобайнида Евросиё ва Африка қитъасига таъсир кўрсатди ҳамда бу ҳудудлар ривожланишига сабаб бўлди. Усмонлилар империяси кенгайиши ортидан турклар оёғи қаерга етган бўлса, ўша ҳудудда шаҳарлар тикланди, масжид, мадрасалар қурилди, ариқ ва каналлар қазилиб, сув чиқарилди. Бугунги кунда Шимолий Африка ва Евросиёнинг турли мамлакатларида турк ҳукмронлиги давридан сақланиб қолган қадимий бинолар, осори атиқалар бор. Туркларнинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссаси ниҳоятда каттадир. Энг муҳими, Туркия Жумҳурияти бугун ҳам дунёда катта обрў-эътиборга ва таъсир доирасига эга давлат ҳисобланади. Жумладан, бу давлат Катта йигирматалик давлатлари – G20 га аъзо ҳисобланади. Бугун ҳам дунёдаги муҳим масалаларни ҳал қилишда Туркия президенти ва бош вазирининг роли катта. Шу жиҳатдан бугун бу мамлакат раҳбарияти жаҳон афкор оммасининг эътиборида туради.
Ўрта асрларда Евросиёда энг қудратли империялардан бири бўлган Усмонлилар нега XVIII асрдан таназзулга юз тута бошлагани, ҳарбий ва иқтисодий жиҳатдан қолоқлашгани ва охир-оқибат парчаланиб кетгани ҳақида турли фикрлар билдирилади. Бунинг сабаблари кўп. Менимча, бунга энг асосий сабаб туркларда илм-фан ва саноат ривожланиши ортда қолганидир. Туркларнинг жуда катта ҳудудларини эгаллаши, Ўрта Ер денгизининг шарқий ва жанубий соҳилларига европалик савдогарларини яқинлаштирмай қўйгани сабабли Узоқ Шарқда жойлашган Хитой, зираворлар юрти Ҳиндистон билан савдо-сотиқ қила олмай қолган европаликлар Ҳиндистон ва Хитойга бошқа денгизлар орқали йўл қидиришга мажбур бўлди. Бунинг натижасида Христофор Колумб Америка қитъасини кашф этди, Васко да Гама Ҳиндистонга денгиз йўлини топди ва шу тариқа Европа савдогарлари туркларга тегишли ҳудудлар орқали савдо қилмай қўйди. Оқибатда империяга тушадиган бож салмоғи камайиб кетди. Европа эса, аксинча, кашф этилган Янги дунё ортидан ниҳоятда бойиб кетди; XVIII асрда Европада саноат инқилоби юз берди. Ҳолат шу даражага етди-ки, бир пайтлар Европадан бож олиб юрган Усмонлилар иқтисодий тараққиётда Европадан сезиларли ортда қола бошлади.
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.
Изоҳ (0)