«Дарё» колумнисти Нурбек Алимов «Жаҳон адабиётининг энг буюк асарлари» рукни доирасида машҳур бадиий асарларни таҳлил қилишда давом этади. Бу ҳафта у Гётенинг «Фауст» фалсафий драмаси ҳақида ҳикоя қилади.
Флешбэк
Германиянинг буюк шоири, атоқли мутафаккир ва олим Иоганн Вольфганг Гёте бутун дунё ҳайратга соладиган шахслардан биридир. Гёте билан биринчи танишувим ўсмирлик давримда қалбда эҳтиросли ҳис-туйғуларни уйғотадиган «Ёш Вертернинг изтироблари» романи эди. Бу эҳтирос психологиясини, аёл ва эркак туйғуларининг ўзига хослигини аниқ ва руҳан қайта яратган энг ажойиб севги романларидан биридир. Фауст асарини эса улғайгач ўқиб чиққанман; агар мендан умринг давомида ўқиган бадиий асарлар топ 10 талигини сўрашса, шубҳасиз, бу асар ундан жой олган бўлар эди.
Доктор Фауст ҳақида афсоналар жуда кўп бўлган, у театр спектаклларининг қаҳрамони, кўплаб муаллифлар ўз китобларида унинг образига мурожаат қилган. Аммо Гёте қаламига мансуб ҳаётий билимларнинг абадий мавзусига бағишланган Фауст ҳақидаги драма дунё адабиётининг энг қимматбаҳо дурдоналаридан биридир.
Асар ҳақида
Фауст – Иоганн Вольфганг Гётенинг энг машҳур асари бўлиб, доктор Фауст афсонасининг энг машҳур версиясини ўз ичига олган фалсафий драма ҳисобланади. Гёте ҳаётининг 60 йили давомида Фауст ғояси устида ишлаган. Биринчи қисм 1790-йилларда ёзилган, 1806 йилда тугатилган, икки йил ўтиб нашр этилган ва Гёте томонидан бир неча марта қайта босилган (охирги марта – 1828 йилда). Асарнинг иккинчи қисмини Гёте кексайган йилларида ёзган; у 1832 йилда адиб вафотидан кейин дунё юзини кўрди. Ритм ва оҳангдорлик туфайли Фауст немис шеъриятининг чўққиларидан бири ҳисобланади.
Сюжет
Асар муаллиф ҳаётининг кўплаб кўтарилишлари ва пасайишлари билан боғлиқ бўлган ва у билан узоқ вақт бирга бўлмаган ёшликдаги дўстларига бағишланишидан бошланади. Кейинги қисмда театр директори, шоир ва комик актёр ўртасида суҳбат бўлиб ўтади. Унда қаҳрамонлар юксак шеъриятнинг ҳақиқий мақсади, омма талабларига мослаштириш муаммосини, муваффақият ва машҳурлик билан юқори санъатнинг уйғун комбинациясига қандай эришиш мумкинлигини муҳокама қилади.
«Осмондаги пролог» қисмида «осмон, ер ва дўзах» муаммоси ривожланади. Бу ерда асосий қаҳрамонлар – Худо, Мефистофель, архангеллар; Фауст номи ҳам биринчи марта эсга олинади. Зулмат эгаси Мефистофель билан суҳбатда Худо Фаустни энг содиқ ва ишончли қулининг намунаси сифатида келтиради. Бунга жавобан Мефистофель олимнинг асл моҳиятини очиб бериш мажбуриятини олади ва унинг ғайратини аслида ҳаракатлари учун мукофот олиш истаги билан изоҳлайди. Шунда Худо Мефистофелга бутун Ер юзидаги лаззат ва васвасалар билан Фаустни синаб кўришга ва ўзгармас садоқатига амин бўлишига рухсат беради.
Олим кун ва тунни хафагарчиликда, ўзининг фикрларидан қийналиб ўтказади. Узоқ умри давомида Фауст кўп нарсаларни ўрганади, аммо у барча билимларига қарамай, «аҳмоқ бўлиб қолганини» тушунади. Шогирди Вагнердан фарқли ўлароқ, Фауст чексиз сир-асрорларга тўла инсон онги ва илм-фан имкониятлари, табиат ва бутун коинот олдида ночорлигини тушунади. Фауст бахтсиз, чунки унинг бутун ҳаёти беҳуда эди ва ҳақиқатни билиб олишга бўлган барча уринишлари беҳуда кетди.
Аммо кунларнинг бирида қора ит сиймосида унга Мистистофель кўринади ва кейин Фауст олдида талаба кийимида пайдо бўлади. Вагнердан фарқли ўлароқ, номаълум меҳмон анча ақлли ва идрокли эди. Фауст билан суҳбатда у бахтсиз олимни қийнаётган муаммоларнинг тубига тўхталади. Мефистофель одамнинг ночорлиги ва инсон тақдирини мазах қилади.
Бошқа сафар у Фауст олдида башанг кийимда пайдо бўлади ва уни изтироблардан халос қилиш учун ўзи билан бирга бошлайди. Агар олим дунё лаззатларига ўрганиб қолса ва у ҳеч қачон бундан ажрашни истамаса, бу Фаустнинг Мефистофель томонидан тўлиқ маҳв этилганини англатади. Улар ўртасида қон орқали битим тузилади ва шундан сўнг иккиси сафарга чиқади. Мефистофель берган дамламадан ичганидан кейин Фауст яна ёшариб, кучга, гўзалликка ва истакларга тўла бўлади. Энди у ҳақиқатни билишга ва ҳақиқий бахтни топишга қатъий қарор қилган эди.
Фаустнинг биринчи васвасаси – оддий оиладан чиққан, ўн беш ёшли беғубор Маргарита исмли қиз. Ёш Фауст билан танишиб, дарҳол унга ошиқ бўлиб қолади, улар ўртасида ўзаро эҳтирос алангаланади. Унинг онаси Фауст билан учрашувларига халал бермаслиги учун Маргарита ҳар сафар ичимликка ухлатувчи дори қўшиб қўярди. Аммо бир куни ошиқларни қизнинг акаси Валентин ушлаб олади. У билан Фауст ўртасида жанжал чиқиб, Валентин жангга киради. Мефистофель қиличини яланғочлайди. Фауст унга эргашиб жангга киради ва севгилисининг акасини қаттиқ жароҳатлайди. Ўлимидан олдин Валентин енгилтак синглисини абадий шармандаликка гирифтор бўлишини айтиб лаънатлайди. Кўп ўтмай Маргаританинг онаси вафот этади. Маълум бўлишича, яна бир марта уйқу дориларини қўшганида, қиз дори дозасини ошириб юборган ва онаси энди уйғонмайди. Бу ҳақда Фауст билмайди, чунки у қотилликни амалга оширгач, шаҳардан қочишга мажбур бўлган. Кейинчалик Маргарита қиз туғади, лекин беникоҳ фарзанд туққани ортидан келиши мумкин бўлган одамлар ғазабидан қутулиш учун қизини дарёга чўктириб ўлдиради. Энди у маҳкума, қамоқда ўз жазосини кутмоқда.
Фаустга бўйнида даҳшатли чандиқ билан асирликда сақланаётган севгилисининг сурати намоён бўлади. Мефистофелдан эса у Маргаритани қутқаришни талаб қилмоқда. Шошилиш керак, тез орада иккаласи ҳам шаҳарга қайтиб келади. Ошиқларнинг фожиали учрашуви зиндонда бўлиб ўтмоқда. Аввалига қиз уни танимайди, лекин яқиндагина унинг бошига тушган даҳшатли воқеаларнинг бутун тарихи унинг хотирасида пайдо бўлади. У ўз бахтига ишонмайди: эркинлик ҳақиқатан ҳам яқинми? Бироқ Маргарита ўзи учун шаҳидлик, чин дилдан тавба қилиш ва Худонинг ҳукмини танлаб, зиндонни тарк этишдан бош тортади. Парвардигор эса Мефистофель томонидан хушмуомалалик билан тақдим этилган озодликдан воз кечган бахтсиз қизнинг руҳини сақлаб қолади.
Асарнинг иккинчи қисмида иблис Мефистофель Фаустни император саройига олиб боради. Бўшаб қолган хазина сабаб мамлакатда ишлар ёмон. Кейин Мефистофель айёрона тизим ўйлаб топади, бунинг натижасида давлат бюджети тезда тўлдирилади, лекин халқ алданиб қолади. Саройда қичқа вақт ҳақиқий эйфория ҳукмронлик қилади ва фитначилар ҳайрат ва хурсандчилик билан кутиб олинади.
Мефистофель Фаустга қадимги давр, ўтмиш эшигини очадиган ажойиб калитни беради. Олим дунёдаги энг гўзал аёл – Фауст учун руҳий ва жисмоний гўзаллик идеалига айланган Елена билан учрашади.
Айни пайтда, Фаустнинг шогирди яна бир тажриба ўтказади, натижада шиша идишда Гомункул пайдо бўлади. Аммо у қисқа умр кўради. Боқий курашга бўлган эҳтирос туфайли у учиб кетади ва абадий йўқолади. Кўп ўтмай, Еленанинг ўзи ҳам қаҳрамонимизни тарк этади, чунки мутлақ гўзаллик ва бахт –бир-бирига мос келмайдиган нарсалардир.
Мефистофель Фаустни ўрта асрларга қайтаради. Олимнинг янги мақсади тўғон қуриш ва ернинг бир қисмини денгиздан тортиб олиш эди. Режани амалга оширишга келажакдаги қурилиш йўлида турган кулба тўсқинлик қилмоқда. Эгалари ўз уйларини бошқа уйга алмаштиришдан бош тортишади, кейин ғазабланган Фауст Иблисга қарияларни йўқотишни буюради...
Шундай қилиб, бош қаҳрамоннинг ҳаёти якунланади. У яна қариб қолади ва энди у бутунлай кўр эди. Тўғон қуриш ўрнига эса, Мефистофель ўз шотирларига Фаустга қабр қазишни буюради. Содир бўлган барча воқеалардан сўнг Фауст на бойлик, на куч, на шон-шараф ва на энг гўзал аёлга эга бўлиш, ҳақиқий бахтни бермаслигини тушуниб етади. Фауст фақат ҳаёт учун курашган инсонгина эркинликни қўлга киритиши мумкин деган хулосага келади. Унинг кўзлари олдида «озод ерда эркин одамлар» деб номланган расм пайдо бўлади ва энди у ўз ҳаёт дақиқаларни тўхтатишга тайёр. Шу пайт Фаустнинг ҳаёти тугайди, лекин Мефистофель унинг руҳини қул қилиб олишига қадар, фаришталар Фаустнинг жонини сўнгги сонияда олиб кетишади. У нажот топди, демак у узоқ умрини беҳуда ўтказмаган эди.
Таҳлил
Ўзининг доимий норозилигини ҳал қилиш учун руҳини иблисга сотишга тайёр бўлган Фауст ҳаётий истакларини ўзгартирган ҳолда янги мақсадлар сари югуриб юрган одам, асрлар давомида сақланиб қолган ва қайта тикланган мураккаб характердир. У ҳали ҳам ўқилмоқда ва театрларнинг одатий репертуарлари таркибига кирувчи операларда рол ўйнамоқда. Бу эса асарнинг ўз даврининг даҳоси томонидан дунё адабиёти хазинасига, мангу турувчи шедевр асар тақдим қилганидан далолатдир. Албатта, Фауст замонавий одамларнинг оз сонли адабий қаҳрамонларини ўзида мужассам этган бўлса-да, у бизга мерос қилиб қолдирган кўпгина муаммоларни тан олишимиз мумкин. Унинг ақлга сиғмайдиган индивидуаллиги, билимга интилиши, доимий норозилиги, ҳатто бошқаларни йўқ қилиш ҳисобига бўлсада ривожланиш истаги, унинг муваффақиятсизликлари, ютуқлари ва камчиликлари, буларнинг барчаси инсон ва илм-фаннинг XIX асргача бўлган тараққиётини белгилаб беради. Ҳозирги кунда ҳам биз Фаустни ўқишни давом эттирамиз, унда дунё тажрибасига мурожаат қиладиган ва биз фикр юрита оладиган савол ва жавобларни, муаммоларни ва муҳим саргузаштларни топамиз.
Фаустнинг феъл-атвори узоқ тарихий изга эга ва асрлар давомида қайта ёзиб бориладиган ҳар қандай фигура сингари афсонага айланган. У ўрта асрларнинг охирларида адабий қаҳрамон сифатида яратилган, у ҳақиқий характерга асосланади ва саёҳатчилар ва «субмаданият»нинг провокацион тилида, чегаралар, жисмоний ва вақт чегараларини бузиш билан яшайди. Албатта, у маҳкум: иблис билан тузган шартномаси уни дўзахга олиб бориши керак. Ҳатто Штауффен шаҳрида бир уй бор ва афсоналарга кўра иблис у билан тузган шартномага биноан, тахминан 1480 йилда Вюрттембергда туғилган доктор Фаустни ўша уйдан олиб кетган дейилади.
Ўрта аср охирларида қайта тикланган Фауст иймон ва камтарликдан юз ўгириш ва моддий дунёга қизиқувчан одамларнинг тимсолидир. Шунинг учун у шайтон билан иттифоқ тузади, сеҳргарлик қилади, бу сеҳр ёрдамида императорга хизмат қилади, ўзини бойитади ва сон-саноқсиз иблисона аёлларни, шу жумладан Троялик Еленани ҳам севади. Шундай қилиб, Фауст ва у билан тил бириктирган иблис ўрта аср лютеранларининг иблис тушунчасидаги қаҳрамондир. Фауст реформация даврининг маҳсули ва унинг иблис олдидаги янги қўрқувидир. Шу нуқтаи назардан қараганда, Фауст ўз яратувчиларининг хоҳиш-истаклари, қўрқувларининг моҳияти ва замонавий индивидуалликнинг бошланишига ёрдам берадиган сабаб бўлиши мумкин.
Замонавий индивидуалликни шаклланиш жараёни бошқа ерлар ва Европа маданиятларида турлича ривожланади. Аммо XVIII асрда индивиднинг қурилиши ҳақиқатан ҳам ижтимоий конструктив муаммога айланган даврда, буржуа вакиллари замоннинг нутқини ўзининг асосий муаммосига бағишлаган бир пайтда, инсон ўзини ва жамиятни уйғунлаштириши мумкинми? Қандай қилиб? Ахир «мен» ва жамият ўртасидаги уйғунлик инсон бахтидан келиб чиқади. Айтиш керакки, ўша даврда одатий бадиий асарлар намойиш этадиган сюжетлар бу уринишларнинг муваффақиятсизлигидир. Инсоннинг дунёдаги ўрни ҳақидаги саволларга энди янги жавоблар керак. Гёте Фаустдан фойдаланиб, ушбу саволларнинг барчасини, бизнинг меросимиз ва хотирамизни акс эттирувчи барча муаммоларни кўтаради. Анъанавий қаҳрамонни олинг ва уни замон муаммоларга қарши атрибутикалар билан безаб қайта ёзинг, унга янги ўзига хос хусусият бериш учун фойдаланинг. Айнан шу нарсага Гёте муваффақ бўлган эди. Шунингдек, унинг Фаустида аниқ жавоблардан кўра кўпроқ очиқ саволлар мавжуд. Айнан шу нарса унга қизиқиш сўнмаслиги ва биз уни ўқишни давом эттиришимиз билан боғлиқ. У бизга кўплаб қарама-қаршиликларни, турли хил саргузаштларни, сирларни ва шунингдек, кулгили нарсаларни таклиф этади: бу жуда кам учрайдиган, мутлақо битмас-туганмас асар. Дастлаб, муаллиф буни фожиа деб таърифлайди, аммо асар сўнгида Фаустни қутқаради ва шайтонни масхара қилади: фожиа қаерда?
Гётенинг ўзи асарининг саҳналарини «жуда жиддий ҳазиллар» деб таърифлаган ва «қизиқарли ва ҳар хил нарсалар содир бўладиган театр, ҳаётга яқин бўлади» деб таъкидлаган. Фаришталар яратилган оламнинг шон-шарафини куйлаётганда Мефистофель кулади: у сайёраларнинг уйғунлиги, Қуёш ва оламнинг гўзаллиги ҳақида ўйламайди, фақат одамларнинг ташвишлари ва азобларини кўради. Унинг фикрича, инсон яратилиши хатодир. Худо ва Мефистофель ўртасидаги гаровда агар шайтон ғалаба қозонганида, унинг ғалабаси шунчаки инсон руҳини қўлга киритишдан кўра кўпроқ нарсани билдиради: бу аслида инсоннинг дунёга уйғунлашиш имкониятини рад этишни англатади.
Фауст, ҳозирги замон индивидуаллиги мисолида, инсон тақдирини, ўз мавжудлигининг маъносини излашга мажбурдир. «Қандай яшашим мумкин?» Бу унинг ҳаёт асосини ташкил этадиган савол бўлади. Фауст ҳаётнинг маъносини учта соҳада топишга ҳаракат қилади: севги, гўзаллик ва иш. Аммо Фауст ушбу йўналишларда олиб борган барча изланишларида, эришган барча ютуқларида икки ёқлама белгилар пайдо бўлаверади.
Биринчи бўлиб севги майдонини қарасак, Фауст севади, аммо унинг уриниши фожиа, Маргаритани йўқ қилиш билан тугайди. Гўзаллик соҳасини Троядан Еленани излаш ва олиб келиш тажрибаси аниқлайди. Аммо, бу тажрибада, мутлақ гўзаллик абадийлик ўртасидаги синтезга бўлган уриниш муваффақиятсиз якунланади. Елена йўқолади ва уларнинг ўғли ҳалок бўлади. Балки у бахтини ишдан топар? Бироқ, иш орқали куч ва мулкка эга бўлиш ҳақиқати тушкунлик ва оҳангдорликка асосланган, уруш орқали амалга оширилади ва зўравонлик ва вайронагарчилик билан бирга келади. Денгиздан ер тортиб олишда эса Фауст, халқнинг фаровон келажагини тахмин қилади, бу эса кекса жуфтлик Филемон ва Бавкиданинг ноҳақ ўлимини билан якунланади.
Хулоса
Хулоса қилиб айтганда, мен Фаустга ачинаман. Мен бунда бир кишининг муаммосини, дунёни яхши томонга ўзгартирмоқчи бўлган, аммо умидсизликка учраган олимнинг муаммосини кўрдим. Деярли бутун ҳаётини ўз фойдаси учун ёки бу шафқатсиз дунёда қандайдир мавжуд бўлишга ҳаракат қилиш учун эмас, балки унинг атрофидаги дунёни англаш, уни ўрганиш ва бошқаларнинг бахти учун ўз кучини сарфлайдиган одамнинг муаммоси эди бу. Лекин бир куни қаҳрамон ҳамма нарса беҳуда эканлигини англаб етди. Фауст шахсида синов берилган бутун инсоният пайдо бўлади. Фаустнинг хатти-ҳаракати орқали барча одамларнинг хулқ-атворини баҳолаш мумкин.
Менга Мефистофелни даҳшатли бир махлуқ, ёвуз, ўжар, яхшиликка қарши курашувчи, ҳаётни бузадиган эмас, балки оддий танқидчи каби кўриниши жуда ёқади. У аҳмоқ, очкўз одамларни устидан кулади ва тентак одамларни танқид қилади. Мефистофель кўпчилик иблисни тасаввур қилганидай баджахл эмас, у ғазабланмайди, у айёр, маккор ва кулгили.
Иқтибослар
Содир бўлмаган ходисадан олдин улар даҳшатга тушадилар. Йўқотмасдан туриб биз йўқотилган нарсалар учун йиғлаймиз;
Менинг билганларимни ҳамма билиши мумкин, аммо фақат менда шундай юрак бор;
Хўш, нега инсоннинг бахтининг асоси азобланишнинг манбаи бўлиши керак?
Ҳаёт ва эркинликка фақатгина, ҳар куни улар учун курашишга борадиган инсон лойиқдир;
Қувонтиришим керак бўлган одамларни хафа қилиш – бу менинг тақдирим.
- Гёте хотирасига қуйидагиларга ном берилган: астероид 3047 (1960); Меркурийдаги улкан кратер (1979); минерал – гётит (1806);
- Антропософик ҳаракатларнинг бутун дунё маркази – Гётеанум (1919);
- Немис тилини чет элда оммалаштириш билан шуғулланувчи нодавлат ташкилот – Гёте институти (1951);
- Иоганн Гёте болалигидан расм чиза бошлаган. У ўсиб-улғаяр экан, атрофидаги барча нарсаларни: табиатни, одамларни хаяжон билан тасвирларди. Италияда ёзувчи рассомчиликка жиддий қизиқиб қолган ва ҳатто у фақат рассом бўлишни истаб, аввалги машғулотларидан воз кечишни хоҳлаган эди;
- Иоганн Гёте туғилишданоқ яхши саломатлик билан ажралиб турмаган, шунинг учун бутун умри давомида унга алоҳида эътибор берган. У тўғри овқатланиш ва спорт билан мунтазам шуғулланган, алкогол ва тамаки чекишни қатъиян рад этган.
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.
Мавзуга доир:
Реал фожиага асосланган шедевр. «Америка фожиаси» ҳақидаЖиноят ҳуқуқи ҳақида ўйлар. «Жиноят ва жазо» романи ҳақида
Матонат – муваффақиятга эришишнинг ягона йўли. «Мартин Иден» романи ҳақида
«Уста ва Маргарита» ХХ асрнинг энг буюк романими?
«Ниҳоят у денгизда ҳеч қачон ёлғиз қолмаслигини тушунди…» «Чол ва денгиз» романи ҳақида
«Давлат ва ватан битта нарса эмас». «Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ» романи ҳақида
Буюк ёзувчининг иқрори. «Иқрорнома» романи ҳақида
Одамлар, бўрилар ва гуноҳлар. «Қиёмат» романи ҳақида
Сўзлар одамга ўз фикрларини яшириш учун берилади. «Қизил ва қора» романи ҳақида
Умри саёҳатларда ўтаётган авлод қиссаси. Олга Токарчук нега адабиёт бўйича Нобел мукофотини олди?
Изоҳ (0)