Президент Шавкат Мирзиёев 28 октябрь куни аҳолини уй-жой билан таъминлаш ва ипотека бозорини ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди, дея хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.
Президент матбуот хизматининг қайд этишича, «давлат хусусий сектор иштирокисиз аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини тўла қондириши қийин». Шу боис йиғилишда ипотека тизимига босқичма-босқич бозор механизмларини жорий этиш, соҳада хусусий секторнинг ўрнини ошириш масалалари муҳокама қилинган.
Янги тизимга мувофиқ, кўп қаватли уй-жой қурилиши тадбиркорлик субъектлари томонидан амалга оширилади. Давлат томонидан ер ва ипотека кредити учун банкларга маблағ ажратилади. Уй-жойлар нархининг ошиб кетмаслиги ва хамёнбоп бўлишини таъминлаш бўйича ҳам зарур чоралар кўрилади.
Хусусан, 2020 йилдан бошлаб 16 мингта оилага бошланғич бадал ва кредит фоиз харажатлари учун бюджетдан субсидия ажратилади. Ушбу субсидиялар орқали уйлар бошланғич бадалининг 10 фоизи ҳамда Тошкент шаҳри учун 12 фоиз, қолган шаҳарларда 10 фоиздан юқори кредит фоизлари қоплаб берилади.
«Мазкур янги тизим келаси йилдан Андижон, Наманган, Фарғона, Бухоро, Самарқанд ва Тошкент вилоятлари ҳамда пойтахтимизда тажриба тариқасида жорий этилади. Қолган ҳудудларда эски тартиб сақланиб қолиб, янги тизим унга рақобатчи бўлади», — дея хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.
Изоҳ (0)