Ўзбекистон Энергетика вазирлигининг Ахборот хизматининг бошлиғи Элмира Бекмуродова вазирнинг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси – матбуот котиби лавозимига тайинланди ва бунда ўзининг аввалги лавозимини сақлаб қолади, деб хабар беради вазирлик матбуот хизмати.

Фото: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати

Шунингдек, қатор давлат ташкилотлари раҳбарларига ҳам ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчилар тайинланди.

Фото: ЎзА

Ўзбекистон Адлия вазирлигининг Ахборот хизмати бошлиғи Севара Ўринбоева вазирнинг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси – матбуот котиби лавозимига тайинланди ва бунда ўзининг аввалги лавозимини сақлаб қолади.

Фото: ЎзА

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўлими бошлиғи Феруза Мадраҳимова инспекция бошлиғининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси – матбуот котиби лавозимига тайинланди ва бунда ўзининг аввалги лавозимини сақлаб қолади.

Фото: ЎзА

Анвар Суюнов Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш Давлат қўмитаси ахборот хизмати раҳбари – матбуот котиби этиб тайинланди.

Шунингдек, қўмита раисининг 2019 йил 3 июль ҳамда 29 июлда қабул қилинган қарори билан қўмита бошқарув аппарати тузилмасига белгиланган умумий штат бирлиги ва меҳнат ҳақи фонди доирасидан чиқмаган ҳолда ўзгартиришлар киритилди.

Унга кўра, қўмита ахборот хизмати раҳбари – матбуот котиби ҳамда оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик билан алоқалар, веб-ресурслар ва ижтимоий тармоқлар билан ишлаш бўйича бош мутахассис лавозимлари жорий этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июндаги «Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, ахборот хизмати раҳбари – матбуот котиби ахборот сиёсати масалалари бўйича қўмита раиси маслаҳатчиси мақомига эга бўлиб, меҳнатга ҳақ тўлаш ва транспорт хизмати кўрсатиш шартларига кўра, қўмита раисининг ўринбосарига тенглаштирилади.

Меҳрибон Маметова «Ҳудудгазтаъминот« АЖ матбуот котиби, бошқарув раисининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланди.

Лавозимга тайинлов Ўзбекистон Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги хулосасига кўра амалга оширилди.