Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2019 йил 22 октябрда ўтказилган мажлисида «Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси депутатлар томонидан кўриб чиқилди. Бу ҳақда қуйи палата ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

Қайд этилишича, биринчи ўқишдаги муҳокамадан кейин мазкур қонун лойиҳаси масъул қўмита аъзолари, депутатлар, мутахассис ва экспертлар иштирокида жойларда кенг муҳокамадан ўтказилган.

Кўрилган чоралар натижасида, мамлакатда давлат-хусусий шериклиги, аутсорсинг каби замонавий механизмлар биринчи бўлиб айнан мактабгача таълим тизимига кенг кўламда, самарали ва сифатли жорий қилинди. Давлат мактабгача таълим ташкилотлари билан бир қаторда, нодавлат мактабгача таълим муассасалари ҳам шиддат билан ривожланиб, улар сони муттасил кўпайиб бормоқда, дейилади хабарда.

Қонунчилик палатаси томонидан таъкидланишича, бу болаларни ҳар томонлама етук, интеллектуал салоҳиятли этиб тарбиялаш, маънавий-эстетик, жисмоний жиҳатдан ривожлантиришга кўмаклашади.

Шунингдек, ҳужжат мамлакатда давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ўртасида соғлом рақобатни вужудга келтириш орқали мактабгача таълим билан болалар қамрови кўламини босқичма-босқич оширишга, уларга солиқ имтиёзлари ва преференсиялар, бюджет субсидияларни ажратиш ҳамда мактабгача таълим-тарбиянинг муқобил шаклларини жорий этишга имкон беради.

Ана шулардан келиб чиқиб, мажлисда «Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида»ги қонун депутатлар томонидан қабул қилинди ва маъқуллаш учун Сенатга юборилди.