Қаршида тез тиббий ёрдам ходимларига яна тажовуз қилинди, деб хабар бермоқда ССВ матбуот хизмати.

Маълум бўлишича, 16 октябрь куни соат 08:28 да Қарши шаҳри, Депо кўчаси 28-уйда яшовчи 52 ёшли Ш.Г. ҳушидан кетгани юзасидан «тез ёрдам» чақиртирилган.

Соат 8:36 да чақириқ жойига  врач А.Б., фельдшер С.Н. ҳамда ҳайдовчи Ғ.Р.дан иборат «тез ёрдам» бригадаси жўнатилган ва улар манзилга зудлик билан соат 08:42 да етиб борган.

Врач ва фелдшер хонага кирганида бемор ёнбош ётган, қўллари ва оёқлари букилган ҳолатда бўлган. Врач қон босимини ўлчаш учун унинг қўлини тўғрилашга уринганида қўли музлаганини сезган. Шундан сўнг шифокор дарҳол беморнинг бўйнидаги томир уришини аниқлашга ҳаракат қилган. Томир уриши сезилмаган, бемор нафас ҳам олмаган, кўз қорачиғининг ёруғликка таъсири текширилганида эса умуман реакция бўлмаган.

Шундан сўнг шифокор биологик ўлимни қайд этган. Бу ҳақда ёнида турган фельдшерга маълум қилган. Буни эшитган орқада турган икки эркак киши фельдшер С.Н.нинг белига тўсатдан кучли зарб билан қаттиқ тепган. Аёл киши бўлишига қарамасдан, врач А.Б.ни ҳам бир вақтнинг ўзида қаттиқ калтаклашган. Натижада фельдшер воқеа жойида ҳушидан кетган, врач эса жиддий тан жароҳати олган.

«Тез ёрдам» ҳайдовчиси ўша уйда бўлганлардан бири кўмагида шифокор ва фельдшерни машинага олиб чиқиб, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қарши филиалига олиб келган. Мутахассислар кўриги ва стандарт текширувларда фельдшер С.Н.га ёпиқ бош мия жароҳати, бош мия чайқалиши, кўкрак, орқа ва бел, бош энса соҳаси юмшоқ тўқимаси лат ейиши, врач А.Б.га ёпиқ бош мия жароҳати, бош мия чайқалиши, юмшоқ тўқималарнинг  лат ейиши ташхиси қўйилган. Улар айни пайтда РШТЙОИМ Қарши филиалининг нейрохирургия бўлимида даволанмоқда.

Чақириқ бўлган хонадондаги марҳумнинг жасадини унинг яқинлари ўзларининг автомашинасида РШТЙОИМ Қарши филиалига ўзлари олиб борган. Реанимация бўлими шифокорлари уни тахминан бир соатча аввал вафот этганини тасдиқлаган. Шундан сўнг шифохона маъмурияти ички ишлар бўлимига хабар берган. Айни пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари воқеа тафсилотларини ўрганмоқда.