«Ўзбекконцерт» давлат муассасаси 2019 йилда бир қатор хонандалар ҳамда кулги жамоаларининг лицензиясини тугатди. «Дарё» мухбири Феруз Муҳаммад лицензияси тугатилган хонанда ва кулги жамоалари ҳамда уларнинг лицензияси тугатилиш сабабларини ўрганди.

«Ўзбекконцерт» томонидан 2019 йил 26 февраль куни  «Браво» жамоаси ва актриса Ҳалима Ибрагимованинг лицензияси тугатилди.

Фото: Instagram

«Ўзбекконцерт» билан тузган лицензия талаблари ва шартлари қўпол равишда бузилгани, яъни ўтказилган концерт дастурларида муассасага топширилган сценарийдан четга чиқиб, миллий урф-одатлар, одоб-ахлоқ, маънавий қадриятларга ёт бўлган, фаҳшни тарғиб қилувчи ҳажвиялар орқали ўзбек сўз санъати обрўсига путур етказаётгани, ижтимоий тармоқларда санъаткор одобига риоя этмаганлиги бунга асосий сабаб қилиб кўрсатилган.

«Браво» жамоаси етти ойлик лицензиясизлик давридан сўнг, 2019 йил 13—20 октябрь кунлари «Халқлар дўстлиги» санъат саройида ўзининг иккинчи концерт дастурини тақдим қилмоқда.

Фото: «Дарё»

Қизиқчи Ҳалима Ибрагимова лицензиясини қайтариб олгани ёки олмагани ҳақида аниқ маълумот топа олмадик.

Фото: Instagram/@xalimaxonim

«Гап йўқ триоси» аъзолари Сардор Тошмуҳамедов, Лалиддин Холматов ва Санжар Исабаев ёш авлодни маънавий-ахлоқий тарбиялашга салбий таъсир кўрсатадиган мазмунан саёз, мантиқ ва шеърият талабларига жавоб бермайдиган бачкана сўзлар ижросида бўлган «оммавий маданият» ва ахлоқсизлик ғояларини тарғиб этувчи видео клипларни ижтимоий тармоқларда тарқатганлиги учун огоҳлантирилди ҳамда келгусида шу каби ҳолатлар такрорланса, уларнинг лицензиялари ҳам тўхтатилиши маълум қилинди.

«Гап йўқ триоси» йигитлари фақатгина огоҳлантириш билан қутилиб қолди ва «Максимум» жамоаси аъзолари сифатида жамоанинг илк концерт дастурида чиқиш қилди.

Фото: «Дарё»

Хонанда Шаҳло Аҳмедова ҳам қарийб бир йилдан буён лицензиясиз хонандалар рўйхатида турибди.

Фото: Instagram

Хонанданинг лицензияси 2018 йилнинг 13 ноябрида тугатилган эди. Шаҳло Аҳмедованинг «Летние дожди» деб номланган видеоклипида миллий маънавиятимизга ёт бўлган, томошабинларнинг эътиборини жалб этиш учун халқимиз менталитетига зид, шарқона одоб-ахлоқ меъёрларига тўғри келмайдиган ҳаракатлардан ҳам тап тортмай, йигит ва қизнинг ишқий кечинмаларини очиқ-ошкора ифода этиб, буни андишасизларча тасвирга олиб кенг оммага намойиш этгани учун унинг лицензияси олиб қўйилган эди.

«Ўзбекконцерт» раҳбари Одилжон Абдуқаҳҳоров матбуот анжуманларидан бирида «Шаҳло Аҳмедова бир неча маротаба мурожаат қилган бўлса ҳам лицензиясини қайтармаяпмиз. Ушбу клип Ўзбекистон учун олинмаган бўлса ҳам, клипни интернет тармоқлари орқали барча кўриб бўлди», — дея ўз фикрларини айтиб ўтган эди.

Хонанда Шаҳло Аҳмедованинг маъмури хонанданинг лицензияси ҳали ҳам қайтарилмаганлигини маълум қилди.

«Ўзбекконцерт» огоҳлантиришларидан «Миллион» жамоаси ҳам четда қолмади. «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси 2019 йилнинг 14 июлида «Миллион» жамоаси 2019 йилнинг 16 июлига қадар 187 миллион сўм давлат божини тўламаса, лицензияси бекор қилинади мазмунидаги расмий билдиришини эълон қилди.

Фото: «Дарё»

Орадан бир кун ўтиб «Миллион» жамоаси сардори Даврон Кабулов эса 2019 йилнинг 15 июль куни ўзининг Instagram’даги расмий саҳифасига жойлаган кинояли постида «Ўзбекконцерт» ДМ томонидан 2,5 баробар ошириб қўйилган божларни тўлаш бугундан бошланганини маълум қилди ва лицензиясини сақлаб қолиб, вилоятлар бўйлаб гастрол концертларини тақдим этди.

Фото: «Дарё»

Хонанда Абдулла Қурбонов Жаҳонгир Отажоновга қилган «ножоиз муносабати» туфайли 2019 йил 31 май куни лицензиясидан айрилди.

Фото: «Халқ сўзи Online»

Қизиғи шундаки, хонанданинг лицензияси қайтарилгани ёки қайтарилмагани ҳақида ҳеч қандай расмий маълумот бўлмаган ҳолда Абдулла Қурбонов хусусий телеканалларнинг бир қанча лойиҳаларида чиқиш қилди. Тушунарсиз ҳолат.

Хонанда Озода Нурсаидованинг ижодий эркинликка чиқиши, хонанда Жаҳонгир Отажоновнинг лицензиясидан маҳрум бўлиш вақтига тўғри келди.

Фото: Instagram/@ozodaofficial

Хонанда Озода Саидзода (Нурсаидова) шу йилнинг 10 октябрь, пайшанба куни «Ўзбекконцерт»га рухсат берувчи лицензия сўраб мурожаат қилган. Мурожаат юзасидан 13 октябрь, якшанба куни «Ўзбекконцерт»да санъаткорлар иштирокида давра суҳбати ташкил этилган. Хонанда Озода Саидзоданинг ўзи ҳам сўзга чиқиб, хатоларини тан олиб, жамоатчилик орасида ўзининг ноўрин фикрларини ижтимоий тармоқлар орқали баён этганидан астойдил пушаймон эканлигини билдирган, Президент, халқ ҳамда барча санъаткорлардан узр сўраган.

2019 йилнинг 14 октябрь куни Жаҳонгир Отажонов лицензиясидан айрилди. «Ўзбекконцерт» хонанданинг сўнгги вақтлардаги ижтимоий тармоқларда тарқалган ҳар хил видеолавҳалари ва ундаги хатти-ҳаракатларини бунинг сабаби қилиб кўрсатди.

Фото: «Дарё»

Бундан ташқари, «Ўзбекконцерт» ва хонандалар билан боғлиқ кўплаб жавобини топмаган саволлар мавжуд.

Мисол учун, ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Зиёда Қобилова, Райҳон Ғаниева, ‘Божалар’ гуруҳининг яккахони Жаҳонгир Позилжонов ва қизиқчи Ҳалимахоним «запрет»га тушгани ҳақида миш-мишлар тарқалди.

Уларнинг «запрет»га тушгани ҳақида ҳеч қандай расмий маълумот йўқлигини маълум қилган Озодбек Назарбеков «Санъаткорларнинг фаолиятини чеклаш ёки давом эттириш тўғридан-тўғри «Ўзбекконцерт»нинг ваколатида», деди. Аммо бу масалада «Ўзбекконцерт» томонидан ҳеч қандай расмий маълумот берилгани йўқ. «Запрет»га тушгани тахмин қилинаётган санъаткорлар эса телеканал эфирларида кўринмаяпти.

«Ўзбекконцерт» томонидан юқоридаги тушунарсиз ҳолатларга изоҳ берилишини кутиб қоламиз.