Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон ўзининг Facebook’даги саҳифасида режиссёр Дилмурод Масаидов томонидан суратга олинган «Қўқон шамоли» тарихий фильми ҳақида пост қолдирган.
Ушбу пост орқали Хуршид Даврон «Амир Умархон қизил бош, шиа бўлганми, шиа эмас, сунний бўлса нега унинг салласи қизил?» мазмунидаги саволларни ўртага ташлаб, фильм ижодкорларини «чала мулла»ликда айблаган.
«Қўқон шамоли» тарихий фильмининг режиссёри Дилмурод Масаидов журналист Феруз Муҳаммадга берган интервьюсида ушбу эътирозларга қуйидагича муносабат билдирди.
Бир ранг билан одамнинг иймони ўзгариб қолмайди. Устоз Хуршид Даврон аввал фильмни кўрсинлар, агар шунда ҳам фикрларини ўзгартирмасалар, унда майли. Рангдан ташқари шакл-шамойил деган гап бор, шиаларнинг бош кийими қандай кийилади деган саволлар бор. Аввало мана шу саволларни ҳам одам ўзи учун бўлса-да ечиб олиши керак.‘Қўқон шамоли’ фильмидаги саллани ўралишига эътибор қилган бўлсангиз, бу умуман шиаларникига мос эмас, тўғри ҳам келмайди. Хуршид Даврон ‘қизил бош’ деган гапни ишлатибдилар, у ҳам нотўғри деб ўйлайман. Чунки ‘қизил бош’ деб айтиладиган нарса умуман бошқа нарса. Яъни бу яхшигина тақризталаб мавзу.
Агар кимда шу гаплардан кейин ҳам савол туғилиб қолса, интернетга кириб ‘Эрон султонларининг салласи’ деб қидирсалар, шиа хонлари бош кийимини қандай ўраши кўрсатиб қўйилган. Сўз сўнгида шуни айта оламанки, мен ҳам ўз фикримда қоламан. ‘Қўқон шамоли’ фильмида умуман мазҳаблар тўқнашуви, яна ҳам тўғрироқ айтсам, шиалик умуман йўқ.
Дилмурод Масаидов, «Қўқон шамоли» тарихий-детектив фильми режиссёри
Изоҳ (0)