Гонконг биржаси Лондон фонд биржасини сотиб олиш тўғрисидаги таклифини қайтиб олди, деб хабар бермоқда Meduza. Гонконг томонининг таклифни бекор қилишига Лондон биржаси раҳбариятининг ҳам, унинг акциядорларининг ҳам буни қўллаб-қувватламагани сабаб бўлган.

Фото: Expat Capital

Гонконг Лондон биржасини сотиб олиш ҳақида 11 сентябрь куни таклиф билдирганди. Ҳам пул, ҳам акциялар айирбошлашни ўз ичига олган битим 39 миллиард долларга баҳоланганди.

Гонконг томони илгари сурган шартлардан бири Лондон фонд биржасининг Refinitiv молиявий-таҳлилий ахборот гуруҳини 27 миллиард долларга сотиб олишдан бош тортиши эди. Гонконг ўз таклифидан воз кечганидан сўнг Лондон биржаси Refinitiv’ни сотиб олишга тайёргарликни давом эттиришини маълум қилган.

Лондон ва Гонконг фонд биржалари дунёдаги энг йирик савдо биржаларидир.

Сотиб олиш тўғрисидаги таклиф бекор қилингани ҳақида эълон қилинганидан сўнг, Лондон фонд биржасининг акциялари 6 фоизга тушган, Гонконг биржасининг қимматли қоғозлари қиймати эса 2,3 фоизга ошган.