7 октябрь куни Сурхондарё вилояти Денов туманидаги деҳқон бозори ёнида 1969 йилда туғилган Ш. исмли эркак М. исмли аёл ва унинг турмуш ўртоғи билан жанжаллашиб, уларга жароҳат етказди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, Ш. 1980 йилда туғилган М. билан ишқий муносабатда бўлиб келган. Ўзаро жанжал оқибатида у М.нинг бўйин соҳасига ошхона пичоғини тираб жароҳат етказган. Уни ҳимоя қилишга уринган турмуш ўртоғи А.нинг эса кўкрак қафасига бир маротаба пичоқ уриб, қасддан ўлдиришга ҳаракат қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида туман прокуратураси томонидан Ш.га нисбатан Жиноят кодексининг 25, 97-моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.