Эрон Инқилоби қўриқчилари корпусининг бош қўмондони генерал майор Ҳусайн Саломий Исроилни йўқ қилиш «эришиб бўладиган мақсад» эканлигини айтди. Бу ҳақда The Times of Israel хабар берди.
Унинг айтишича, Эрон ислом инқилобидан сўнг 40 йил ўтгач «сионистлар тузумини йўқ қилиш қобилиятига» эга бўлганлигини таъкидлади. Саломийнинг қўшимча қилишича, яҳудийлар давлати ер юзидан йўқ қилиниши керак ва бу «энди орзу эмас».
Нашрнинг қайд этишича, генерал майор Теҳронда бўлиб ўтган Эрон Инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондонларининг учрашувида шундай баёнот берган. Бу Эрон ҳамда АҚШ ва унинг иттифоқчилари ўртасида кучайиб бораётган зиддият шароитида айтилди.
Сентябрь ойида Эрон Исроилни ИШИД террорчилик гуруҳини қўллаб-қувватлаганликда айблаган эди.
Август ойида эса Исроил ва БАА Эронга қарши кураш йўлларини муҳокама қилиш учун бир неча махфий учрашувлар ўтказгани ҳақида хабар берилган эди. Музокаралар давомида томонлар «Теҳрон томонидан кучайиб бораётган таҳдидга қарши курашиш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштирган ва ахборот алмашган».
АҚШ ва Эрон муносабатлари 2018 йилнинг май ойи бошида Трамп Вашингтон 2015 йилги ядро битимидан чиқишини эълон қилгани ва Теҳронга қарши санкцияларни янгилаганидан сўнг кескинлашганди.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)