26 сентябрь, пайшанба куни футбол бўйича Ўзбекистон Кубогининг ярим финал учрашувлари бўлиб ўтди.
Вадим Абрамов қўл остидаги Тошкентнинг «Бунёдкор» жамоаси меҳмонда Миржалол Қосимов бошқарувидаги Олмалиқнинг ОКМК клуби билан баҳсга киришди.
Беллашув давомида Олмалиқ клуби вакиллари Шаҳзод Нурматов (8), Элгужа Григалашвили (50) ҳамда Сардор Раҳмонов (85) ўз номига биттадан гол ёздириб қўйган бўлса, «қалдирғочлар»дан Нурилло Тўхтасинов ҳам битта голга муаллифлик қилди.
Шу тариқа ОКМК ўз уйида кечган баҳсда «Бунёдкор»ни 3:1 ҳисобида мағлубиятга учратиб, мусобақанинг финалига йўлланмани қўлга киритди.
Шу куни Шота Арвеладзе бошлиқ Тошкентнинг «Пахтакор» клуби ўз майдонида Рўзиқул Бердиев бошчилигидаги Қаршининг «Насаф» жамоасини қабул қилди.
Учрашувнинг 21-дақиқасида Қарши клуби ҳужумчиси Бобур Абдухолиқов ҳисобни очган бўлса, 33-дақиқага келиб «шерлар» ярим ҳимоячиси Драган Черан ҳисобни тенглаштирди (1:1). Орадан 5 дақиқа ўтиб Жалолиддин Машарипов тошкентликларни ҳисобда олдинга олиб чиқди (2:1).
Баҳс якунига кўра, «Пахтакор» «Насаф»дан 2:1 ҳисобида устун келди ва мусобақанинг финалига чиқди.
Ўзбекистон Кубоги
Ярим финал баҳслари
ОКМК—«Бунёдкор» 3:1
Голлар: 1:0 — 8 Шаҳзод Нурматов, 2:0 — 50 Элгужа Григалашвили, 2:1 — 58 Нурилло Тўхтасинов, 3:1 — 85 Сардор Раҳмонов«Пахтакор»—«Насаф» 2:1
Голлар: 0:1 — 21 Бобур Абдухолиқов, 1:1 — 33 Драган Черан, 2:1 — 38 Жалолиддин МашариповЯнада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)