Мудофаа вазири ўринбосари генерал майор Азизбек Икромов Ўзбекистон Регби федерацияси вице-президенти этиб тайинланди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди.
Жорий йилнинг 4 сентябрь куни Ўзбекистон Президенти раҳбарлигида 2020 йилда Япониянинг Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган Олимпиада ўйинларига тайёргарлик кўриш, оммавий спорт ва жисмоний тарбияни ривожлантириш бўйича олиб борилган ишлар натижадорлиги ва бу борада амалга ошириладиган долзарб вазифаларга бағишланган видеоселектор бўлиб ўтган эди.
Ушбу йиғилишда қатор вазирлик ва идоралар қатори Мудофаа вазирилигига ҳам бир нечта топшириқлар берилганди.
24 сентябрь, сешанба куни Регби федерацияси вице-президенти этиб тайинланган Мудофаа вазирининг ўринбосари генерал майор Азизбек Икромов регби спортини ривожлантириш, ҳам эркаклар, ҳам аёллар терма жамоалари учун Париж Олимпиадасига йўлланма олиш бўйича муҳокама олиб борди.
Унда мавжуд имкониятлар ва бажарилиши лозим бўлган муҳим чора-тадбирлар кўриб чиқилди. Спорт майдонларининг умумий аҳволи ва моддий техник базаси ўрганилди. Муҳокама якунида «Йўл харитаси» ишлаб чиқиш ва уни ҳаётга тадбиқ этиш бўйича келишиб олинди.
Генерал майор Азизбек Икромов бир вақтнинг ўзида мудофаа вазирининг Тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари ҳамдир.
Изоҳ (0)