1945 йилнинг 16 июль санасида АҚШдаги Нью-Мексико штати ҳудудидаги чўлда одамзот ўз қўли билан ясаган илк оммавий қирғин қуроли сифатидаги атом бомбасини портлатишди. Ўша воқеа тарихни бутунлай бошқа кўчага буриб юборган десак муболаға бўлмайди. Ўшандан буён мана 74 йилдан зиёд вақт ўтди. Ўтган вақт эса одамзотни ақлни йиғиб олиб, бу даҳшатли қуролдан воз кечишга эмас, балки янада катта миқёсда қуролланишига сабаб бўлди. Чунки ўшандан буён ҳисоблаганда, дунё бўйлаб ўз атом бомбасини тайёрлаган ва синаш-портлатиш ишларини бажарган мамлакатлар сони саккизтага етди. Умумий ҳисобда эса 2 минг мартадан кўп ядро синовлари амалга оширилди.

Канадалик график дизайнер Питер Этвуд ҳозирда расман маълум бўлган ядро портлатишларининг харитасини тузиб чиқди. Миқёсни аниқроқ олиш учун эса Этвуд тўққизта алоҳида ҳудудий харита ҳам чизган.

Фото: Питер Этвуд

Харитадан маълум бўлмоқдаки, ядро синовлари шу чоққача фақат Антарктидада ва Жанубий Америкада ўтказилмабди холос. Бошқа ҳамма қитъалар қирғинбарот қуролнинг зарба тўлқинига дучор бўлган. Албатта, ядро синовларининг аксарияти совуқ уруш даврида СССР ва АҚШ томонидан ўтказилган. Синов портлашлари қаерда ва қачон ўтказилганини кўриш учун, келинг, Этвуд чизган ҳудудий хариталарга назар ташлаймиз.

АҚШ, Невада синов полигони

Фото: Питер Этвуд

Ер шарида энг кўп ядро бомбаси портлаган жой АҚШнинг Невада штатида жойлашган синов полигони бўлган. Бу жой Лас-Вегасдан 130 километр масофада бўлиб, 1951 йилдан то 1992 йилгача бу жойда жами 928 марта ядро синовлари ўтказилган. Гарчи жойнинг ўзи шаҳардан олисда, чўл ўртасида бўлган бўлса-да, бироқ унинг акс-садосини жуда узоқдагилар ҳам билишган. Хусусан, Лас-Вегасдаги меҳмонхоналар ойналаридан мижозлар портлашдан кейин чўл томонда ҳосил бўлган ёрқин оловранг булутни кўришлари мумкин эди.

Тинч Океани полигони. Маршалл ороллари

Фото: Питер Этвуд

АҚШ учун айрим ядро синовларини бевосита материкда, мамлакат ҳудудида ўтказиш ўта хатарли эди. Шу сабабли Қўшма Штатлар Тинч океанидаги Маршалл оролларида ҳам махсус синов майдончаси ташкил қилган. Бу ерда АҚШ ҳарбийлари жами 106 марта ядро бомбаси портлатган. Хусусан, қуввати Хиросимага ташланган бомбадан минг марта катта бўлган, яъни 15 мегатонналик даҳшатли қирғин бомбасини ҳам шу жойда синаб кўрилган.

Семипалатинск полигони, Қозоғистон

Фото: Питер Этвуд

Совет Иттифоқининг энг йирик полигони эса Қозоғистоннинг шимоли-ғарбида жойлашган Семипалатинск полигони бўлган. Бу ерда советлар 1949 йилдаги энг биринчи синовдан бошлаб 1991 йилгача, яъни тузум қулагунгача бўлган вақт орасида жами 456 марта ядро синовини амалга оширган. Ҳозирда Семипалатинск ядро полигонида олимлар ядро амалиётининг узоқ муддатли ножўя таъсирларини текшириш юзасидан изланишлар олиб боришмоқда.

Новая Земля синов полигони, Россия

Фото: Питер Этвуд

Шимолий Муз океанида жойлашган Новая Земля архипелаги 224 марта ядро синовларига гувоҳ бўлган. Булар орасида шу чоққача портлаган бомбалар орасида энг каттаси – «Царь бомба» («Подшо бомба») ҳам бор. Унинг қуввати АҚШнинг энг кучли атом бомбасидан уч баробар катта бўлган.

Француз Полинезияси

Фото: Питер Этвуд

1960 йилдан бошлаб 1996 йилгача Франция 217 марта ядро синовларини амалга оширган. Ушбу синовларнинг аксарияти Тинч океанида жойлашган Францияга қарашли митти оролларда бажарилган. Шунингдек, ҳали Франция мустамлакаси бўлган замонларда Жазоир  чўлларида ҳам бир нечта ядро бомбасининг синаш ишлари олиб борилган.

Хитойнинг Лоб-Нор синов базаси

Фото: Питер Этвуд

Хитой 1945 йилдан бошлаб ядро синовларини ўтказа бошлаган. Уларнинг полигони Шинжон-Уйғур мухтор ўлкасида бўлиб, сўнгги ядро синовини хитойлар 1996 йилда амалга оширган эди. Ўшанда расмий Пекин ҳисоб бўйича 45 марта атом бомбасини портлатиб кўрган.

Австралиядаги Британия синов полигони

Фото: Питер Этвуд

Буюк Британиянинг асосий ороллари ядро синовларини ўтказиш учун анча тор ва хатарлидир. Шу сабабли Бирлашган Қироллик армияси ўз ядро синовларини Австралия билан биргаликда ушбу мамлакатнинг кимсасиз чўлларида амалга оширган. Уларнинг синовлари 1952 йилдан 1957 йилгача давом этган, лекин неча марта синов портлатиши амалга оширилгани очиқланмаган.

Покистон ва Ҳиндистон

Фото: Питер Этвуд

Бу мамлакатлар жами олти марта ядро синовини амалга оширган. Гарчи бу рақам юқоридагилар олдида анча кам кўринса-да, бироқ мутахассислар қачонлардир ядро хуружи рўй бериши эҳтимоли энг юқори бўлган жой деб айнан Покистон ва Ҳиндистон чегарасини кўрсатади.

Пунгери полигони, Шимолий Корея

Фото: Питер Этвуд

Ўз ядро қуролини тайёрлаган ва синовдан ўтказган охирги мамлакат бу Шимолий Кореядир. Бу мамлакат 2006 йилда илк бора синов портлатишини бажарган эди. Ўшандан бери Пунгери ядро полигонида Шимолий Кореянинг яна олтита ядро синовлари амалга оширилган.

* * *

Ўзбекистонда ҳам, гарчи кўп бўлмаса-да, ядровий портлашлар рўй берган. 1966 йилда собиқ Иттифоқ томонидан ер остида, минг метр чуқурликда ядро бомбаси портлатилган. Бундай хавфли чора советлар томонидан ер остидаги конларда юзага келган ёнғинни ўчириш учун кўрилган эди.

Фото: Reddit

Ер ости ёнғинини ўчириш учун конни портлатиш йўли билан газ манбасидан халос бўлиш мақсадида ядро бомбаларидан бирини у ерга йўналтиришга қарор қилишган. 30 килотонналик ядро жанговар каллаги бир неча минг километр чуқурликда портлатилган ва 1963 йилдан буён тўхтовсиз ёниб келган аланга портлашдан кейин 23 сония ичида деярли тўлиқ тўхтаган.