Ўзбекистон миллий кинокомиссиясида 21 сентябрь куни «Оскар» мукофотининг «Энг яхши халқаро бадиий фильм» номинациясига ўзбек киноижодкорларидан тақдим қилинган фильмлар муҳокамаси бўлиб ўтган.

Кадр: «Иссиқ нон» фильми

Муҳокамаларда режиссор Абдухалил Мингноровнинг «Имом Термизий», Рихсивой Муҳаммаджоновнинг «Қор ёғмоқда, оппоқ қор», Абдувоҳид Ғаниевнинг «Элпарвар», Умид Ҳамдамовнинг «Иссиқ нон», Зулфиқор Мусоқовнинг «Берлин—Оққўрғон» ҳамда Илҳом Муҳаммадиброҳимовнинг «Парвоз» фильмлари кўриб чиқилган.

Ўзбек киносига бағишлаб 23 сентябрь куни ўтказилган форумда режиссор Умид Ҳамдамовнинг «Иссиқ нон» тўлиқ метражли бадиий фильми «Оскар» мукофотига Ўзбекистон номидан илгари сурилиши эълон қилинган.

Маълумот учун, 2019 йил майида Америка кинематография санъати ва фани академияси Ўзбекистон «Оскар» қўмитасини рўйхатдан ўтказган эди. Ўзбекистон миллий кинокомиссияси Ўзбекистон «Оскар» қўмитасининг мувофиқлаштирувчи маркази ҳисобланади.

Умид Ҳамдамовнинг «Иссиқ нон» фильми 2019 йил апрелида Тошкентда бўлиб ўтган «Олтин ҳумо» тақдимотида «Энг яхши монтаж иши», «Энг яхши сценарий» ва «Энг яхши фильм» йўналишларида ғолибликни қўлга киритган эди. Россиянинг Анапа шаҳрида бўлиб ўтган «Киношок» фестивалида эса Гран-прига лойиқ кўрилган эди.