Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги супер-контрактлар ҳақида қўшимча расмий маълумотларни эълон қилди. Ўқишдан йиқилиб, контрактнинг кириш чизиғига 4 баллдан ортиқ етмаган ҳамда 56,7 баллдан кўп балл тўплаган абитуриентлар учун супер-контрактнинг минимал миқдорлари тасдиқланди.

2019 йилда абитуриентлар учун супер-контракт тўлашда қуйидаги енгилликлар берилади:

  • супер-контракт миқдорлари стипендиясиз базавий тўлов-контракт миқдорларига нисбатан ҳисобланади (яъни нархлар арзонлашади);
  • тўловчиларнинг ўз ҳоҳишига кўра стипендияли тўловлар, яъни, табақалаштирилган тўлов-контракт суммасига (бир ўқув йили учун 4,8 миллион сўм) қўшимча тўлаш мумкин. Яъни агар истаса 4,8 миллион сўм қўшиб тўласа, талаба ҳар ой стипендия олиши ҳам мумкин бўлади;
  • супер-контрактни йил давомида иккига бўлиб ёки ҳаттоки ойларга бўлиб тўлаш имконияти ҳам берилади;
  • бунда супер-контракт миқдорини ойларга бўлиб тўланганда ҳам, ўқув йилининг биринчи ярми учун камида 50 фоизи жорий йилнинг 1 ноябридан ҳамда иккинчи ярми учун 2020 йилнинг 1 мартидан кечиктирмай тўланиши лозим.

Юқоридаги қоидалар кириш чизиғига 4 баллгача етмаган абитуриентлар учун ҳам амал қилади. Маълумот учун, кириш чизиғига 4 баллгача етмаганлар супер-контрактни қуйидаги миқдорда тўлашади:

  • 1 баллгача етмаган абитуриентлар учун — 1,5 баробар;
  • 1.1 баллдан 2 баллгача етмаганлар учун — 2,0 баробар;
  • 2.1 баллдан 3 баллгача етмаганлар учун — 2,5 баробар;
  • 3.1 баллдан 4 баллгача етмаганлар учун — 3,0 баробар.

Супер-контракт нархлари

Тўплаган бали кириш чизиғига 4 баллдан ортиқ етмаган, лекин 56,7 дан кўп балл тўплаган абитуриентлар учун супер-контракт миқдорлари тасдиқланди. Миқдорлар ўтган йилгидан деярли ўзгармаган.

Энг қиммат миқдор юриспруденсия йўналишида — 25 баробар, яъни 229 миллион 184 минг сўм. Кейинги ўринда тиббиёт йўналишиники — 20 баробар, яъни 170 миллион 649 минг сўм. Қолган йўналишлар 10 ва 15 баробар миқдорда белгиланган. Ушбу нархлар минимал миқдор ҳисобланади.

2019 йилдан бошлаб олийгоҳлар супер-контракт нархини ўзи мустақил белгилайди, фақат асосий шарти минимал миқдордан кам бўлмаслиги керак. Яъни юриспруденсияда супер-контракт 229 миллион сўмдан кам бўлиши мумкин эмас, лекин талабга қараб бундан қиммат бўлиши ҳам мумкин. Супер-контракт нархининг аниқ қанча бўлишини ОТМдан бориб билиш мумкин.

56,7 баллдан кам тўплаганлар супер-контрактнинг камида 2 баробарини тўлашади. Масалан, юриспруденсия камида 50 баробар, тиббиёт камида 40 баробар ва ҳ.к. Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев ўз телеграм каналида сиртқи таълим учун ҳам супер-контракт бор-йўқлигига аниқлик киритган.

«Кимдан бунақа гап чиққан билмадиму, лекин кўпчилик сиртқи таълим учун супер-контракт бўлмас экан, шу ростми, деб сўрашмоқда. Давлат қабул комиссияси қарорига назар ташласак, у ерда ‘бакалавриат таълим йўналишлари’ дея умумий белгиланган. Яъни табақалаштирилган тўлов-контракт айнан кундузги таълим шакли учун дея кўрсатилмаган. Таълим шаклига ҳеч қандай чеклов йўқ. Бу дегани сиртқи ёки кечки таълим шаклларда ҳам ҳам супер-контрактда ўқиш ҳуқуқи мавжуд ва юқоридаги қоидалар ушбу таълим шакллари учун ҳам амал қилади», — дея ёзади у.