АҚШ Саудия Арабистони нефтни қайта ишлаш заводларига дронлар билан уюштирилган ҳужум сабаб Яқин Шарққа қўшимча қўшин юборади, бу ҳақда АҚШ мудофаа вазири Марк Эспер маълум қилган, деб ёзмоқда «Коммерсантъ».

Фото: Google Images

Пентагон раҳбарининг сўзларига кўра мамлакат президенти Дональд Трамп ушбу қарорни Саудия Арабистони ва БАА томонидан юборилган ҳимоя сўровларига жавобан қабул қилган.

«Президент сўровларга жавоб тариқасида АҚШнинг Яқин Шарқдаги қўшинлари сонини ошириш ва бу орқали асосан ракеталар ҳамда ҳаво ҳужумидан ҳимояни мустаҳкамлашга эътибор қаратмоқда», — дейди АҚШ мудофаа вазири Марк Эспер.

Саудия Арабистони ҳамда БААга керакли ҳарбий техникаларни юбориш жараёни ҳам давом этади.

Пентагон томонидан ҳудудга юбориладиган қўшин тури ва сони ҳақида келаси ҳафтада эълон қилинади. Брифингда қатнашган АҚШ Қуролли кучлари штаб бошлиқлари қўмитаси раиси Жозеф Данфорднинг сўзларига кўра, бу ерда гап минглаб эмас балки юзлаб аскарлар ҳақида кетмоқда.

Шунингдек, брифинг давомида АҚШ мудофаа вазирлиги вакиллари Эроннинг содир бўлган воқеалар айбори эканига яна бир бора урғу берган.

«Қурол Эронда ишлаб чиқарилган. Ракеталар Ямандан учирилган. Заруратга кўра Яқин Шарқ ҳудудига яна қўшин юборилиши ёки ‘бошқа ҳарбий вариантлар’ кўрилиши кўзда тутилган», — дейди АҚШ мудофаа вазири.

Эслатиб ўтамиз, 14 сентябрда Saudi Aramco’га дронлар ҳужуми уюштирилган, ушбу иш учун масъулиятни Ямандаги хусий-жангарилар ўз зиммасига олганди. Кейинчалик АҚШ ҳукумати ушбу ҳужумлар ортида Эрон турганини таъкидлади. 20 сентябрда Дональд Трамп Эронга нисбатан янги санкциялар қўлланилганини эълон қилди.