20 сентябрь, жума куни футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 20-тури доирасида 3 та ўйин якунланди.
Самарқанднинг «Динамо» жамоаси ўз майдонида «Андижон»ни қабул қилди.
Учрашувдаги ягона гол 42-дақиқада урилди. Унга Андижон клуби ҳужумчиси Шаҳзод Убайдуллаев муаллифлик қилди.
Шу тариқа андижонликлар Самарқандда «Динамо»дан 1:0 ҳисобида устун келди ва жамоа муҳим 3 очкога эга бўлди.
Мазкур ғалабадан сўнг «Андижон» очколари сонини 20 тага етказиб олди ва клуб мусобақа жадвалида 10-ўринга кўтарилди. «Динамо» эса 18 очко билан 12-поғонада бормоқда.
Шу куни Самвел Бабаян қўл остидаги Тошкентнинг «Локомотив» клуби «Қўқон-1912» меҳмони бўлди.
Беллашувнинг 35-дақиқасида Қўқон клуби ярим ҳимоячиси Сухроб Бердиев ҳисобни очган бўлса, 67-дақиқага келиб «темирйўлчилар» аъзоси Темурхўжа Абдухолиқов ҳисобни тенглаштирди.
Натижада ўйин 1:1 ҳисобида якунланди ва жамоалар бир очкодан бўлишиб олди.
Маълумот учун, «Локомотив» 37 очко билан мусобақа жадвалида 2-ўринда бораётган бўлса, «Қўқон-1912» 21 очко жамғариб, 9-ўринни эгаллаб турибди.
Шу куни Миржалол Қосимов бошқарувидаги Олмалиқнинг ОКМК клуби Термизда «Сурхон» билан беллашди.
Учрашувнинг 70-дақиқасида Термиз клуби ярим ҳимоячиси Аброр Исмоилов рақиб дарвозасини ишғол қилди (1:0). Баҳс якунига кўра ҳисоб ўзгармади ва ОКМК сафарда кечган ўйинда мағлуб бўлди ва очко йўқотди.
Суперлига
20-тур баҳслари
20 сентябрь, жума
«Динамо»—«Андижон» 0:1
Гол: 0:1 — 42 Шаҳзод Убайдуллаев«Қўқон-1912»—«Локомотив» 1:1
Голлар: 1:0 — 35 Сухроб Бердиев, 1:1 — 67 Темурхўжа Абдухолиқов«Сурхон»—ОКМК 1:0
Гол: 1:0 — 70 Аброр ИсмоиловЯнада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)