Давлат хавфсизлик хизмати Бухоро вилояти бошқармаси ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида Ромитан туманининг Газли шаҳри яқинидаги чўл ҳудудида Хоразм вилояти Хазорасп туманида яшовчи Ф.Норбоев ўзига тегишли бўлган Isuzu русумли автомашинада 7,4 тонна газоконденсат маҳсулотини ноқонуний равишда олиб кетаётган вақтда қўлга олинди, деб хабар беради ЎзА.
Дастлабки суриштирув ишлари натижасида ушбу газоконденсат маҳсулоти Қоракўл туманида яшовчи фуқаролар Э.Нуруллаев, С.Қувонов, Қ.Рўзиев, Р.Наврўзов ҳамда Ж.Қозоқовлар томонидан мазкур туманининг чўл ҳудудидан ўтган қувурни яширинча тешиб, қўлбола мослама ёрдамида тортиб олинганлиги маълум бўлди.
Шунингдек, Қоракўл туманида ўтказилган бошқа бир тадбир давомида ҳам газ қувурининг ер остидан ўтувчи қисмини тешиб, ўғрилик қилиш ҳолати фош этилди ва маҳаллий фуқаро Н.Жумаев воқеа жойида қўлга олинди. Маълум бўлишича, Н.Жумаев ва унинг шериклари чўл ҳудудидан ўтган газ қувуридан 2,5 тоннадан ортиқ газоконденсат маҳсулотини ноқонуний ўзлаштиришган.
Ҳозирда юқорида кўрсатилган ҳолатлар юзасидан тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)