АҚШ ҳарбий авиация делегацияси Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлигига ташриф буюрди. Ташриф давомида меҳмонлар Ўзбекистон Ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли ҳарбий қисмлардан бирида жойлашган ҳарбий аэродромда ҳамкорликдаги тренинглар ва парвозларни амалга оширди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти «Дарё»га маълум қилди.
Парвозлар турли иқлим шароитларида — тоғли ва саҳро, тунги кўриш мосламаларидан фойдаланган ҳолда ўтказилди.
Хорижлик ҳарбий мутахассислар ўзларининг назарий тажрибалари билан бўлишганидан сўнг, ўзбекистонлик учувчилар олинган билим ва кўникмаларни амалда синаб кўрди. Бунинг учун иккита махсус вертолёт тайёрланиб, ҳамкорликда парвозлар амалга оширилди.
Таъкидланишича, жуда паст баландликда кучли кесишган ҳудудларда парвозларни амалга ошириш энг мураккаб жараён ҳисобланади. Бу каби шароитда учиш учун катта тажрибага эга профессионал учувчилар танлаб олинади. АҚШдан келган ҳарбий учувчилар ўзбекистонлик учувчилар ёрдамида баланд тоғ даралари устидан парвоз қилиб, маҳаллий ҳудуднинг ажойиб манзараларини суратга олишга муваффақ бўлди.
АҚШ Қуролли кучлари учувчиси подполковник Бред Хоунинг қайд этишича, ташрифдан мақсад — Ўзбекистон билан вертолёт ва транспорт авиацияси соҳасида учувчиларни тайёрлашда ҳамкорликни олиб бориш.
«Ўзбекистон Ҳарбий-ҳаво кучларининг учувчилари бошқарувида парвозларни амалга оширдик. Тўғрисини айтаман, улар юқори даражадаги парвозларни намойиш этди. Миссисипи штатидан бўлган учувчиларимиз учун бу ҳақиқий мастер-класс. Бизда машғулотлар асосан теккис ҳудудларда амалга оширилади, шу сабаб учувчиларимизнинг тайёргарлик даражасининг ошиши учун сизнинг тажрибангиз муҳим аҳамиятга эга», — дейди Хоу.
Изоҳ (0)