Буюк Британиянинг Times Higher Education (THE) нашри дунёнинг энг яхши университетлари рейтингини эълон қилди.

Фото: Pixabay

Ушбу нашр ҳар йили дунё ОТМлар рейтингини тузади ва унинг рейтинги дунёдаги нуфузли рейтинглардан бири ҳисобланади. Рейтингда дунёнинг 86 мамлакатидан 1250 ОТМ ўрин олган.

Рейтингда етакчиликни 2018 йилдаги каби Оксфорд университети (Буюк Британия) эгаллади. Кучли 5 таликка, шунингдек, Калифорния технология университети (АҚШ), Кембриж университети (Буюк Британия), Стенфорд университети (АҚШ) ва Массачусетс технология университети (АҚШ) кирди.

THE рейтингидан, шунингдек, Россиянинг 39 та, Қозоғистоннинг 2 та ОТМ ўрин олди. Ўзбекистоннинг эса бирорта олий ўқув юрти жой олмади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги таклифи билан 2019 йилнинг 28 август куни Times Higher Education халқаро рейтинг агентлиги етакчи эксперти Никола Хорсман ва стратегик маҳсулотлар ва қарорлар бўйича директори Майкл Каруана Ўзбекистонга ташриф буюрган эди.

Улар Ўзбекистондаги нуфузли университетлар фаолиятини халқаро рейтинг агентликлари методологияси асосида 13 та индикатор ёрдамида таҳлил қилган ҳамда дунёнинг кучли университетлари рўйхатига кириш учун қилиниши лозим бўлган масалалар юзасидан зарур тавсияларни берган.