Сўнгги кунларда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерациясига автолизинглардан, айниқса «Умид автолизинг» МЧЖдан азият чекаётганларнинг мурожаатлари ошган. Бу ҳақда федерация матбуот хизмати хабар бермоқда.

Фото: Regnum

Фарғона

Андижон вилоятида яшовчи М.Темиров Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерациясига мурожаат қилиб, Фарғона шаҳридаги «Умид савдо файз инвест» МЧЖ билан 2018 йилда шартнома тузиб, Damas автомашинасини буюртма қилганини, бироқ буюртмаси унга етиб келмаганлигини маълум қилган. Шартномага биноан МЧЖ ҳисоб рақамига 31 250 000 сўм бошланғич тўлов амалга оширилган. Машинани оладиган фурсат келиб, ўтиб кетса ҳамки, автоуловдан дарак бўлмаган.

Федерация томонидан тушунтиришлар олиб борилгандан сўнг «Умид савдо файз инвест» МЧЖ 40 кун ичида автомашина учун тўланган пулни қайтариб беришни ўз зиммасига олган, аммо пулларни вақтида қайтармаган. Федерация аралашувидан сўнг лизинг компанияси пулларни фуқарога қайтариб берган.

Фарғона вилояти Бағдод туманида яшовчи М.Ҳошимовнинг ўз аризасида баён қилинишича, «Умид савдо файз инвест» МЧЖ Фарғона ҳудудий бўлими билан тузилган 2018 йил 30 апрель кунги шартномага асосан, Nexia 3 автомашинаси буюртма қилинган. Истеъмолчи 36 025 000 сўм бошланғич тўловни амалга оширган бўлса-да, шартномада кўрсатилган муддатда автомашина етказиб берилмаган. Охир-оқибат автомашина етказиб берилмаганлиги учун шартномани бекор қилиб, тўлов қилинган сумма қайтарилишини сўраб МЧЖга ариза билан мурожаат қилган. Бироқ шартномада кўрсатилган тўловнинг қайтарилиш муддати ўтса ҳам тўланган маблағ қайтарилмади.

Фарғона шаҳар жамияти томонидан ўрганиш давомида «Умид савдо файз инвест» МЧЖ Фарғона ҳудудий филиали раҳбариятига тегишли тушунтиришлар берилди ва Nexia 3 учун тўланган сумма тўлиқ қайтариб берилди.

Бухоро

Олот тумани «Денов» МФЙ истиқомат қилувчи Ўткир Азимов Бухоро шаҳридаги «Умид автолизинг» МЧЖга Nexia 3 автомашинаси учун шартнома асосида 38 миллион сўм пул тўлайди. Шартномада белгиланган муддат ўтиб кетса ҳам автомобилдан дарак бўлмайди. Шундан сўнг Ўткир Азимов шартномани бекор қилади, бироқ «Умид автолизинг» ташкилоти пулни қайтаришни пайсалга солади.

Харидор 1091 ишонч телефонига қўнғироқ қилганидан сўнг Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси мутахассислари вазиятни ўрганиб чиқиб, ҳар икки томонга «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун ҳақида тушунтириш берилди.

Натижада Ўткир Азимов томонидан тўланган 38 миллион сўм пул маблағи тўлиқ қайтарилди. «Умид автолизинг» МЧЖ эса камчиликларни бартараф этиш бўйича қонун доирасида далолатнома тузилди.

Бухоролик Шоҳиддин Аҳмедов Бухоро шаҳридаги «Умид автолизинг» корхонасига Nexia 3 автомобили учун 2018 йил август ойида 34 750 000 сўм нақд пул тўлагани, аммо ҳозирга қадар автоуловни ололмаганидан федерацияга мурожаат қилган. Истеъмолчининг 34 750 000 сўм нақд пули олиб берилди ва унинг қонуний ҳуқуқлари тикланди.

Бухоро шаҳрида «Умид автолизинг»ни яна бир қурбони Вобкент туманилик И.Рамазонов Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига оғзаки мурожаат қилиб, 2018 йил 6 август куни «Умид савдо файз инвест» МЧЖдан Nexia 3 русумли автомашинаси харид қилиш учун шартнома тузгани ва шартномада кўрсатилган 34 750 000 сўмни тўлагани, аммо автомашинани ўз вақтида етказилмаганини маълум қилган. Мурожаат жамият ходимлари томонидан ўрганилиб, истеъмолчининг 34 750 000 сўм нақд пули қайтариб берилди.

Бухородан яна шундай мурожаат келган бўлиб, Ғиждувон туманида яшовчи Ризқиддин Саидов ҳам «Умид автолизинг» билан Cobalt автомашинаси учун шартнома тузиб, тўлов қилган. Аммо шартномада келтирилган вақтдан ойлар ўтиб кетса-да, машинадан дарак бўлмаган. Федерация мутасаддилари аралашуви билан истеъмолчига автомашина тез фурсатда етказиб берилди.

Қорақалпоғистон

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти Кегайли тумани бўлимига тумандаги Ақтуба овулида яшовчи фуқаро Қ.Юсупов мурожаат қилди. Истеъмолчи 2018 йил 12 июнь куни «Умидсавдо-файзинвест» МЧЖ билан лизинг асосида Nexia 3 сотиб олиш учун шартнома тузиб, 33 400 272 сўм, шундан 18 826 272 сўм ўтказгани, пул тўлаганига 250 кун бўлган бўлса-да, машинадан ҳам, пулдан ҳам дарак бўлмаган.

Мурожаат ўрганиб чиқилгандан кейин 10 кун ичида Қ.Юсупов ўз хоҳишига кўра, пулини тўлиқ қайтариб олди.

Қашқадарё

Қарши шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига Косон туманида яшовчи фуқаро Ҳасан Самадов ариза билан мурожаат қилиб, Қарши шаҳрида жойлашган «Умид савдо файз инвест» МЧЖ хизматларидан норозилигини билдирган. Аризада баён қилинишича, фуқаро Ҳ.Самадов Nexia 3 машинасини узоқ муддатли лизинг асосида сотиб олиш учун «Умид савдо файз инвест» МЧЖ билан 2018 йил 6 февраль куни шартнома имзолаган. Шартнома шартларига кўра, у лизинг хизмати кўрсатувчига 34 710 000 сўм тўловни олдиндан амалга ошириши, хизмат кўрсатувчи эса 120 кун муддатда автомашинани етказиб бериши лозим эди. Бироқ Ҳ.Самадов томонидан тўловлар ўз муддатида амалга оширилган бўлса-да, лизинг хизмати кўрсатувчи ташкилот транспорт воситасини етказиб бермаган.

Фуқаронинг мурожаати тегишли тартибда ўрганилиб, «Умид савдо файз инвест» МЧЖ ва фуқаро ўртасида тузилган лизинг шартномаси истеъмолчининг ташаббусига кўра бир томонлама бекор қилинди ва автомашинани сотиб олиш учун тўланган пул истеъмолчи фойдасига ундириб берилди.

«Бундай мурожаатларни қатор келтириш мумкин. Сурхондарё вилоятидан келиб тушган аризада Рашид Шералиев Lada Vesta автомашинаси учун 56 миллион 300 минг сўм тўлов қилганини, бироқ бугунга қадар машинаси унга етиб келмаганидан норози бўлган. Яна бир сурхондарёлик Гулнора Жавлиева иккита Damas автомашинаси учун 67 миллион сўм тўлов қилган. Бу истеъмолчи ҳам анча сарсон бўлиб юргандан сўнг, Федерация ходимларининг саъй-ҳаракати билан 33 миллион сўм маблағини қайтариб олган. Қолган 33,5 миллион сўмни ҳанузгача олишга қийналишмоқда», — дейилади истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси хабарида.

PS. «Дарё» интернет-нашрига ҳам Orient auto leasing компанияси билан шартнома тузиб, белгиланган муддат ўтиб кетса ҳам машинани ҳам, пулини ҳам ололмаган икки фуқародан мурожаат келиб тушди. «Дарё» нашри ҳозирда мутасадди идоралар билан ушбу компаниянинг фаолияти қанчалик қонунийлиги борасида ўрганиш ишларини олиб бормоқда. Агар фуқаролар орасида «Orient auto leasing» компанияси билан шартнома тузиб, компания томонидан шартнома шартлари бузилаётган, машина ўз вақтида етказиб берилмаётган ёки шартнома бекор қилингач, пуллар қайтарилмаётган бўлса ушбу фуқароларни «Дарё» билан боғланишларини сўраймиз. Мурожаат учун info@simple.uz почта манзилига хат ёзишингиз ёки 78 140 86 85 рақамига телефон қилишингиз мумкин.