Қўқон шаҳрида 10—15 сентябрь кунлари Халқаро ҳунармандчилик фестивали ўтказилиши муносабати билан баъзи кўчаларда барча турдаги транспорт воситаларининг ҳаракати чекланади. Фарғона вилояти ИИБ ЙҲХБ матбуот хизматидан хабар беришларича, бу чора жамоат тартибини сақлаш ҳамда йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кўрилмоқда.
Хабар беришларича, фестиваль кунлари:
- Туркистон кўчасининг Пўстиндўз—Боғистон кўчалари кесишмасидан Ҳамза кўчаси кесишмасигача бўлган қисми;
- Сарбоз кўчасининг Гузар кўчаси кесишмасидан Ўрдатаги кўчаси кесишмасигача бўлган қисми;
- Зарринсарой кўчасининг Ўрдатаги кўчаси кесишмасидан Парпашабоф кўчаси кесишмасигача бўлган қисми;
- Чархий кўчасининг Парпашабоф кўчаси кесишмасидан Пўстиндўз кўчаси кесишмасигача бўлган қисмида
«Мазкур кўчаларда ҳаракат чекланиши муносабати билан автотранспорт воситаларининг тўхташ жойлари ташкил этилади», — дея маълум қилди вилоят ИИБ ЙҲХБ матбуот хизмати.
Қўшимча қилишларича, фестиваль кунлари тирбандликларнинг олдини олиш мақсадида шаҳар ҳудуди ва тадбирлар ўтказиладиган жойларда юк автомобиллари ҳаракати вақтинчалик тақиқланади.