«Адолат» социал-демократик партияси экспертлари томонидан тайёрланаётган сайловолди дастурига олий таълим муассасаларига киришни осонлаштириш, олий маълумотлилар сафини кенгайтириш, коррупцияни олдини мақсадида олий таълим муассасаларига қабул квотасини бекор қилиш таклифи киритилмоқда.
Партия экспертлар гуруҳи баёнотида таъкидланишича, 2019 йилда олий таълим муассасаларига 1 066 925 нафар абитуриент ҳужжат топширди. Шундан 102 400 нафари ўқишга қабул қилинди. Бу эса талабаликка фақатгина 9,6 фоиз абитуриент қабул қилинганини кўрсатмоқда.
«Ушбу ташаббус моҳияти фақат қулайликка хизмат қилиш билан чекланмайди. Энди ёшлар талаба бўлгунга қадар эмас, олий маълумот олишгача бўлган вақтда ҳам пухта билим олишга интилади. Бу ўқишга киришни эмас, балки олий таълим даргоҳларида босқичдан босқичга ўтиш ва битиришни мураккаблаштирилади», — дейилади партия экспертларининг баёнотида.
Таклифга кўра, давлат бюджети асосида ўқишга киролмаган барча абитуриентлар шартнома тўловини тўлаш орқали талаба бўлишларига йўл бериш керак.
«Бизда ўқишга киришда квота озлиги, тест саволларининг айримлари мураккаблиги ва чалкашлиги боис бир гуруҳ ёшларимиз хорижий давлатларда таълим олишни маъқул кўрмоқда. Бундан ташқари, ўқишга киришнинг қинғир йўлларини излаш оқибатида коррупция авж олмоқда. Шуни инобатга олиб, ўз дастурида таълим соҳасини устувор деб билаган ‘Адолат’ СДП олий таълим қабулидаги квотани йўқотиш тарафдори», — дейилади партия экспертлари баёнотида.
Партия Олий таълим вазирлиги билан ҳамкорликда 2020 йилдан ҳар бир олий таълим муассасаларига давлат буюртмаси асосида ўқишга қабул қилиш параметрлари акс этган норматив ҳужжатларни белгилаш режалаштирилган. Натижада олий таълим муассасалари босқичма-босқич ўзини ўзи молиялаштиришга ўтишни таъминлаш ҳамда қабул квоталарини бекор қилишга эришилади.
Изоҳ (0)