Ўзбекистонда чет элликлар учун маҳаллий банклардаги улушни сотиб олиш осонлаштирилади. Бу ҳақда Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги директори Отабек Назиров маълум қилди.
«Биз Ўзбекистон капитал бозорини ривожлантириш соҳасидаги ислоҳотларни давом эттирмоқдамиз. Энди хорижий инвесторларга Марказий банк розилигисиз тижорат банклардан 5 фоизгача миқдорда акцияларни сотиб олиш рухсати берилади», — дейди Отабек Назиров Facebook’да қолдирган постида.
Шу пайтгача хорижликлар маҳаллий банкнинг, ҳатто бир фоиз улушини сотиб олиш учун ҳам Марказий банкнинг рухсатини олиши шарт эди. Энди акциялар харид қилиниши тўғрисида хабарнома жўнатилиши кифоя.
Эксперт Карен Срапионовга кўра, бозор бу ўзгаришларни 12 йил кутди.
«2007 йилда Марказий банк рухсатисиз норезидентлар томонидан банклар акцияларини эркин сотиб олиниши ман этилди. Шундан бери хорижий инвесторлар томонидан банк акциялари борасида амалга оширилган битимлар бармоқ билан санарли бўлди. Уларнинг барчаси назорат пакети ёки салмоқли улуш бўлган», — дейди Срапионов.