Ўзбекистондан йўлга чиқиб, катта эҳтимол билан Қозоғистоннинг Атирау шаҳрига кетаётган катта юк машиналари тошбўрон қилинган. Tengrinews’нинг ёзишича, бу ҳақда Facebook фойдаланувчиси Нурилло Нуриддинов «ОСА» гуруҳида хабар қолдирган.
Хабар муаллифининг сўзларига кўра, ҳодиса 7 сентябрь, шанба куни вазн назорати постига тахминан 5 километр масофа қолганида юз берган. Хабарга илова қилинган видеода ён томонлари ва олд ойналарига жиддий зарар етган юк машиналарини кўриш мумкин.
Ўзбекистон Транспорт вазирлигидан хабар беришларича, вазирлик раҳбарияти вазиятни назоратга олиш ва рўй берган ҳолатга ойдинлик киритиш юзасидан Ўзбекистоннинг Ақтау шаҳридаги бош консули билан телефон орқали мулоқот ўтказган.
«Ушбу ҳолат Ўзбекистоннинг Ақтаудаги бош консуллиги назоратига олинди. Рўй берган ҳодиса юзасидан тегишли чоралар кўриш бўйича Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги иш олиб бормоқда», — дейилади Транспорт вазирлиги баёнотида.
Вазирлик 7 сентябрь, шанба куни рўй берган ҳодисага батафсил ойдинлик киритиш мақсадида жабрланган ҳайдовчиларни Ақтаудаги бош консулнинг +7777 599 00 50 телефон рақамига мурожат қилиб, ариза қолдиришларини сўраган.