Қозоғистоннинг Туркистон вилояти ҳудудидаги содир бўлган ЙТҲда уч нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.
Хабарда айтилишича, ҳалокат 8 сентябрь, якшанба куни Чимкент—Самара автотрассасида содир бўлган. Икки нафар аёл М.У. ва М.М. воқеа жойида, З.С. эса касалхонада вафот этган. Nexia автомашинаси ҳайдовчиси М.У. Ўрдабаси тумани тез ёрдам шифохонасининг реанимация бўлимига жойлаштирилган. ЙТҲ бўйича жиноий иш очилиб, тергов олиб борилмоқда.
«Бош консулхона вазиятни назоратга олган, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва тиббиёт муассасаси билан тезкор алоқа ўрнатган ҳамда марҳумларнинг жасадларини Ватанга юбориш бўйича консуллик-ҳуқуқий ва ташкилий масалалар билан шуғулланмоқда», — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Олмаота—Тошкент—Термиз автотрассасида 2 август куни 3 нафар Ўзбекистон фуқароси, 14 август куни эса 2 нафар ўзбекистон фуқароси ЙТҲда ҳалок бўлганди.