6 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди, деб хабар беради «Kun.uz».
Кун тартибидаги дастлабки масала — «Таълим тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни янги таҳрирдаги лойиҳасининг биринчи ўқишдаги муҳокамаси қизғин кечди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати – Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари қўмитасининг раиси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори Акмал Саидов Тошкентдаги мактабларда пуллик қабулни жорий қилиш тўғрисидаги қарор борасида сўз юритаркан, халқ таълими вазирини танқид қилди.
«...вазир жаноблари Конституциянинг 41-моддасини ўқиши керак. Ҳатто Тошкентдаги 81 та мактабда 10 миллион сўмдан пул олиб ўқитамиз, деб Вазирлар Маҳкамасининг қарорини қабул қилишди. Одамлар навбатда турганди. Бир марта гапиргандим, бекор қилишди. Конституция деган нарса бор. Ўйлашимча, биринчи раҳбарларнинг ўзи Конституцияни яхшилаб ўқиб олиши керак. Таълимдаги пуллик ва бепул масаласи ҳамон очиқ турибди. Бу жудаям катта масала», — деди Акмал Саидов.
Акмал Саидов, шунингдек, таълим соҳасидаги коррупция масаласига ҳам тўхталиб ўтган.
«Ҳозирги кунда ижтимоий тармоқда энг кўп муҳокамалар олий таълимда контракт учун тўланадиган пулнинг миқдори тўғрисида кетяпти. Бизда энг катта муаммо, афсуски, таълим тизимимизда коррупциявий онгни шакллантирдик. Боғчадан бошлаб... Боғчадаги болангизнинг тарбиячисига туғилган куни, Янги йил, 8 мартда совға қилмасангиз, айтади, анави бундай совға қилибди, деб. Кейин мактабда, олий таълимда бошланади», — деди у.
Шунингдек, парламент аъзолари «Ноширлик фаолияти тўғрисида»ги, «Бола ҳуқуқлари кафолатларининг янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаларини ҳам биринчи ўқишда атрофлича муҳокама қилди.
Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 июндаги 469-қарорига мувофиқ Тошкентдаги 81 та мактабда 1-синфга қабул учун тажриба сифатида янги тизим жорий қилинганди. Унга кўра, бошқа микроҳудуддаги мактабларнинг 1-синфига ҳужжат топширганлар ва мактаб ёшига етмаган болалар қўшимча квота асосида қабул қилиниши, бунинг учун энг кам иш ҳақининг 10 баробаридан кам бўлмаган миқдорда бир марталик йиғим ундирилиши белгиланганди.
Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ҳам Facebook’даги саҳифасида талаб юқори бўлган пойтахт мактабларида янги ўқув йилидан болаларни 1-синфга қабул қилишнинг янги тизими жорий этилиши борасида тушунтириш берганди.
Шунга қарамай бу тартиб ижтимоий тармоқда кўпчиликнинг норозиликларига сабаб бўлган, кейинроқ 19 июнь куни Шерзод Шерматов махсус матбуот анжумани ташкил қилиб, журналистларнинг саволларига жавоб қайтарганди. Матбуот анжумани давомида вазир пойтахтнинг 81 та мактабида жорий этилаётган янги тартиб Ўзбекистон Конституциясига зид эмаслигини билдирганди.
Август ойи бошида Халқ таълими вазирлиги Тошкентдаги 81 та мактабга қўшимча квота бўйича пуллик қабул амалга оширилмаслигини маълум қилди.