«Дарё» ижтимоий ҳаётда ўз ўрнига эга, бироқ жамоатчилик эътиборидан кўпинча четда қоладиган касб эгалари билан суҳбат қилмоқда. «Соядаги одамлар» лойиҳасининг бу галги қаҳрамони официантлик қилаётган йигит.

Суҳбатдошимизнинг илтимосига кўра, исм-шарифи ҳамда шахсини ошкор этиши мумкин бўлган бошқа маълумотлар ўзгартирилди.

13 ёшимдан бери официантлик қиламан

Исмим Бекзод. Ёшим 21 да. Асли сурхондарёликман. Рўзғор юки гарданимга жуда эрта тушган. Шунинг учун ҳали бола бўлсамда, кўпроқ пул топиб оиламни боқишимга тўғри келган.

Фото: «Unsplash.com»

Болалигимда кўчамизнинг бошида бургер шохобчаси бўларди. Бувижоним  мени ҳар куни ўша ерга олиб бориб, хотдог олиб берарди. Бу ер билан боғлиқ илиқ хотираларим жуда кўп. Болалигим деярли шу ерда ўтган. Сабаби 13 ёшимдан ўша ерга официант бўлиб ишга кирганман. Бу қадамим кейинги 10 йиллик ҳаётимни белгилаб берди, десам хато бўлмайди. Кейин ўқишни битириб Тошкентга келдим. Табиатан жуда киришувчан йигитлигимгами ёки чет тилларини яхши билганимгами, пойтахтда ҳам иш топишим муаммо бўлмади. Мана саккиз йилдан бери официантлик қилиб пул топаман.

Официантларга қандай ҳақ тўланади?

Ҳамма жойда официантларга ҳар хил усулда пул тўланади. Масалан, у савдо қилган суммасининг маълум бир фоизини олиши мумкин ёки бир кунлик пули аниқ белгиланади. Кунлик пул тўланиши бир томондан яхши, сабаби қаҳвахонага одам келса, келмаса, ўша пулни олаверасиз. Лекин битта ёмон тарафи, агар ресторанга одам кўп келгудек бўлса, фоизингиз белгиланган пулдан 2-3 баробар ортиб кетиши мумкин.

Менимча, энг муқобил вариант - кунлик тўлов. Шунинг учун «Миллий таомлар»дан ташқари аксарият жойларда шундай усулдан фойдаланишади. Одатда официантлар 12 соатдан кўп ишлайди. Кунлик тўлови айни пайтда Тошкентда 50 мингдан 70 минггача. Ундан ташқари, чой пули ҳам официантнинг ёнига қолади.

«Яхши гапириб, уларнинг пулини олиш керак»

Ресторанда 10 минг, ҳатто 50 долларлаб чой пули ташлаб кетганлар ҳам бўлади. Бир кунда энг кўпи билан 100 долларгача, йўқ деганда 70 минг сўм атрофида чой пули оламан. Бир тарафдан, бу официантнинг ўзигаям боғлиқ деб ўйлайман. Чунки у қандай хизмат қилса, шунга яраша чой пули олади.

Мисол учун, шундай жаҳлдор меҳмонлар бўладики, официант қанча яхши қараган бўлса ҳам бир сўм чой пули қолдирмайди. Баъзида ҳеч қайси официант чиқишолмай турган мижозларга мен хизмат қилиб, ҳатто чой пули ҳам олганман. Ҳамма шерикларим ҳайрон бўлиб, нима қилдинг, бизгаям ўргат деб сўрашади. Ҳаммасининг ечими битта! Официант аввало кимга қандай «подход» қилишни билиши керак. Яхши гапириб, уларнинг пулини олиш керак, бўлди, тамом вассалом!

Официант қизларга қийин...

Фаолиятимиз жуда қизиқ ва шу билан бирга оғир ҳам. Шунча йилдан бери ишлаб тушундимки, официантнинг психологияси кучли бўлиши керак, асаби бўш одам бу касбда ҳеч қачон ишлолмас экан. Чунки ресторанга ҳар хил одам келади. Қўпол гапириши, сўкиниши, ҳатто идишларни отиб юбориб, официантни уриши ҳам мумкин. Сиз ҳеч қандай қаршилик қилолмайсиз. Иш керакми, ҳамиша кулиб, яхши муомала қилишга мажбурсиз. Йигитларку, анча оғир-босиқ бўлади, ҳар хил гапларга эътибор бермайди. Лекин қизлар кўнгилчан бўлганигами, ҳамма гапни ўзига олади. Сал гапга йиғлаб юборади.

Официант аёллар енгилтак бўладими?

Бир ёш оилани биламан. Эр-хотин, иккиси ҳам официант. Бола 22 ёшда, аёли эса 21 да. Анча йиллардан буён бирга ишлаб келишади. Аёл ёш бўлгани учун, табиийки, унга ҳар хил гап-сўз бўлади. Эри ҳаммасини кўриб туради, лекин индамайди. Чунки бу иш. Хушомадлар бўлиши табиий ҳол. Агар эри рашк қилиб, бирор ортиқча ҳаракат қилса, менежердан гап эшитади. Ҳатто ишдан ҳайдалиши ҳам мумкин.

Яна бир ёмон томони, бошқа жойга ишга борсангиз ҳам, эски ишхонангизнинг контактини сўрайди. Улар билан боғланиб, сиз ҳақингизда билиб олишади. Улар бирон ёмон гап айтса тамом, сизни ишга олишлари қийин бўлади. Шунинг учун иложи борича меҳмонлар билан муроса қилганингиз маъқул.

Аммо официант қизларга тегажоғлиқ қилингудек бўлса, ўша мижозларга хизмат қилмасликка унинг 100 фоиз ҳаққи бор. Тунги клубда ишлаб юрганимда бундай ҳолатлар кўп кузатиларди. Шундай пайтларда қизлар менежерга бориб айтади. Менежер меҳмонга яхши тушунтириб кетишини сўрайди. Агар меҳмон кетмоқчи бўлмаса, ҳисоби тўлатилиб, «охрана» ёрдамида ресторандан чиқариб юборади.

Фото: «Unsplash.com»

Ҳар кимнинг ўз мижози бор

70 фоиз меҳмон официантнинг кетидан юради. Яъни у қаерда ишласа, ўша ерга топиб келишади. Чунки бу мижозларнинг ўзига яхши. Сабабини айтадиган бўлсам, масалан, сиз туз емайсиз, саримсоққа аллергиянгиз бор ёки овқатни ёғсиз бўлишини хоҳлайсиз. «Ўзингизнинг» официантингиз буни билади, лекин янгисига бошқатдан тушунтириб беришингизга тўғри келади. Сизнинг официантингиз эса нафақат таъбингизни билади, балки болаларингиз нима ейишигача эслаб қолади. Шунинг учун ҳамма «ўзининг» официанти ортидан юради. Менинг ҳам ўз меҳмонларим бор. Бирор ерда ўтирмоқчи бўлишса, менга қўнғироқ қилишади. Қаерда ишлаётганимни билиб, топиб келишади.

Официантлик расмий ишми ё вақтинчалик? 

Албатта, расмий иш. Уларга ҳам меҳнат дафтарчаси очилади. Стаж ёзилади. Бундан ташқари аксарият муваффақиятли инсонлар дастлаб фаолиятини официантликдан бошлаган. Ҳозир кўпининг ўз ресторанлари бор.

Тошкентда кўп талабалар пул топиш учун официантлик қилса, баъзи одамлар эса ишига садоқати туфайли ёши ўтсада, шу касб билан шуғулланаверадилар. Масалан, 60 ёшдан ўтган икки официант танишим бор. Лекин улар фақат ўз мижозларига хизмат қилади. Болалари чет элда яшайди. Ҳеч нимага муҳтожлиги йўқ. Айтмоқчи бўлганим, ҳамма ҳам муҳтожлик туфайли официантлик қилмайди.

Ошпазлар ҳам официантга қараб муомала қилади 

Хизмат кўрсатишга келсак, аввало официант ошпаз билан яхши алқада бўлиши керак. Чунки овқат тайёрлашнинг энг кам вақти 15 дақиқадан бошланади. Агар ошпазлар билан яхши муносабатда бўлсангиз, 5 дақиқага ҳам қолдирмай тайёрлаб беради. Бу сизга ҳар тарафлама фойда. Сабаби мижозларингиз кутиб қолмайди. Вақтингиз тежалади ва официант жуда чаққон экан, деб сизга кўпроқ чой пули қолдириб кетишади.

Официант қўпол мижозларнинг овқатига тупуриб берадими?

Одамлар орасида официантлар қўпол мижозларнинг овқатига тупуриб беради, деган гаплар юради. Тўғри, буни инкор қилмайман. Кўп марта эшитганман. Бир ҳамкасбим шундай иш қилган. Кейин бу гап бошлиққача етиб борган. Официантнинг бу қилиғи ресторан менежери томонидан етарли даражада «мукофотланган». Ўша меҳмонларнинг ҳисоби тўлатилиб, ишдан ҳайдалган.

Тўғри, официант ҳам ўз-ўзидан бундай иш қилмайди. Лекин нима бўлган тақдирда ҳам, у аламини бу тарзда олмаслиги керак.

Шахсан мен саккиз йилда бирон марта овқат билан боғлиқ ҳолатларда бундай жирканч иш қилмаганман. Чунки бу қайтар дунё.

Ҳамма нарсанинг иложи бор

Ҳаётимдаги энг қийин вазият ишим билан боғлиқ бўлган. Бир неча йил олдин 24 соат хизмат кўрсатадиган ресторанда ишлаганман. Ошхонада соат 22:00 га яқин ҳеч нарса қолмасди. Мижозлар эса овқат сўрашарди. Энг қизиғи, бир куни ҳомиладор аёл узум егиси келиб, мевали ассорти «заказ» қилди. Бизда эса у йўқ эди. Ҳолатини тушуниб, яқин ўртадаги супермаркетга бориб, узум олиб келиб берганман. Хуллас, официант «узр, бизда йўқ эди» деб турмасдан, ҳамма нарсанинг иложини топиши керак.

Кераклигингни ҳис қилиб яшаш бахт!

Илк марта Тошкентга келганимда бир одам менга агар шу ишга кирсанг, қайтиб чиқолмайсан деганди. Тўғри айтган экан. Биласизми, мен шу пайтгача кўп жойларда фаолият олиб бордим. Бармен, менежер, ҳатто банкда ҳам ишладим. Лекин ҳеч бири менга официантликдай роҳат бермади.

Кўпчилик пул учун официант бўлиб ишлайди. Аммо мен яхши кўрганим учун шу соҳадаман. Бу касбда кераклигимни ҳис қиламан. Гоҳида дам олиш кунларим менежер қўнғироқ қилиб сени сўрашяпти кел, деб чақиради.

Мижозларим қадрлайди. Ҳатто уйларига ҳам бориб хизмат қиламан. Баъзилари бу йил туғилган кунимда келиб, табриклаб, совғалар ҳам бериб кетишди. Сени бошқалар қадрласа, кимгадир кераклигингни ҳис қилиб яшасанг, менимча, инсонга бундан ортиқ бахт бўлмаса керак.

Хонзодабегим Аъзамова суҳбатлашди.