Бир қанча муддатдан бери қидирувда бўлган алимент тўловини тўламаган қарздорлар топилди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.
Фуқаролик ишлари бўйича Янгиқўрғон туманлараро судининг ижро варақасига асосан, Косонсой тумани «Равот» маҳалласида яшовчи қарздор Ғ.Бобоев 2001 йилда туғилган бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун ҳар ойда топган ҳар қандай даромадининг 1/4 қисми миқдорида алимент тўлаши кўрсатилган.
Қарздор Ғ.Бобоевнинг фарзанди 2019 йил февраль ойида 18 ёшга тўлган бўлса-да, алимент тўловларини тўлиқ амалга оширмасдан, ҳатто яшаш уйига келмай, яшириниб, ишлаш мақсадида номаълум томонга чиқиб кетиб, қочиб юрган.
Ўз навбатида, давлат ижрочиси томонидан қарздор Ғ.Бобоевга нисбатан жорий йилнинг 13 августида қидирув эълон қилинган.
Мажбурий ижро бюросининг Косонсой тумани бўлими қидирув бўйича катта инспектори томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида қарздор Ғ.Бобоев Тошкент шаҳрида юрганлиги аниқланди ва 21 август куни олиб келинди. Ижро ҳаракатларини давом эттириш мақсадида давлат ижрочисига топширилган.
Қидирув ходими ва давлат ижрочиси саъй-ҳаракатлари билан қарздор Ғ.Бобоевдан 10 миллион сўм алимент пули ундирилиб, ижро ҳужжати тамомланди.
Шу каби суд қарорига кўра, қарздор Косонсой тумани «Чак» МФЙда доимий яшаш учун рўйхатдан ўтган қарздор А.Раҳматуллаев ундирувчи З.Бахромхўжаева фойдасига икки нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларининг 1/3 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган эди.Ижро ҳаракатларини амалга ошириш давомида қарздор 2000 йилдан бери яшаш манзилида йўқлиги, қаердалиги номаълумлиги сабабли қарздор А.Раҳматуллаевга нисбатан 2017 йилнинг 30 май куни қидирув эълон қилинган.
Қидирув натижасида қарздор А.Раҳматуллаев Тошкент шаҳрида вақтинча рўйхатда туриб яшаб келаётганлиги аниқланиб, қидирув ходимининг ҳаракатлари билан 21 август куни Бюронинг Косонсой тумани бўлимига олиб келиниши таъминланди.
Шунингдек, шу куни қарздор А.Раҳматуллаевдан 4 миллион сўм алимент пуллари ундирилиб, ундирувчи З.Бахромхўжаевага топширилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ўтган даврда 11 нафар қидирувдаги қарздор шахс топилиб, 43,2 миллион сўм алимент пуллари ундириб берилишига эришилган.
Изоҳ (0)