Марказий сайлов комиссиясининг «Сайлов—2019» мобил иловаси яратилади. Бу ҳақда МСКнинг 24 август куни ўтказилган йиғилишида муҳокама қилинди.
Мобил иловадан фойдаланиш учун дастлаб илова мобил телефон ёки компьютерга интернет орқали юклаб олинади. Илованинг маълумотлар базаси юклаб олингач, ундан офлайн тарзда, яъни интернет алоқасисиз ҳам фойдаланиш мумкин.
Таъкидланишича, ушбу мобил илова сайлов комиссияларининг самарали фаолияти учун қўшимча қулайлик ва имкониятлар яратади. Ундан сайловга оид қонун ҳужжатлари, сайлов комиссиялари фаоллари ҳақида маълумотлар, сайловчилар, комиссия аъзолари, сиёсий партиялар ва номзодлар ҳамда кузатувчилар учун услубий тавсиялар, сайлов фаолларининг билимини оширишга доир ўқув материаллари, китоблар ва мақолалар, сайлов мавзуси бўйича савол-жавоблар ўрин олади.
Шунингдек, сайловчиларга ўз сайлов участкасини топишида кўмаклашиш учун махсус ҳавола ҳам жойлаштирилади.
«Сайлов—2019» мобил иловасидаги маълумотларни ўзбек тилида кирилл ва лотин алифболарида ҳамда қорақалпоқ, рус ва инглиз тилларида тўлдириш имконияти яратилади.
Изоҳ (0)