Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 17-тур баҳслари доирасида 17 август, шанба куни 4 та ўйин бўлиб ўтди.
Куннинг дастлабки ўйинида «Қўқон-1912» ўз майдонида Термизнинг «Сурхон» клубини қабул қилди.
Учрашувнинг 7-дақиқасида Қўқон клуби ярим ҳимоячиси Собит Синдоров рақиб дарвозасига гол урган бўлса, 38-дақиқага келиб термизликлар аъзоси Шавкат Саломов ҳисобни тенглаштирди (1:1). 58-дақиқада эса мезбон жамоа вакили Мурод Холмуҳаммедов ҳам ўз номига битта гол ёздириб қўйди (2:1).
Шу тариқа «Қўқон-1912» ўз уйида «Сурхон»ни кичик ҳисобда мағлубиятга учратди.
Мазкур ғалабадан сўнг қўқонликлар очколари сонини 14 тага етказиб қолди ва мусобақа жадвалида 12-ўринга кўтарилди. 7-ўринни эгаллаб турган «Сурхон» ҳисобида эса 22 очко мавжуд.
Шота Арвеладзе қўл остидаги Тошкентнинг «Пахтакор» клуби меҳмонда Олмалиқнинг ОКМК жамоасини синовдан ўтказди.
Беллашувда «шерлар» аъзолари Владимир Козак (7), Драган Черан (79) биттадан голни ўз номига ёздириб қўйган бўлса, Олмалиқ клуби ҳимоячиси Бобур Йўлдошев ўз дарвозасини ишғол қилиб қўйди.
Натижада «Пахтакор» ОКМК дарвозасига жавобсиз 3 та гол уриб, йирик ҳисобда ғалаба қозонди.
Маълумот учун, тошкентликлар 47 очко билан мусобақа жадвалида етакчилик қилмоқда. ОКМК эса 16 очко жамғариб, 11-поғонани банд қилиб турибди.
Жиззахнинг «Сўғдиёна» клуби сафарда «Бухоро»га қарши майдонга тушди.
Беллашувнинг 70-дақиқасида бухороликлар ярим ҳимоячиси ҳисобни очди (1:0). 82-дақиқада эса Жиззах клуби ҳужумчиси Шоҳруз Норхонов ҳисобни тенглаштирди (1:1).
Шу тариқа «Бухоро» «Сўғдиёна» билан дуранг ўйнади ва томонлар бир очкодан бўлишиб олди.
Таъкидлаш жоиз, «Сўғдиёна» 27 очко тўплаб, мусобақа жадвалида 5-ўринни эгаллаб турибди. «Бухоро» эса 12 очко билан сўнгги ўринда бормоқда.
Самвел Бабаян бошқарувидаги Тошкентнинг бошқа бир клуби «Локомотив» ўз уйида Қаршининг «Насаф» жамоаси билан беллашди.
Тўқнашувдаги ягона гол 54-дақиқада урилди. Унга «темирйўлчилар» ярим ҳимоячиси Жамшид Искандаров муаллифлик қилди. Шу тариқа «Локомотив» ўз майдонида «Насаф»ни Искандаровнинг голи эвазига ютди ва ўз ҳисобига 3 очко қўшиб қўйди (1:0).
Қайд этиш жоиз, «Локомотив» 34 очко тўплаб, мусобақа жадвалида 2-ўринда бораётган бўлса, ундан кейинги ўринни эгаллаб турган «Насаф» 27 очко жамғарган.
Суперлига
17-тур баҳслари
17 август, шанба
«Қўқон-1912»—«Сурхон» 2:1
Голлар: 1:0 — 7 Собит Синдоров, 1:1 — 38 Шавкат Саломов, 2:1 — 58 Мурод ХолмуҳаммедовОКМК—«Пахтакор» 0:3
Голлар: 0:1 — 7 Владимир Козак, 0:2 — 68, автогол, Бобур Йўлдошев, 0:3 — 79 Драган Черан«Локомотив»—«Насаф» 1:0
Гол: 1:0 — 54 Жамшид Искандаров«Бухоро»—«Сўғдиёна» 1:1
Голлар: 1:0 — 70 Фатхулло Фатхуллоев, 1:1 — 82 Шоҳруз НорхоновЯнада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)