Эртага, 7 август куни соат 14:30 дан 15:00 га қадар Марказий ҳарбий округ ҳудудидаги Кучишлатар тузилмалар ҳамкорлигида катта масштабда ҳарбий ўқув машғулотлари ўтказилиши режалаштирилди. Бу ҳақда Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати «Дарё»га хабар қилди.
Ушбу машғулот туфайли халқаро аҳамиятдаги М39 «Алмати—Бишкек—Тошкент—Термиз» автомобиль йўлидаги Зарафшон дарёси устидан ўтган кўприкда автомобиль ҳаракатлари вақтинча чекланади.
Узунлиги 160 метр, қатнов қисми эса 10 метрдан иборат бўлган ушбу кўприк устунларига шартли ноқонуний қуролланган шахслар томонидан ўрнатилган узоқ масофадан бошқарилувчи минадан тозаланиш ишлари ҳамда қуролли кишиларни қўлга олиш тадбири тезкор ва махсус бўлинмалар ҳамкорлигида амалга оширилади. Шу билан бирга мазкур кўприкка параллел равишда ётқизилган темир йўл кўпригида ҳам ҳарбий ўқув амалиёт ўтказилиши кўзда тутилган.
«Шу муносабати билан ушбу йўналишда ҳаракатланаётган енгил автомобиль ва юк машиналари ҳамда фуқаролардан олдиндан юзага келадиган ноқулайликлар учун узр сўраймиз», — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)