«Дарё» колумнисти Нурбек Алимов «Жаҳон адабиётининг энг буюк асарлари» лойиҳаси доирасида машҳур бадиий асарларни таҳлил қилишда давом этади. Бу ҳафта у Теодор Драйзернинг «Америка фожиаси» романи ҳақида ҳикоя қилади.

Флешбэк

Инсоният тарихидаги энг буюк асарлардан бири бўлмиш «Америка фожиаси» асарини болалик ва талабалик даврларимда ўқиб чиққан эдим. Иккаласида ҳам умуман бошқача тушунчалар қамраб олган мени. Болаликда ўқиган пайтим худдики бир қизиқарли эртак ҳақида ўқигандай бўлсам, улғайиб талаба бўлгач, бу асарда инсон ҳаёти, «Америка орзуси» каби тушунчалар қанчалик усталик билан ёритиб берилганига гувоҳ бўлдим. Мен бу асарни келажакда ёшим янаям улғайгач, албатта яна бир марта ўқиб чиқишни хоҳлайман. Чунки кўпчилик асарларни ҳар хил ёшда ўқиб кўриб ундан, олдин сезмаган, олдин ақлинг етмаган кўп нарсаларни топиб олиш мумкин ва асарнинг бутун жозибасини ҳис қилиш мумкин. Айнан шу асар ҳам мана шундай китоблар рўйхатига киради деб биламан.

Роман ҳақида

Машҳур америкалик ёзувчи Теодор Драйзер қаламига мансуб «Америка фожиаси» романи 1925 йилда нашр этилган. Бу роман асар чиқишидан 19 йил олдин содир бўлган Честер Гиллетнинг севгилиси Грейс Браун қотилига айлангани ҳақидаги реал воқеага асосланган. Мафкуравий нуқтаи назардан «Америка фожиаси» ХХ аср бошларида АҚШда нашр этилган енгил-елпи, мамлакат аҳолисига машҳур «америкача орзуси»ни амалга ошириш усулларини эртакона қилиб уқтирган романларга бадиий жавоб эди. «Бир йигит бадавлат оиладан бўлган қиз билан севишиб, унга уйланади ва жамиятда юқори мавқени эгаллайди» каби олди-қочди сюжетларга тўлиб кетган Америка оммавий адабиётига Драйзер реализм жанридаги романи орқали зарба бериб, у сюжетлар оддий Америка воқеликларига номувофиқлигини ушбу асари билан очиб берган эди (эътибор берсангиз, ҳозир ўша олди-қочди бачкана сюжетлар бизнинг замонавий адабиёт ва айниқса кинода ўз аксини топмоқда).

Фото: Google Photos

Сюжет

Канзас-Сити, ёзнинг иссиқ оқшоми. Ота-она ва тўрт бола кўчаларда диний қўшиқлар куйлайди ва одамларга диний мазмундаги рисолаларни тарқатади. Катта ёшдаги бола Клайд, у мажбуран бажараётган бу ишларни ёқтирмайди, аммо ота-онаси астойдил ҳаракат қилишар, уларни хаёлида бу уларга фақат маънавий қониқиш олиб келарди. Бу оиладаги ота – Эйс Гриффитс жуда лапашанг эди, оиласи эса зўрға кун кўрар эди.

Ёш Клайд Гриффитс бу зерикарли кичкина дунёдан қочишга интилади. У дорихонада сотувчининг ёрдамчиси бўлиб, кейин эса Green Davidson меҳмонхонасида хабарчи сифатида ишлайди. Меҳмонхонада ишлаш ҳеч қандай махсус кўникмаларни талаб қилмайдиган, аммо яхшигина чойчақа олиб келадиган иш эди. Бу эса Клайдга оилавий бюджетга ҳисса қўшибгина қолмай, ўзи учун яхши кийимлар сотиб олишга, яъни ўзи учун ҳам пул жамғаришга имкон беради.

Ҳамкасблари Клайдни яхши қабул қилади. У учун қувноқ ҳаёт бошланади. Тез орада Клайд Гортензия Бригс исмли чиройли сотувчи аёл билан танишади. Бу аёл аслида моддий манфаат учунгина ёш Клайднинг бошини алантириб юради. Гортензия 115 доллар турадиган урфга кирган кўйлак кийишни хоҳлайди. Клайд унинг хоҳишига қарши туриши жуда қийин эди...

Кўп ўтмай, Клайд дўстлари билан ҳашаматли Packard машинасида сафарга чиқади. Ушбу автомобилни Клайднинг дўстларидан бири Спарсер отаси хизмат қиладиган бой одамнинг гаражидан рухсатисиз олиб кетган эди. Канзас-Ситига қайтаётганларида об-ҳаво ёмонлаша бошлайди, қор ёғади ва жуда секин юришга тўғри келади. Клайд ва ўртоқлари меҳмонхонадаги ишларига кеч қолаётган эди. Шу сабабли Спарсердан тезликни оширишни илтимос қилишади. У шундай қилади ва йўлдан чиқиб қолган қизчани уриб юборади. Кейин полициячилардан қочаётиб бошқарувни йўқотади. Ҳайдовчи ва қизлардан бири пачоқланган машинада ҳушидан кетиб қолиб кетади, қолганлар эса воқеа жойидан қочади.

Эртаси куни газеталар воқеа ҳақида хабар тарқатади. Машинада уриб юборилган қиз вафот этгач, ҳибсга олинган Спарсер бошқа барча иштирокчиларининг исмларини ошкор қилади. Ҳибсга олинишдан қўрқиб, Клайд ва гуруҳнинг бошқа аъзолари Канзас-Сити шаҳрини тарк этади. Уч йил давомида Клайд уйдан узоқда сохта ном билан яшайди, ифлос ва оғир ишларни қилади ва бунинг учун арзимаган пул олади. Аммо кунлардан бир куни Чикагода ўша машъум автоҳалокатда у билан бирга бўлган дўсти Ретерерни учратади. Ретерер уни Union клубига хабарчи сифатида ишга таклиф қилади. Йигирма ёшли Клайд янги ҳаётидан жуда мамнун.

Кунларнинг бирида клубда Нью-Йорк штатининг Ликург шаҳрида яшайдиган ва кўйлак ёқалари ишлаб чиқарадиган заводга эгалик қиладиган амакиси Самюэль Гриффитс пайдо бўлади. Қариндошлар учрашувининг натижасида амакиси унга олтин тоғларни ваъда қилмаса-да, фабрикадан иш жой ваъда қилади. Клайд учун бадавлат қариндошлар билан алоқалар Union клубида ишлашдан кўра истиқболли кўринади, гарчи у бу ерда яхши пул топаётган бўлса ҳам.

Самюэлнинг ўғли Гилберт амакиваччасини унча ҳушламай кутиб олади. Клайднинг фойдали билим ва кўникмаларга эга эмаслигига ишонч ҳосил қилиб, уни ертўлада жойлашган устахонага жуда оғир ва кам маошли ишга тайинлайди. Клайд арзон ётоқхонадан хона ижарага олади ва эртами-кечми муваффақият қозонишига умид қилиб, ишни бошлайди.

Орадан бир ой ўтади. Клайд доимо унга юкланган барча нарсани сидқидилдан бажаради. Самюэль ўғлидан Клайд ҳақида фикри қандай эканлигига қизиқиб кўради. Аммо Гилберт камбағал қариндоши пайдо бўлиши ёқмагани ортидан отасига Клайд ҳеч қандай маълумотга эга эмаслиги, жуда лапашанг эканини айтади. Бироқ Самюэлга Клайд ёқар ва у жиянига ўзини кўрсатишга имконият беришга тайёр эди. Гилбертнинг хоҳишига қарши ўлароқ, Клайд уйга оилавий тушлик учун таклиф қилинади. Бу ерда у нафақат қариндошининг оиласи билан, балки Ликург шаҳрининг мафтункор вакилалари – ёш Бертина Кренстон ва Сондра Финчли билан ҳам учрашади, уларга чиройли ва тарбияли бу йигитча жуда ёқиб қолади.

Ниҳоят, отасининг талабига биноан Гилберт Клайд учун енгилроқ ва обрўли ишни топади, у энди ҳисобчи эди. Бироқ Гилберт уни «аёл ишчилар билан муносабатларда одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиш» кераклиги ҳақида огоҳлантиради. Клайд иш берувчиларининг барча қоидаларини содиқлик билан бажаришга тайёр бўлиб, баъзи қизларнинг у билан муносабатлар ўрнатишга уринишларига қарамай, уларнинг ноз-карашмаларига эътибор бермайди.

Кўп ўтмай фабрика кўйлак ёқаси учун қўшимча буюртма олади ва бу, ўз навбатида, корхонада штат кенгайишини талаб қилади. Заводга Роберта исмли ёш қиз келади. Робертага Клайднинг барнолигига қарши туриш осон эмас эди. Улар учраша бошлайди, Клайднинг севгиси тобора кучайиб боради ва қатъий қоидалар остида тарбия кўрган қиз Роберта ҳам чегараларни унутиб боради.

Айни пайтда, Клайд Сондра Финчли билан яна учрашади ва бу учрашув унинг ҳаётини тубдан ўзгартиради. Бой меросхўр, маҳаллий аристократиянинг вакили Сондра бу йигитга самимий қизиқиш кўрсатиб, уни Ликургнинг бой ёшлари тўпланадиган рақслар кечасига таклиф қилади. Янги тажрибалар тўқнашуви остида Клайднинг кўзи олдидан камбағал ва жозибали Роберта йўқолиб боради. Қиз Клайд энди унга эътибор бермаётганини ҳис қилади, севгисини йўқотишдан қўрқади ва бир куни васвасага берилиб, ўзини ва бокиралигини Клайдга топширади.

Аммо Сондра Финчли Клайднинг ҳаётидан ғойиб бўлмайди. Аксинча, у Клайдни ўз давраси билан таништиради ва жозибали истиқболлар унинг бошини айлантиради. Бу Роберта эътиборидан четда қолмайди ва у ҳасад ва рашкнинг оғир азобларини бошидан кечиради. Бунинг устига, у ҳомиладор экани маълум бўлади. Роберта буни Клайдга айтади ва у вазиятдан чиқиш йўлини топишга ҳаракат қилади. Аммо дорилар керакли натижа бермайди, улар қийинчилик билан топган шифокор эса аборт қилишни қатъиян рад этади.

Вазиятдан чиқишнинг ягона йўли Робертага уйланиш эди. Лекин бу йўл Клайдга ёқмайди. Чунки бу йўл Сондра билан бой ва ёрқин келажак ҳақидаги орзулари билан хайрлашиш кераклигини англатар эди. Роберта умидсиз эди. У Клайднинг амакисига нима бўлганини айтиб беришга ҳам тайёр эди. Бу Клайд фаолиятининг якунини ва Сондра билан ишқий муносабатларига чек қўйилишини англатар эди. Клайд Робертага шифокор топишга ва агар у икки ҳафта ичида тополмаса, унга уйланишга ҳамда Роберта иш бошлагунига қадар бирмунча вақт давомида уни қўллаб-қувватлашга ваъда беради.

Бироқ кейин Клайднинг кўзи Пасс дарёсидаги фожиа ҳақида ёзилган газетага тушиб қолади. Унда ёзилишича, «Бир эркак ва бир аёл дарёда сайр қилиш учун ижарага қайиқ олган, лекин эртаси куни қайиқ ағдарилган ҳолда топилган, ундан аёлнинг жасадини топишган, эркакни топишнинг иложи бўлмаган». Бу воқеа унда жуда катта таассурот қолдиради, айниқса ота-онасиникига кетган Робертадан бошқа кутишни хоҳламаслиги ва Ликургга қайтиб, ҳамма нарсани Самюэль Гриффитсга айтиб бериш ҳақида хат олгач. Клайд вақти оз қолганлигини ва тезроқ қандайдир қарор қабул қилиши кераклигини тушунади.

Клайд Робертани кўлга саёҳатга таклиф қилади ва унга уйланишга ваъда беради. Шундай қилиб, даҳшатли қарор қабул қилинганга ўхшайди, лекин унинг ўзи режаларини амалга ошириш учун куч топишига ишонмайди. Хаёлда ва ҳаётда қотиллик қилиш бошқа-бошқа нарсалар эди.

Мана Клайд ва Роберта кўлда сузмоқда. Клайднинг ўйчан ва бурушган нигоҳи Робертани қўрқитади ва унга яқинлашиб нима бўлганини сўрамоқчи бўлганида уни фотокамера билан уради, қиз мувозанатни йўқотиб йиқилиб тушади. Қайиқ ағдарилади, унинг бир томони Робертанинг бошига урилади. У Клайддан қутқаришини сўраб ёлворади, лекин у ёрдам бермайди. Унинг бир неча бор ўйлаган режаси амалга ошган эди. У қирғоққа Робертасиз ёлғиз ўзи қайтади.

Ағдарилган қайиқ ва Робертанинг жасади тезда топилади. Терговчи Хейт ва прокурор Мейсон иштиёқ билан иш бошлайди ва тез орада Клайднинг изига чиқади. Дастлаб у тан олмайди, аммо тажрибали прокурор учун уни бурчакка сиқиш қийин эмас эди. Клайдд ҳибсга олинади – энди унинг тақдирини суд ҳал қилади.

Албатта, Самюэль Гриффитс содир бўлган воқеадан ҳайратда қолади, бироқ у яхши адвокатларни ёллайди. Улар имкон қадар бор кучларини сарфлайди, аммо Мейсон ўз ишини яхши билар эди. Узоқ ва шиддатли суд жараёни Клайд ўлим жазосига ҳукм этилиши билан якунланади. Бой қариндошлари Клайдга ёрдам беришни тўхтатади ва фақат онасигина унга бирон ёрдам қилиш учун бесамар елиб-югуради.

Клайд «Ўлим уйи» деб номланган Оберн қамоқхонасига кўчирилади. Ўғлининг ҳаёти учун курашни давом эттириш мақсадида онанинг пул топишга бўлган умидсиз уринишлари муваффақият келтирмайди. Жамият эса бир замонлар улар билан бирга бўлишга, улар каби яшашни хоҳлаган, бугун эса маҳкумга айланган Клайдга бўлган қизиқишини йўқотади. Энди ҳеч нарса давлат ўлим машинаси бўлмиш электр стули томонидан ишни якунлашга тўсқинлик қила олмайди...

Таҳлил

Роман бош қаҳрамони – Клайд Гриффитс – «ҳаётга америкача нуқтаи назар билан қарайдиган типик ёш америкалик» эди. Болалигидан у моддий қадриятларни маънавий қадриятлардан юқори қўйган кўплаб ватандошларига тўлиқ ўхшашга ва уларнинг стандартларига интилди. Green Davidson меҳмонхонасида хабарчи бўлиб ишлаш жуда диндор, ваъзгўй оилада ўсган йигит учун янги, жозибали дунё каби кўринди. Бу ерда катта даромад ва ота-онасининг муайян фаолияти туфайли болаликда топа олмасликдан қўрққан ҳақиқий дўстлар топди. У билан вақт ўтказишга рози бўлган чиройли қизлар бор. Бунда у учун аввалги турмуш тарзига кўра ижтимоий ахлоқ йўл қўймайдиган – ресторанларда зиёфат қилиш ва ишратхоналарга ташриф буюриш каби кўзига чиройли кўринган нарсалар очилди. Клайд ҳақиқий ҳаёт билан тўқнашиши билан уни ортидан келадиган қийинчиликларга қарши тура олмайди: йўлда қизнинг ўлимида тасодифий жиноятчига айланганидан сўнг ўн етти ёшли йигит ҳамма нарсани ташлаб, Канзас-Сити шаҳридан қочиб кетади. Асарнинг биринчи қисмида муаллиф ўқувчини бош қаҳрамон характерининг асослари билан таништиради. Бунда пулни ва ўйин-кулгини севувчи, аёлларга суяги йўқ, реал ҳаёт ҳақида умуман тушунчага эга бўлмаган ёш йигитча тасвирланган эди.

«Америка фожиаси»нинг иккинчи қисми йигитнинг амакиси бой саноатчи Самюэль Гриффитсга тегишли бўлган фабриканинг оддий ишчиси Клайд Гриффитс ва Роберта Олден ўртасидаги муносабатлар воқеасини ҳикоя қилади. Учинчи қисм – бу асарнинг юридик қисми бўлиб, иккинчисининг узвий давоми – бунда жиноят чуқур таҳлил қилинади, суд бўлиб ўтади, ва ҳукм ўқилганидан кейинги Клайд онгидаги маънавий ўзгаришларни кўрсатиб беради.

Фото: Google Photos

Бош қаҳрамоннинг фожиага олиб келган асосий камчилиги, унинг адвокатлари Белнеп ва Жеффсон томонидан судга олиб чиқилган эди. Адвокатлар ўзларининг ҳимоясини, мижозининг «ақлий ва маънавий қўрқоқ» экани атрофига қуради. Китобда бу ҳақда тўғридан тўғри айтилмаган, аммо ўқувчининг ўзи ўйлаб кўрса, агар Клайд бироз ақлли, масъулиятли ва жасоратли йигит бўлганида, у ўзини бурчакка тақаб қўймас эди: Роберта билан муносабатларни чуқурлаштиришдан аввал ўйлаб кўриши, қизнинг эртанги тақдири учун жавобгарлик ҳисси борлигини сезиши керак эди.

Клайд билан содир бўлган фожиа тасодифий ва муқаррар бўлган бир қатор омилларга асосланган. Бунинг остида унинг болаликда қаттиққўл ота-она тарбиясини олгани, содда ва орзуларга берилувчан ёшда экани, бой оиланинг камбағал аъзоси экани, юқори жамият томонидан рад этилган ва улар билан алоқа қила олмагани сабаблари ётади. Клайд Робертани чиндан севармиди? Ёки ички ёлғизлиги сабаб ва Канзас-Сити шаҳрида жозибали Гортензия Бригс томонидан уйғотилган аёл билан жисмоний яқинликка бўлган эҳтиёж туфайли ёқтирармиди? Ўйлайманки, у Робертани ростдан ҳам ёқтирар эди, лекин бой қариндошининг ишончини йўқотиш, чиройли ва бой Сондра Финчли билан хайрлашиш қўрқуви унинг муҳаббатини қабоҳатга айлантирди. Камбағал ва ўзига ишончи йўқ йигит бой оиладан чиққан қиз билан учрашиб, унинг қўли ва юрагига эга чиқишига ишониш мумкинлигини англаб етгач, оддий ишчи қизга совуққонлик билан муносабатда бўлди.

Қатъий ахлоқий қадриятларига мувофиқ тарбияланган Роберта ҳам, меҳрибон юрагига қарамай, унинг бошига тушган бахтсизликлар олдида ўжар ва шафқатсиз бўлиб қолади. Агар у янада мослашувчан бўлганида, Клайдсиз фарзанд кўриш ва ундан пул олиш ҳақидаги таклифига рози бўлганида, ёки унга бошқа йўллар орқали таъсир ўтказишга ҳаракат қилганида, балки бу фожиалар рўй бермасмиди? Роберта Олденнинг фожиаси шундаки, у ота-онаси ва жамият олдида жуда катта қўрқувни ҳис қилади ва гуноҳини тан олишдан қўрқади. Жамиятнинг, одамларнинг фикри уни қўрқитди, шахсий ҳаётини жамият бошқарувига топширган ҳолда, жамият учун оппоқ кўриниш мақсадида ундан воз кечишга тайёр турган ярамас инсоннинг ортидан қолмади.

Сондрага бўлган муҳаббати туфайли Клайдга, газетадаги мақола орқали қотиллик ғояси келади, лекин... У жиноят қилишни хоҳлайдими ёки йўқми? Буни на у, на бошқалар ва на китобхон роман охиригача тушунмайди, токи қатл қилиниш учун кетаётган Клайд ёнига келган роҳиб Мак-Миллан ваъзида даҳшатли ҳикояга якуний нуқтани қўймагунича. Руҳонийнинг сўзларига кўра, йигит қотилликни аввало ўз юрагида содир этиб бўлгани учун ҳам айбдор эди.

Клайднинг ички кечинмалари бир қатор фактлардан бошқа нарса эмас: у Робертадан қутулмоқчи эди, унинг фикрича, бой ва бахтли яшаши учун бундан бошқа йўл йўқлигидан ғазаб ва нафрат туфайли қизни урди; қизни чўкиб кетишдан қутқармади, чунки у буни бутун умр орзу қилган ишларга етказадиган ягона тез йўл деб билди.

Қатл қилинишидан олдин «Америка фожиаси» қаҳрамони қўрқув ва ёлғизлик таъсирида руҳий инқилобни бошдан кечиради, бу ўша машъум кўлда содир бўлган воқеани ҳаққоний айтиб беришга имкон беради. Драйзер ўз романида нафақат жиноятчининг ва ўлимга ҳукм қилинган шахснинг ички ҳис-туйғуларини очиб берган мукаммал психолог, балки Америка жамиятининг тузилишини – унинг энг юқори поғонасидаги муҳтожлик нималигини билмаган бойлар ва бутун умр муҳтож яшайдиган камбағал қатламнинг узвий боғлиқ ҳаётини, ҳамма нарса, ҳаттоки суд тизими ҳам ўзаро манфаат учун қурилган тоза капиталистик жамиятни тасвирлаб берган ажойиб рассом ҳам эди (асардаги прокурор ҳам судья рутбасига эришиш учунгина ишни тезроқ очишга ҳаракат қилади, ҳақиқатни юзага чиқариш иккинчи ўринда эди. Кеча бизда хокимлар, президент айтгани учунгина ва ўз ўрнини сақлаб қолиш учунгина халқдан узр сўраганлари каби).

Хулоса

«Америкача орзу» ҳар доим ҳам муваффақият ҳикояси эмас. Баъзан бу туш фожиа билан тугаши ҳам мумкин. Асарда муваффақият, яхши иш, пул, бой хотин қандай қилиб қаҳрамонни жиноятга ва қатлга олиб бориши ёритилган. Муаллиф ўша давр Америка дунёсини борича, ҳеч қандай романтикасиз кўрсатиб берган. Асардаги қаҳрамонлар характерининг моҳирона очиб берилиши ҳам бу қаҳрамонлар тақдири қандай ривожланишига катта ҳисса қўшади. Масалан, Роберта; албатта, ҳар қандай одам бу қизга ачинади, лекин, шу билан бирга, тушунасизки, унинг ўзи оқибатлари ҳақида ўйламасдан «америкача орзу»га эришмоқчи эди. Муаллиф Клайд каби йигитларни шунчалик моҳирона тасвирлаганки, ёқмаса-да, унинг хатти-ҳаракатлари ўқувчига тушунарли.

ХХ аср бошларида яшаган, ҳеч қандай қобилиятга эга бўлмаган оддий америкалик йигитча гўё гўзал ҳаёт ҳақидаги орзусини рўёбга чиқариш учун фақатгина интилиш ва омад керак деб ҳисоблар эди. Аммо бу мақсадларга эришишда инсонийлик, виждон, ирода, ахлоқ, одоб каби тушунчаларни керакмас деб билди. У болалигиданоқ бу хаёлларни маҳкам ушлаган эди. Ушбу хаёлотлар аста-секин, лекин доимий равишда бутун жамият томонидан илҳомлантирилди. Хаёлот одамни ўзини англашдан узоқлаштиради ва жар ёқасига олиб келади. Кучли иродага эга бўлмаган, эҳтирос ва хаёллар бўронига бўйсунган Клайд Гриффитс аслида «америкача орзу»ни амалга ошириш ўрнига ёлғизлик, таҳқирланиш, нафрат ва қотиллик исканжасида қолади.

Романда ҳамма нарса америкаликларга хос. Аёл ва эркак ўртасидаги муносабатлар, динга бўлган муносабат, иқтисодиётга, ишга, сиёсийлаштирилган суд жараёнлари ва албатта «америкача орзу». Жамиятни бой бўлиш, ҳар қандай ҳолатда ҳам осон ҳаёт кечириш учун ўзларининг «офтоб тагидаги жой»ини олиш истагигина бошқарувчи ўша давр Америкасининг тасвири асарда мохирона ўз ифодасини топган. Ўқувчида роман қаҳрамони Клайд Гриффитсга бўлган муносабат китоб давомида бир неча бор ўзгаради. Аввалига ёқимтой ва кулгили йигитча бўлиб кўринган Клайдга асар ўртасида нафратингиз қўзғаса, асар сўнгида балки раҳмингиз келиши ҳам мумкин...

Иқтибослар

Бахт уни кутадиган кишиларга келади;

Ҳа, албатта, лекин қара, умрингни кутиш хонасида ўтказиб юборма;

У дунёга келиб, яшаб, ҳаётда ҳеч нарсани тушунмасдан ўлаётган кўплаб одамлардан бири эди;

Улар пайдо бўлиб, боши оққан тарафга кетиб, қоронғиликка ғойиб бўлади;

Одамлар чиройли кўринишдан ҳам кўра кўпроқ пулни яхши кўради;

Агар биз одамлар қонунни ҳурмат қилишларини истасак, бунинг учун қонун асосида қабул қилинган қарорларни, қонуний асосларсиз ўзгартирмаслигимиз лозим;

Биласизми, юристларда «Ўз айбсизлигини англаш, одамга хотиржамлик беради» деган қадимги мақол бор.

Қизиқарли фактлар

- Теодор Драйзернинг акаси Пол Дрессер Америкада XIX аср охири ва ХХ аср бошларидаги машҳур қўшиқларнинг муаллифи эди;

- «Америка фожиаси» асари асосида суратга олинган «Офтоб остидаги жой» фильми олтита Оскар ва Олтин глобус мукофотларини қўлга киритган;

- Теодор Драйзер 1930 йилги адабиёт бўйича Нобель мукофотига номзодлар қаторига киритилган эди;

- Соционика психологик назарияда «Драйзер» деб номланувчи тур бўлиб, бу ном интроверт инсонлар категориясига нисбатан ишлатилади.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.