1 август куни Навоий вилояти Қизилтепа тумани Варозун маҳалласида «Абу Бакр Сиддиқ» номли янги жоме масжидининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати хабар берди.
Маросимда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим домла Иномов, Навоий вилоят бош имом-хатиби Тоҳиржон Рўзиев, туман бош имом хатиби Завқиддин Орипов, туман ҳокими бошчилигидаги мутасадди раҳбарлар, имомлар, шунингдек, қишлоқ ва маҳалла фаоллари иштирок этди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов сўзга чиқиб, маҳалла аҳлини янги масжид билан қутлади ва ушбу масжид мусулмонларнинг дуолари ижобат бўладиган, ёш авлоднинг гўзал ахлоқий фазилатлари шаклланадиган мў’табар маскан бўлишини тилаб, керакли тавсиялар берди, хайрли дуолар қилди.
«Аллоҳ таоло янги масжидни қишлоқ аҳли учун, умуман, вилоят мусулмонлари учун илм-маърифат ва ахлоқий тарбия маскани бўлишини насиб эцин!» — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)