Қозоғистоннинг Уйғур туманида жойлашган Шонжи қишлоғидаги уйлардан бирида 27 июлда эркак кишининг жасади қотиллик аломатлари билан топилди, деб хабар бермоқда «Правда востока». Ўзбекистоннинг Олмаота шаҳридаги Бош консулхонаси бу хабарни тасдиқлаган.
Аниқланишича, ўлдирилган шахс Ўзбекистон фуқароси бўлган. Полиция жиноятни содир этишда гумонланган ўзбекистонлик эркакни аниқлаб, уни қўлга олишга эришган.
Ҳар иккала ўзбекистонлик фуқаро меҳнат шартномаси асосида июль ойида Шонжи қишлоғидаги қурилишда ишлаш учун Қозоғистонга келган. «Улар ижарага олинган уйда яшаган. Ватандошлар ўртасида одатий жанжал келиб чиққан бўлиб, эркаклардан бири пичоқни қўлига олган. Ҳозирда қотиллик ҳолати бўйича жиноий иш қўзғатилган ва тергов олиб борилмоқда. Гумонланувчи қамоққа олинган», — дейилади Олмаота Полиция департаменти хабарида.
Таъкидланишича, жиноят қуроли бўлган ошхона пичоғи топилиб, тергов материалларига бириктирилган. Икки эркак ўртасидаги жанжалга нима сабаб бўлгани тергов давомида аниқланади.
Қайд этилишича, марҳумнинг жасади қариндошлари ҳамроҳлигида Ўзбекистонга жўнатилган. Бош консулхона вазиятни назоратда ушлаб турибди.
Изоҳ (0)