Фарғона вилоятининг анклав ҳудуди ҳисобланган, 76 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган Сўх туманида 2019 йил 23 июль куни вилоят сектор раҳбарлари, яъни 1-сектор раҳбари, вилоят ҳокими Ш.М.Ғаниев, 2-сектор раҳбари, вилоят прокурори С.Турдиев, 3-сектор раҳбари, вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Р.Маматов, 4-сектор раҳбари, вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Ю.Насимжоновлар томонидан оммавий сайёр қабул ўтказилди, бу ҳақда «Халқ билан мулоқот» портали «Дарё»га маълум қилди.
Қабул ҳудудларда аҳолини қийнаб келаётган ва кўплаб эътирозларга сабаб бўлаётган долзарб муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш юзасидан аниқ чоралар кўриш, фуқароларнинг давлат идораларига бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилди. Қабул жараёнида барча вилоят бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари, прокуратура, ИИБ ва суд органлари ҳамда туман сектор раҳбарлари иштирок этди.
Қабулда жами 254 нафар фуқаролар қатнашиб, улардан бевосита сектор раҳбарларига 162 та мурожаат келиб тушди. Жисмоний ва юридик шахслар вакилларининг 28 та ичимлик суви ва суғориш тизимида сув таъминоти, 16 та ички йўлларни таъмирлаш, 20 та қурилиш ишларини олиб бориш, 10 та маҳалла фуқаролар йиғини фаолияти ва уларнинг моддий-техника базаси масаласида, 8 та уй-жой масаласида, 4 та моддий ёрдам кўрсатиш ва бошқа масалаларда мурожаатлари кўриб чиқилди.
Ўтказилган қабул натижалари бўйича 25 нафар мурожаатчиларнинг масаласи жойида ижобий ҳал этилди, 19 нафар мурожаатчиларга тушунтириш берилди.
Қабул давомида келиб тушган мурожаатлардан келиб чиққан ҳолда Сўх тумани аҳолисини ижтимоий-маънавий қўллаб-қувватлаш, уларга қулай шароитларни яратиш мақсадида мавжуд ҳолатни тўлиқ ўрганиб чиқиш бўйича вилоят ҳокимлиги, бошқарма ва ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ ташкил этилди.
Аҳоли билан суҳбат давомида улар ўзларини қийнаб турган муаммоларни баён этди. Жумладан, Ҳушёр қишлоғидан кутубхоначи бўлиб ишлаган, ҳозирда пенсиядаги Икромова Зулфияхон опа «Обод қишлоқ» дастури бўйича амалга оширилаётган ишлардан миннатдор эканлигини билдирар экан, қишлоқдаги талабга жавоб бермай қолган эски маданият уйи биносини бузиб, бинони янгидан қуриб, бу ерда маданият маскани барпо этишни, кутубхона ҳам очишни таклиф қилди. Масала масъул раҳбарлар эътиборига ҳавола қилинди, топшириқ берилди. Бу каби кўплаб мурожаатлар сайёр қабул давомида билдирилди.
Сўх тумани Сариканда қишлоғи Гулирайҳон кўчасида яшовчи Мамашарипов Ўлмасжоннинг «Ногирон қизи учун ногиронлик аравачаси ва моддий ёрдам бериш масаласида», Сўх тумани Ғазнов қишлоғида яшовчи Мирзоева Файзинисонинг «Фуқаролик паспортини олиш масаласида»ги ва бошқа қатор мурожаатлар ижобий ҳал этилди.
Ровон қишлоғида яшовчи Эргашев Метиннинг «Соғлиқни сақлаш соҳасида мутахассислар етишмаслиги сабаб вилоят марказидан етишмайдиган соҳалар бўйича мутахассислар юбориш тўғрисида»ги мурожаати ижобий ҳал этилиб, тиббиёт йўналишидаги олий таълим муассасаларига имтиёзли қабул қилиш учун вилоят ҳокимлигига ажратилган 14 та квотадан 10 таси сўхлик ёшлар учун ажратиб берилди.
Янгиариқ қишлоғида яшовчи Ибрагимов Толибжонннинг туманда кураш мактабини очиш бўйича таклифи юзасидан вилоят ҳокимлиги томонидан 400 млн сўм маблағ ажратиш режалаштирилди.
Шунингдек, туманга куз-қиш мавсуми учун 5000 тонна кўмир олиб келиниши, қишга тайёргарлик ишлари учун 3 млрд сўм пул маблағи ажратилгани билдирилди.
Қабул давомида 12 нафар малакали тиббиёт ходимлари ташриф буюриб, улар бир ҳафта давомида туманда истиқомат қилувчи аҳолини, айниқса, аёллар, ёшлар, кексаларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказмоқда.
Шунингдек, Давлат хизматлари агентлиги Фарғона вилояти бошқармаси томонидан туман аҳолиси учун сайёр давлат хизматлари ташкил этилди.
Сўх туманида ўтказилган қабул давомида кўплаб сўхликлар уларга берилаётган эътибор, ғамхўрлик ва имкониятлардан жуда кўплаб миннатдорчиликларини билдириб ўтди. Жумладан, 85 ёшли отахон, меҳнат фахрийси Субҳиддин Шарофиддин, «Фидокорона меҳнатлари учун» ордени соҳиби Шаҳодат Бойболаева ва бошқалар халқ ғамини ўйлаётган вилоят раҳбарлари, аввало барча ижобий ўзгаришлар бошида турган мамлакат Президентига Сўх аҳолиси номидан миннатдорчилик билдирди.
Изоҳ (0)