Хабарингиз бор, бундан бир неча кун олдин охирги пайтларда Самарқанд вилоятида, айниқса Ургут туманида бу туманга берилаётган энергия вилоятдан тез-тез ўчирилаётгани танқид қилиниб, бунинг оқибатида насослар ёрдамида узумзорларини суғорадиган фермер ва деҳқонлар қийналиб қолаётгани ҳақида ёзиб, жойларда электр таъминотига масъул бўлган «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ раиси Улуғбек Мустафоевга очиқ хат тарзида ёзилган мақола эълон қилинган эди. Муаллиф Ғайрат Йўлдош ушбу мақоладан сўнг бўлган воқеалар ҳақида ҳикоя қилади.
Шундан сўнг «Ҳудудий электр тармоқлари» масъуллари мен билан алоқага чиқиб, Улуғбек Мустафоев номига ёзилган хатда манзилда адашганимни, айнан вилоятлар бўйлаб, шунингдек, туманларга тортилган катта магистрал тармоқларда энергияни узиб қўйиш «Ҳудудий электр тармоқлари» ваколатига кирмаслигини, бу ваколат яна бир алоҳида ташкилот – «Миллий электр тармоқлари» АЖга қарашини ва Самарқанд вилоятида қандайдир туманга бораётган энергия вилоятдан ўчирилганда «Миллий электр тармоқлари»нинг Самарқанддаги диспетчерлик марказидан ўчирилишини билдирди. Менга бир телефон рақам беришди ва «Ургутда, бутун туманда чироқ ўчганда мана шуларга қўнғироқ қилиб сўранг, Ургутга тортилган магистрал тармоқдан энергияни шулар узади. Айнан шу диспетчерлик маркази тўғридан тўғри ‘Миллий электр тармоқлари’ бош офисига бўйсунади», дейишди.
Кечки соат 21:00 ларда бутун туманда чироқ ўчганда ўша рақамга қўнғироқ қилдим. Жавоб берган киши ўзини таништирмади ва «Ургутда чироқни нега ўчираяпсизлар?» деб унга «Дарё»да чиққан танқидий мақолам ҳақида эслатдим. Шу пайт у «Қўнғироқни узмай туринг, ҳозир эшитасиз, буйруқ бераман ва ҳозир бошқа туманни ўчириб Ургут туманини ёқади» деди-да, русчалаб кимгадир «Фалон линияни ўчир, фалон линияни ёқ, Ургутда ҳаммаёқда чироқ ёнсин» деб буйруқ берди (бу ҳақда аудиоёзув бор). Шу онда чироғимиз ёнди.
Шундан сўнг эрталабдан масалани ойдинлаштириш учун, шунингдек, «Миллий электр тармоқлари» ходимлари билан боғланиб, вазиятни билиш мақсадида бу ташкилотнинг боғланиш рақамларини қидира бошладим. Мени ҳайратлантиргани, ташкилот идораси, манзили ҳақида интернетда умуман маълумот йўқ ёки мен роса қидириб ҳам топа олмадим. Кейин билсам, ҳали бу ташкилотнинг матбуот хизмати ҳам ташкил этилмаган экан.
Яхши одамлар ёрдамида ташкилот қабулхонасининг телефон рақамини топдим ва қабулхона билан боғланиб, Самарқанд вилоятида охирги ўн кун ичида энергия таъминоти жуда ёмонлашгани, охир-оқибат бу ҳақда «Дарё»да мақолам чиққани, мақола эълон қилингандан сўнг «Ҳудудий электр тармоқлари» катта магистрал тармоқларда энергияни узиб қўйиш билан «Миллий электр тармоқлари» шуғулланишини маълум қилганини айтиб, мени ушбу АЖ раҳбари ёки ўринбосари ёки бош муҳандиси билан боғлаб беришни илтимос қилдим.
«Ҳозир мажлис бўляпти, бирпасдан кейин қўнғироқ қилинг, улаб бераман», деган жавоб бўлди. Айтилган вақтда яна қўнғироқ қилдим. Менга ташкилотнинг Ижро интизомини назорат қилиш ва ишларни юритиш бошқармаси бошлиғи Шамсиев Ҳабибулло Омоновични улаб беришди. Унга вазиятни тушунтирдим. Аммо, Шамсиевнинг айтишича, «Миллий электр тармоқлари»нинг вилоятларда энергияни узиб қўядиган диспетчерлик марказлари йўқ экан. Улар фақат ҳалокат ёки бошқа шунга ўхшаган ҳолатлар содир бўлганида Тошкентдан магистрал тармоқларда энергияни ўзишга ваколатлари бор экан.
«Унда Самарқанд вилоятидаги диспетчерлик марказларингчи?» деган саволимга иккинчи марта ҳам «вилоятларда диспетчерлик марказларимиз йўқ», деган жавобни олдим. Шамсиевга кўра, вилоятларда ҳам, туманларда ҳам энергия узиб қўйиш фақат «Ҳудудий электр тармоқлари» ваколатига кирар экан.
Шамсиевга бир кун олдин кечки пайт «Миллий электр тармоқлари»нинг Самарқанддаги диспетчерлик маркази билан гаплашганимни ва диспетчерлардан бири менга эшиттириб олдидаги ходимга «Бошқа туманни ўчир, Ургутни тўлиқ ёқиб юбор» деб буйруқ бергани ҳақида айцам, амалдор мендан ўша диспетчерлик марказига қўнғироқ қилган рақамимни сўради. Рақамни бердим.
«Ҳозир аниқлай қани, ким экан бу, кейин гаплашамиз», деб қўнғироқни узди. Бироздан кейин яна қабулхонага қўнғироқ қилиб, котибага Шамсиев билан гапимиз чала қолганини, у билан қайта улаб беришини илтимос қилдим. Аммо, котибанинг айтишича, раҳбарият ва мутасаддилар зудлик билан муҳокамага йиғилганини ва нималарнидир муҳокама қилиб, «Мабодо бояги одам қўнғироқ қилса, унга айт, Энергетика вазирлигига қўнғироқ қилсин», деб айтишган экан. Шу тариқа суҳбат чала қолди. Шундан сўнг «Миллий электр тармоқлари» котибасига шунча илтимос қилсам ҳам, мени мутасаддилардан биронтаси билан қайта боғламади.
Ҳайрон қолдим. Чироқ ўчяптими, ўчяпти. Кимдир ёки қайсидир ташкилот ўчиряптими, ўчиряпти. Қайсидир оғиз «фалон жойнинг чироғини ўчир», деб буйруқ беряптими, беряпти. Қайсидир қўл чироқни ўчириш учун тугмани босяптими, босяпти. Аммо, ҳеч ким чироқни «биз ўчиряпмиз» деб тан олмаяпти. Роса ғалати бўларкан. Яъни бутун бошли туманлар чироғини 4–5 соатлаб узиб қўйишади-да, ўчирадиган ташкилотнинг ҳам, буйруқ берадиган одамнинг ҳам кимлиги номаълум. «Ҳудудий электр тармоқлари» мутасаддилари «айб бизда эмас» деб мулоқотдан қочмаяпти. «Миллий электр тармоқлари» мутасаддилари эса на изоҳ беради, на мулоқотга рози бўлади, шунчаки думини ҳам тутқазмаяпти. Шундан ҳам жойларда чироқ ким томонидан буйруқ берилиб ўчиртилаётгани маълум бўлиб қолди.
Бир кун олдин, кечки пайт қўнғироқ қилганим «Миллий электр тармоқлари»нинг Самарқанддаги диспетчер марказининг рақамига яна қайта қўнғироқ қилдим. Бу сафар бошқа одам кўтарди. Унга ўзимни таништириб, мен билан бир кун олдин кечки пайт гаплашган ва ёнидаги одамга буйруқ бериб, «бошқа жойларни ўчир ва Ургут тумани чироғини тўлиқ ёқ» деган одамни сўрадим. Қўнғироққа жавоб берган диспетчернинг айтишича, улар ўрин алмаштириб ишлар экан ва у эрталаб бу одамга ўрнини топшириб кетибди.
Қўнғироғимга жавоб бераётган одамдан Самарқанддаги диспетчерлик маркази кимга бўйсинишини сўрадим. «Магистрал тармоқларга» деб жавоб берди. Унга «‘Ҳудудий электр тармоқлари’ни биламан, ‘Миллий электр тармоқлари’ни биламан, Магистрал электр тармоқлари шулардан қайси бирига бўйсунади?» десам, «‘Миллий электр тармоқлар’га» деди (бунинг ҳам аудиоёзуви бор).
Шундан сўнг унга «Сизларга магистрал тармоқларда чироқни ўчир деб ким буйруқ беряпти?», десам, «Бизга ҳеч ким буйруқ бермайди ва биз ўчирмаймиз», деди. Шу ерда тахмин қилдим, бироз аввал Шамсиевга буларнинг рақамини берган эдим, мен қўнғироқ қилиб гаплашаётганда бош идорадан кимдир уларга нимадир деди. Акс ҳолда олдинига мен билан яхши муомалада бўлиб турган одамнинг иккинчи бир телефон қўнғироғига жавоб бериб, сўнг ортидан бирданига қўрслашиб телефонни ўчириб қўйганини қандай тушуниш керак?!
Унга «Кеча сизни ўрнингиздаги одам мени ўзимга кўргазмали чиқишдай қилиб, ‘телефонингни ўчирмай тур, ҳозир буйруғимни эшитасан ва чироғинг ёнади’ деб кимларгадир русчалаб ‘бошқа жойларни ўчир, Ургут туманини тўлиқ ёқ’ деб буйруқ бердику», десам, «Мен сен ким билан гаплашганингни билмайман, сени ҳам танимайман, уни ҳам», деди ва телефонни ўчирди. Қайта боғланишга уринишларим беҳуда кетди, қайтиб қўнғироғимга жавоб бермади.
Шундан сўнг Шамсиевнинг «вилоятларда диспетчерлик марказларимиз йўқ» дегани, «Ҳудудий электр тармоқлари» эса «Миллий электр тармоқлари»нинг Самарқандда диспетчерлик маркази бор деганини ўрганиш учун Самарқанддаги «Миллий электр тармоқлари» АЖга қарашли диспетчерлик маркази ҳақида сўраб суриштирдим. Шамсиев билан суҳбатлашганимизда у вилоятларда диспетчерлик марказлари йўқ деб бир тарафдан тўғри гапирган экан, иккинчи тарафдан эса ёлғон гапирган. Гап шундаги, «Миллий электр тармоқлари»нинг Самарқандда диспетчерлик маркази ҳақиқатан бор экан, лекин у «Жанубий-Ғарбий магистрал электр тармоқлари диспетчерлик маркази» деб номланиб, нафақат Самарқанд вилоятига, балки Бухоро, Навоий, Сурхонларё ва Қашқадарё вилоятларидаги барча йирик магистрал тармоқларни назорат қилар экан ва айнан Ургут туманига тортилган магистрал тармоқ ҳам шуларнинг назоратида экан. Аммо негадир буни «Миллий электр тармоқлари» бош идорасидагилар мендан бекитишга уринди. Бекитишга урингани уёқда турсин, ҳатто борлигини ҳам инкор қилди.
«Миллий электр тармоқлари» АЖ бугун Ўзбекистон бўйлаб бир нечта магистрал электр тармоқлари диспетчерлик марказлари очиб, уларнинг ҳар бирига Самарқанддагидай бир нечта вилоятни бириктириб, ана ўша диспетчерлик марказлари орқали бутун Ўзбекистондаги энергетика тизимини назорат қилар экан. Магистрал электр тармоқлар орқали бутун бошли туманларни фақат шуларни буйруғи билан чироқсиз қолдиришяпти.
Кейинтоқ яна «Самарқанд вилоят ҳудудий электр тармоқлари» ходимлари билан гаплашдим. Уларнинг айтишича, ҳозир «Ҳудудий электр тармоқлари»нинг ҳар бир вилоятда ўз диспетчерлик марказлари бор. Аммо улар магистрал электр тармоқлардаги энергияга эгалик қила олмайди ва бевосита «Миллий электр тармоқлари»нинг ҳудудий магистрал электр тармоқлари диспетчерлик марказлари етказиб берган энергияни истеъмолчига етказиб беряпти.
Шунингдек, вилоятлар бўйлаб турли ҳудудларга тортилган магистрал тармоқларда узатилаётган энергияни узиш буйруғини ҳам айнан «Миллий электр тармоқлари»нинг ҳудудий магистрал электр тармоқлари диспетчерлик марказлари беради. «Ҳудудий электр тармоқлари»нинг вилоят ҳудудий электр тармоқлари эса бу жараёнда томошабин экан холос.
Минг инкор қилишмасин, жойларда энергиянинг узиб қўйилишига буйруқни «Миллий электр тармоқлари» ва унинг ҳудудлардаги магистрал электр тармоқлари диспетчерлик марказлари мутасаддилари бераётгани ошкор бўлди. Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади деганларидай, ташкилот мутасаддилари ўзларича «вилоятларда диспетчерлик марказларимиз йўқ» деб ёлғон гапириб, ўзларини танитишни истамай, Ўзбекистонда энергетика таъминотининг бошқарув пульти ўзларида эканини исботлади.
Энди менинг даъвоим Улуғбек Мустафоевга эмас, «Миллий электр тармоқлари» АЖ раиси Дадажон Айнақулович Исақуловга бўлади.
Шу топда шу гапларни ёзаётганимда ҳам Ургутда чироқ вилоятдан ўчириб қўйилган эди. Тўғримда фермер-деҳқонларнинг насос орқали суғориладиган боғлари кўриняпти. Билмадим, бунақада деҳқон-фермерларнинг аҳволи охири нима бўларкин.
Ўн кундан бери нега Самарқанд вилоятида, жумладан, Ургут туманида чироқ кўп ўчириляпти ёки чироқ ўчиши ҳақида мурожаатлар бўляпти, мамлакатимизнинг аксар ҳудудларида соатлаб электр энергияни узиб қўйишяпти, сабабларини ўрганар эканман, энергетика соҳасида ишлаётган айрим ходимлар ўзларини танитишни ва овозларини ёзиб олишимни хоҳламай маълумот берди. Ўша маълумотларга кўра, охирги кунларда рўй бераётган энергетика чекловларининг турли сабаблари борлигини, масалан, ёзда ҳаво ниҳоятда қаттиқ иссиқ кетганига аҳоли томонидан уйларга тобора кўпроқ кондиционер ўрнатилаётгани ва шу туфайли энергияга талаб ниҳоятда ошиб бораётгани, март, апрель ойларига нисбатан июнь, июль ойларида энергияга талаб икки баравар ошиб кетганини, ана шундай ҳолатда энергия етказиб бериш осон бўлмаётганини айтишди. Афғонистонга экспорт қилинаётган энергия миқдорини эса камайтира олишмас экан. Шунингдек, ҳатто ИЭСларга сифатли газ берилмай, бунинг натижасида улар ишлаб чиқараётган энергия миқдори камайиши мумкинлиги, шу туфайли ҳам энергия етказиб беришда муаммоларга дуч келинаётган бўлиши мумкинлиги ҳақида гапиришди.
Хўп, шундай ҳам бўлсин дейлик. Бунга далада меҳнат қилаётган бечора деҳқон-фермерларнинг нима дахли ва нима айби бор? Ҳозир, ҳали уни баҳона қилиб, ҳали буни баҳона қилиб энергияни узиб қўяверишса, бечора деҳқоннинг бир йиллик меҳнати йўққа чиқиб, уйи куйиб кетадику! Наҳотки буни ўйлайдиган одам бўлмаса?!
Келинг, юқоридаги каби ҳозир март, апрель ойларидагига қараганда энергия истеъмоли икки бараварга ошган ҳам дейлик. Хўш, тадбиркорларимиз ишининг белига тепиб, тўхтатиб, деҳқон-фермерларнинг экинлари нобуд бўлишига сабабчи бўлиб, уларни хонавайрон бўлишини томоша қилиб ўтиришдан кўра, Афғонистонга энергия экспорт қилиш ҳақида шартнома тузилаётганда ҳеч бўлмаганда деҳқон-фермерларни ўйлаб 20 июндан 10 августгача бўлган муддатда уларга бошқа ойларга нисбатан камроқ энергия бериши ойлашса бўлмасмиди?
Ёки ўзбекистонлик тадбиркор чироқ ўчавериши туфайли хонавайрон бўлаверсин, деҳқон ва фермерларнинг ҳосили сувсизликдан нобуд бўлиб, ўзлари хонавайрон бўлиб кетаверсин, аҳоли чироқсиз ўтириб қийналаверсин-у, Афғонистонга экспорт қилинаётган энергия туфайли бошқаларнинг хонавайрон бўлиб куйиши ортидан бўлса ҳам жарақ-жарақ доллар тушаверсинми? Бунақада шўринг қурғур деҳқон ва фермерларнинг куни қачон кун бўлади?
Отам деҳқон, бобом деҳқон ўтган. Ўзим ҳам далага бегона эмасман. Эсимни таниганим Ургут туманида насослар ёрдамида суғолиладиган ерларни, узумзор боғларни суғориш азоб бўлиб келяпти. Фермердан ижарага олган узумзор боғини суғориш учун уйдан чиқаётган деҳқон уйдагилар билан худди армияга кетаётгандай хайрлашиб чиқади. Сабаби, унча катта бўлмаган боғини суғориш учун ҳафталаб уйга келмай далада юриши керак. Бунинг устига, сув учун вақт кам қолгани туфайли «олдин мен суғораман, кейин сен суғорасан» деб жанжаллар чиқиши деҳқонларнинг тинкасини қуритиб бўлди. Ҳали насос куяди, уни тузатиб келса чироқ ўчади ёки яна нимадир бўлади.
Қисқача айтганда, Ургутдаги ва бошқа туманлардаги боғларни ёзда суғориш минг азоб, минг машаққат билан бўлиб келган ва ҳануз шундай бўлиб қоляпти. Охирги уч йилда кўп нарса ўзгарди, аммо Ургутдаги узумзор боғларни суғориш машаққати ўзгармади. Агар боғларга сув керак бўладиган айни саратонда мана шунақа қилиб чироқни узиб қўяверишса, нафақат Ургутда, балки Самарқанд вилоятида, мамлакатимизда насослар билан суғориладиган ерларни, боғларни суғориш машаққати ҳаливери ўзгармайди. Самарқанд Тошкент бозорларига энг кўп майиз еткази берадиган вилоятлигини инобатга олсак, бу ҳолат бутун республика, жумладан, пойтахт аҳолисининг чўнтагига ва ҳамёнига таъсир ўтказади.
Юқорида ёздим, мен саволларимга «Миллий электр тармоқлари» мутасаддиларидан етарлича жавоб ололмадим. Охирги олган жавобим «Саволинг бўлса Энергетика вазирлигига чиқ» деган гап бўлди.
Аммо Энергетика вазирлигига чиқмайман. Агар инсофи, виждони бўлса, ўзлари чиқсин халқ олдига. Қилмишларига изоҳ берсин ва ўз боғларини, экинзор ерларини насослар ёрдамида суғорадиган деҳқон ва фермерларга, тадбиркорларга йўқ изоҳ бермасин, вақтида энергия етказиб берсин. Акс ҳолда кўпни қарғиши ёмон бўлади.
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.
Изоҳ (0)